Isaiah 13
Худо Бобилни жазолайди
1Омиз ўғли Ишаёга ваҳийда Бобил тўғрисида аён бўлган башорат. 2Яланг тепалик узра байроқ кўтаринг,Бобилга қарши жангчиларни сафарбар қилинг.
Ҳаммасини жангга даъват этинг,
Улар аслзодалар дарвозаларини ишғол қилсин.
3Эгам айтар: “Мен Ўзим танлаганларга амр бериб,
Қаҳримни кўрсатсин деб, жангчиларимни йиғдим,
Ғалабамдан севинадиганларни тўпладим.”
4Қирлардаги оломоннинг товуши
Ўхшайди буюк халқнинг овозига.
Ана, шоҳликларнинг шовқин–сурони!
Элатлар йиғилмоқда.
Жанг қилмоққа лашкарини
Сарвари Олам тайёрламоқда.
5Келаётир улар узоқ ерлардан,
Ҳа, осмон гумбазининг бир бурчидан.
Эгам ва Унинг ғазаб қуроллари
Вайрон қилади бутун ер юзини.
6Фарёд қил, Эгамизнинг куни ▼
▼ Эгамизнинг куни — Эски Аҳддаги пайғамбарлар битикларида бир неча марта учрайдиган ибора. Кўпинча бу ибора Худо берадиган жазога ишора қилади. Бу ибора яна қиёмат кунидаги Худонинг ҳукмига нисбатан ҳам ишлатилади. Ўша куни Худо Ўз душманлари устидан ғалаба қозонади ва уларни жазолайди, Ўзига содиқ қолганларга эса ором бағишлайди, уларга тинчлик ва қут–баракалар ато қилади.
яқин!Ҳа, Қодир Худо кулфат юборади!
7Ҳамма қўллардан дармон кетади,
Ҳар бир инсон ваҳимага тушади.
8Улар даҳшатга тушарлар,
Дарду изтироб уларни чулғар,
Тўлғоқ тутган аёлдай букчайиб қолар.
Бир–бирига қўрқув ичра қарар,
Уларнинг юзлари ловуллаб ёнар.
9Мана, келаётир Эгамизнинг куни!
Аланга олаётир ғазабу қаҳр, даҳшат.
Вайронага айлантирар ер юзини,
Ер юзидан қириб ташлар гуноҳкорларни.
10Ҳа, самодаги юлдузлар, буржлар
Таратмайди ўз ёруғлигини.
Қуёш чиқса ҳам, зулмат бўлади,
Ой ўз нурини сочмайди.
11Эгам айтар:
“Олам билан ҳисоб–китоб қиламан қабиҳлиги учун,
Фосиқлар билан уларнинг гуноҳи учун,
Манманларнинг киборлигига чек қўяман,
Такаббурларни димоғдорлиги учун ерга ураман.
12Инсонни камёб қиларман соф олтиндан ҳам,
Одамни Офир олтинидан ҳам.
13Ғазабим алангаланган кун
Самони титратиб юборарман.
Мен, Сарвари Оламнинг ғазабидан
Замин қўзғалади ўз ўрнидан.
14Шунда инсон овдаги жайрондай бўлар,
Чўпонсиз қолган сурувдай бўлар,
Ҳар бири ўз халқига қайтиб кетади,
Ҳар бири ўз юртига қочиб боради.
15Топилганларнинг ҳар бири найзага илинади,
Қўлга тушган ҳар ким қиличдан ўтказилади.
16Ўзларининг кўз ўнгида
Чақалоқлари тилка–пора бўлади.
Уйлари талон–тарож бўлади,
Хотинларига тажовуз қилинади.
17Мана, Мидияликларни ▼
▼ Мидияликлар — Мидия ҳозирги Эроннинг шимоли–ғарбида жойлашган қудратли шоҳлик эди. Кейинчалик Мидия Форс шоҳлигининг энг муҳим вилоятларидан бири бўлиб қолди.
уларга қарши қўяман,Мидияликларга кумушнинг ҳеч кераги йўқ,
Улар олтинни ҳам истамаслар.
18Уларнинг ўқлари ёшларни қиради,
Шафқат кўрсатмайди улар болаларга,
Раҳм қилмайди она қорнидагиларга.
19Бобил шаҳри шоҳликларнинг гўзали,
Бобилдир — Бобилликларнинг ▼
▼ Бобилликлар — ибронийча матнда Халдейлар, ўша вақтда Бобилликлар шу ном билан ҳам аталарди.
улуғвор дурдонаси.Аммо Мен, Худо, ер билан яксон қиламан
Худди Садўм, Ғамўра ▼
▼ Садўм, Ғамўра — 1:9 изоҳига қаранг.
каби уни.20Энди у ерда ҳеч ким яшамас,
То абад ҳеч ким уни маскан қилмас.
У ерда ҳатто чодир қурилмас,
Чўпонлар сурувларини ўтлатмас.
21Аммо ёввойи ҳайвонлар бу ерда ётар,
Уйлар йиртқичлар билан тўлар,
У ерда бойқушлар жойлашар,
Эчкилар у ерда шаталоқ отар.
22Увиллашар сиртлонлар қалъаларда,
Чиябўрилар гўзал саройларда.
Ўша вақт яқин орада келади,
Ўша кун келмасдан қолмайди.”
Copyright information for
UznUzbC