‏ Isaiah 30

Мисрдан ёрдам кутиш бефойда

1Эгам айтар: “Эҳ, итоатсиз халқим!
Уларнинг ҳолига вой!
Менсиз маслаҳатлар қилишади.
Сулҳлар тузади, лекин Менинг Руҳим йўқ–ку уларда!
Ҳа, халқим гуноҳ устига гуноҳ орттираверади.
2Ахир, Мендан сўрамасдан Мисрга боряптилар,
Фиръавндан паноҳ сўраяптилар,
Мисрдан бошпана истаяптилар.
3Аммо фиръавннинг ҳимояси уларга шармандалик бўлади,
Мисрнинг бошпанаси уларни уятга қолдиради.
4Мана, халқимнинг аъёнлари Зўванга етиб келдилар,
Элчилар Ханесга
…Зўван…Ханес… — Зўван Мисрнинг шимоли–шарқида, Ханес Мисрнинг жанубида жойлашган шаҳарлар эди.
кириб келдилар.
5Лекин уларнинг ҳаммаси шарманда бўлади,
Ахир, Миср уларнинг халқига ёрдам бермайди.
Ҳеч қандай мадад, фойда йўқ,
Улар шарманда бўлиб, таъна тагида қолади.”

6Нагав чўлидаги ҳайвонлар ҳақида башорат:

Элчилари эшагу туяларга хазиналарини ортиб,
Мисрга олиб кетмоқда.
Ваҳимали саҳро бўйлаб секин
Миср томон бормоқда.
Улар бормоқда шерлару заҳарли илонлар
Яшайдиган саҳро бўйлаб.
Аммо Миср уларга ёрдам бермайди.
7Миср берган мадад бекор, фойдасиз,
Шу боис Мен Мисрни
“Жим ўтирган Раҳоб
Раҳоб — Левитаннинг яна бир исми, Канъон халқларининг қадимий афсоналарида учрайдиган махлуқ (27:1 изоҳига қаранг). Бу ўринда Раҳоб Мисрнинг шеърий номи сифатида келган.
” деб атайман.

Исроил итоат этишдан бош тортади

8Эгамиз айтар: “Энди бор, сўзларимни бир лавҳага ёзиб,
Бу халқ учун китоб қилиб бер.
Бу келгуси вақтлар учун бўлсин,
Ёзилганлар то абад бўлсин.”
9Улар исёнкор халқ, ёлғончи болалар!
Эгасининг йўл–йўриқларига
Қулоқ солишни рад этган болалар улар.
10Улар валийларга айтар:
“Энди ваҳий кўрманглар.”
Улар пайғамбарларга айтар:
“Бизларга ҳақиқий башоратларни айтманглар.
Бизга ширин сўзлару сохта ваҳийлар айтинг.
11Бу йўлдан юрманг энди! Қайтинг бу йўлдан.
Исроил халқининг Муқаддас Худоси ҳақида энди
Эшитмайлик ҳеч бир нарса!”

12Шу боис Исроил халқининг Муқаддас Худоси айтар:
“Сизлар Менинг сўзларимни рад қилдингиз,
Зулмга, ёлғонга умид боғладингиз,
Уларга ишондингиз.
13Шу боис сизлар учун бу гуноҳингиз
Ёрилган, шишиб кетган девор каби бўлади.
Бирдан, бир лаҳзада қулаб тушади.
14Сопол идиш каби, у парча–парча бўлиб кетади.
Шунчалик эзилиб кетадики,
Ўчоқдан чўғ ёки ҳовуздан сув олгани
Бирон парчасини ҳам топиб бўлмайди.”

15Эгамиз Раббий, Исроил халқининг Муқаддас Худоси шундай демоқда:
“Менга қайтсангиз нажот топасиз,
Ҳаловатли бўлсангиз қутқариласиз.
Сокинлигу ишончингиз сизнинг кучингиз бўлади.
Аммо сизлар буни хоҳламадингиз.
16Айтдингизки: «Йўқ, отларга миниб учиб кетамиз»,
Мана энди отларга миниб учиб кетасиз!
Айтдингизки: «Учқур отларга миниб кетамиз»,
Энди эса сизни таъқиб қиладиганлар учқур бўлади!
17Қаранглар, халқингиздан беш–олтитаси қолмагунча
Бир кишининг таҳдиди мингтангизни қочиради.
Беш кишининг таҳдиди ҳаммангизни қочиради.
Аммо қолганлар тепаликдаги байроқ дастасидай бўлади.
Улар тоғ чўққисидаги байроқ каби ишора бўлади.”

18Шунинг учун Эгам кутмоқда,
Сизларга шафқат кўрсатай деб.
Мана У қўзғалмоқда,
Ўз меҳрини кўрсатай деб.
Ахир, Эгам адолатли Худодир.
Унга умид боғлаганлар бахтиёрдир.

19Эй Қуддусда макон қилган Сион халқи! Сизлар энди йиғламайсизлар. Фарёдингизни эшитиб, Эгам албатта марҳамат кўрсатади. Овозингизни эшитиб, жавоб беради. 20Раббий сизларга кулфатни нон қилиб, қайғуни сув қилиб берса ҳам, энди Ўша Устозингиз Ўзини яширмайди. Сизлар ўз кўзларингиз билан Уни кўрасизлар. 21Сизлар ўнгга ёки чапга бурилганингизда, шундай овозни эшитасизлар: “Мана йўл, шу йўлдан юринглар.” 22Кейин ҳамма кумуш бутлар, олтин тасвирларингизни йўқ қилиб ташлайсиз. Сиз ўша нарсаларни ифлос латта–путтадай улоқтириб ташлайсиз. “Эй даф бўл кўзимдан!” дейсиз ўша нарсаларга.

23Эгам ерга эккан уруғингизга ёмғир беради. Ердан келадиган озиқ–овқат мўл, баракали бўлади. Ўша куни чорвангиз кенг яйловларда ўтлайди. 24Тупроққа ишлов берган ҳўкиз, эшаклар энг яхши емни ейдилар. 25Ўша куни, душманларингиз ўлдирилган, миноралар қулаган куни ҳар бир тоғдан, ҳар бир тепаликдан ирмоқ оқиб тушади. 26Ой қуёшга ўхшаб нур сочади. Қуёш эса етти баробар кўпроқ нур беради, етти кунлик ёруғлигини сочади. Эгам Ўз халқининг яраларини боғлаб, Ўзи келтирган жароҳатларга шифо берган кун шундай бўлади.

Эгамиз Оссурияни жазолайди

27Ана, Эгамизнинг Ўзи узоқдан келмоқда,
Қалин булут ичида
…Қалин булут ичида… — ёки …Қаттиқ ҳукм билан….
, ғазабга миниб келмоқда.
Лаблари ғазабга тўла,
Тили — ямламай ютадиган оловдай.
28Унинг нафаси бўйингача келадиган
Тошқин дарёга ўхшар,
У халқларни ҳалокат элагида элайди.
У элатларнинг оғзига сувлуқ солади–да,
Уларни йўлдан адаштиради.

29Сизлар эса муқаддас байрам
муқаддас байрам — Фисиҳ зиёфати назарда тутилган бўлиши мумкин. Бу зиёфат Исроил халқининг Мисрдаги қулликдан озод бўлганини нишонлаш учун ўтказиларди (Чиқиш 12:1-42 га қаранг).
оқшомидагидай қўшиқлар куйлайсиз. Эгамизнинг тоғига
Эгамизнинг тоғи — Қуддусдаги Сион тоғига ишора. 4:5 нинг иккинчи изоҳига қаранг.
, Исроил халқининг Қоясига най садолари остида бораётганлардай юракларингиз шодликка тўлади.
30Эгамиз Ўз улуғвор овозини эшиттиради. Ҳа, қўлининг зарбаси оғирдир. Унинг кучли ғазаби, ямламай ютай деган оловга ўхшайди. Ҳа, Унинг ғазаби бўрону довул, момақалдироқ кабидир. 31Эгамиз ҳассаси билан Оссурияни уради. Ўз овози билан уни даҳшатга туширади. 32Эгамиз қайта–қайта Оссурияни доира ва арфа садолари остида ҳассаси билан жазолайди. Эгамиз Ўз қўлининг зарби билан жанг қилиб, улар билан уришади. 33Тофат
Тофат — Қуддусга яқин бўлган қабристон (Еремиё 7:32, 19:6, 11 га қаранг). Бир вақтлар у ерда бутпарастларнинг саждагоҳи бўлган. Ўша саждагоҳда одамлар ўз болаларини Оммон халқининг худоси Мўлахга қурбонлик қилиб, оловда куйдиришган (4 Шоҳлар 23:10, Еремиё 7:30-31 га қаранг).
аллақачон тайёрланган. Ҳа, у ҳатто Оссурия шоҳи учун ҳам тайёр турибди. Бу кенг чуқурда алангаю ўтин мўл–кўл. У ерда Эгамизнинг нафаси вулқондан чиққан олов каби ёндиради.
Copyright information for UznUzbC