Isaiah 26
Худо Ўз халқига ғалаба ато қилади
1Ўша куни Яҳудо юртида ушбу қўшиқ куйланар:“Мана, шаҳримиз қудратлидир!Эгамиз бизнинг қалъамиздир,
Унинг Ўзи бизга нажот беради.
2Очинг шаҳар дарвозаларини!
Садоқатли солиҳ халқ ичкари кирсин!
3Эй Эгамиз, Сенга ишониб,
Фикри–зикри Сендан узилмайдиганга
Ўзинг комил тинчлик ато қиласан.
4Эгамизга то абад ишон,
Унинг Ўзи ▼
▼ Унинг Ўзи — ибронийча матнда Йаҳ Йаҳвеҳ. Ибронийчада Йаҳвеҳ Худонинг исмидир, Йаҳ — Йаҳвеҳнинг қисқа шакли.
абадий Қоямиздир.5Юксалганларни У йиқитди,
Такаббур шаҳарни вайрон қилиб,
Ер билан битта қилди.
6Ўша шаҳарни мазлумлар оёқ ости қилди,
У бечораларнинг қадамлари остида эзилди.”
7Солиҳнинг йўли текисдир,
Тўғри йўлни Сен унга тайёрлайсан.
8Эй Эгамиз, йўл–йўриқларинг ила
Сенга умид қиламиз.
Сенинг номингни шарафлаш
Кўнглимиз истагидир.
9Тун бўйи юрагим Сени қўмсайди,
Ҳа, мен Сенга интиламан.
Ер юзида Сенинг ҳукминг бўлганда,
Олам аҳли адолатни билади.
10Фосиқлар марҳамат кўрганда
Улар асло солиҳликни ўрганмас.
Ҳаққонийлик ўрнига улар эгрилик қилаверади,
Сенинг улуғворлигингни улар кўрмайди.
11Эй Эгамиз, қўлинг кўтарилган,
Жазолашга тайёр,
Аммо улар буни кўрмайди.
Халқингни деб жон куйдирганингни кўриб,
Улар шарманда бўлсин.
Ғанимларингга аталган олов уларни ютсин.
12Эй Эгамиз, бизга Сен тинчлик ато этасан,
Қилган ишларимизнинг барчасига
Етишганмиз Сенинг қудратинг ила.
13Эй Эгамиз Худо, Сендан бошқалар
Устимиздан ҳукмронлик қилдилар,
Аммо биз ёлғиз Сенинг номингни тилга оламиз.
14Ўликлар яшамас,
Улар асло қайтиб келмас.
Уларни Сен жазолаб, қириб ташладинг,
Уларни тамомила хотирадан ўчирдинг.
15Эй Эгамиз, халқимизни Сен кўпайтирдинг,
Халқни кўпайтириб, Ўзинг юксалдинг,
Юртнинг барча чегараларини кенгайтирдинг.
16Эй Эгамиз, кулфатда қолганларида
Улар Сенга юз бурдилар,
Сенинг танқидларинг остида эгилдилар.
17Тўлғоқ тутаётган аёл оғриқдан қичқиргандай,
Тўлғониб, дод–фарёд қилгандай,
Биз ҳам Сенинг олдингда шундай бўлдик, эй Эгамиз!
18Ҳомиладор бўлиб, дард чекдик,
Аммо шамолдан бошқа ҳеч нарса кўрмадик.
На ер юзида биз ғолиб бўлдик,
На авлодлар дунёга келтирдик.
19Аммо Сенинг ўлик халқинг тирилади,
Таналари ўрнидан туради.
Эй тупроқ остида ётганлар, қўзғалинг,
Шодликдан ҳайқиринг!
Эй Эгамиз, шабнаминг тонгги шабнамга ўхшайди,
Замин мурдаларига ҳаёт бағишлайди.
Ҳукм ва қайта тикланиш
20Келинг, эй халқим, бир оз яшириниб туринг!Эгамизнинг ғазаби босилгунча,
Киринг ичкарига,
Ортингиздан эшикларни ёпиб қўйинг!
21Ана, Эгамиз келаётир масканидан
Замин аҳлини гуноҳлари учун жазолагани.
Ер тўкилган қонларни фош этади,
Қотилликнинг қурбонларини энди яширмайди.
Copyright information for
UznUzbC