Isaiah 31
Мисрнинг кучига ишонма
1Мисрдан ёрдам сўраб борганларнинг ҳолига вой!Улар чопқир отларига ишонадилар,
Жанг араваларининг кўплигию
Кучли отлиқларга умид боғлайдилар.
Исроил халқининг Муқаддас Худосига эса
Назар ҳам ташламайдилар,
Эгамизга юз бурмайдилар.
2Доно Эгамизнинг гапига улар кирмайдилар.
Эгамиз фосиқларнинг хонадонига қарши қўзғалади,
Бадкирдорларга ёрдам берганларга қарши туради.
Уларнинг бошига кулфат келтиради,
Айтган сўзларини У қайтиб олмайди.
3Мисрликлар Худо эмас, инсонлардир,
Уларнинг отлари руҳ эмас, танадир.
Эгамиз уларга қарши қўл кўтарганда,
Мададкор қоқилади,
Мададга зор йиқилади.
Иккови биргаликда ҳалок бўлади.
4Ҳа, Эгам менга айтмоқда:
“Кучли шер қўйни бўғизлаганда,
Чўпонлар шовқин–суронига эътибор бермас,
Уларга ҳатто назар ҳам ташламас.
Шу сингари, Мен, Сарвари Олам,
Сион тоғида — ўша тепаликда
Жанг қилишга келаман.
5Ўз ини устида учаётган қуш каби,
Мен, Сарвари Олам, Қуддусни қўриқлайман.
Мен Қуддусни қўриқлаб, озод қиламан,
Ҳимоя қилиб, нажот бераман.”
6Эй Исроил халқи! Гарчи сизлар шу қадар фосиқ исёнчи бўлсангиз ҳам, энди Эгамизга қайтинг! 7Ҳа, ўша куни ҳар бирингиз олтин бутлар ва кумуш тасвирларни рад этасиз. Уларни гуноҳкор қўлларингиз билан ясаган эдингиз. 8Оссурия вайрон бўлади, аммо инсоннинг қиличидан эмас.
Худонинг қиличи Оссурияликларни уради.
Оссурияликлар ваҳимага тушиб қочадилар.
Кучли, ёш йигитларини қул қилиб олиб кетадилар.
9Оссуриянинг суянган қояси ▼
▼ Оссуриянинг суянган қояси — Оссурия шоҳи назарда тутилган бўлиши мумкин.
ваҳима ичида қочади,Лашкарбошилари жанговар байроқдан қўрқиб, қочиб кетади.
Ҳа, Эгамизнинг алангаси Қуддусда,
Унинг ўчоғи Сиондадир.
Эгамизнинг каломи шудир.
Copyright information for
UznUzbC