Isaiah 39
Бобилдан келган элчилар
1Ўша пайтларда Бобил шоҳи Баладон ўғли Мардухбаладон ▼▼ Мардухбаладон — милоддан олдинги 722-710 ва 704-703 йилларда Бобилда ҳукмронлик қилган.
шоҳ Ҳизқиёга мактублару ҳадялар жўнатди. У Ҳизқиёнинг хасталаниб, кейин соғайганини эшитганди. 2Ҳизқиё элчиларни кўриб хурсанд бўлди. Хазинасидаги бор нарса — омборлардаги ҳамма қимматбаҳо ашёларини, олтинни, кумушни, хушбўй зираворларни ва мойларни, бутун қурол–яроғ омборини уларга кўрсатди. Ҳизқиёнинг саройидаю ўз шоҳлигида уларга кўрсатмаган ҳеч нарсаси қолмади. 3Ишаё пайғамбар шоҳ Ҳизқиёнинг ҳузурига келиб: — Бу одамлар қаердан келибди? Сенга нималар деди? — деб сўради. — Узоқ бир юртдан, Бобилдан келибдилар, — деб жавоб берди Ҳизқиё. 4— Улар саройингда нималарни кўрди? — деб сўради Ишаё. — Саройимдаги ҳамма нарсани кўрдилар, — дея жавоб берди Ҳизқиё. — Хазиналаримда мен уларга кўрсатмаган ҳеч нарса қолмади. 5Шунда Ишаё айтди: — Энди Сарвари Оламнинг сўзига қулоқ сол. 6Эгамиз айтмоқдаки: “Бир кун келиб, саройингдаги ҳамма нарса, ота–боболарингнинг бугунгача тўплаб қолдирганлари Бобилга ташиб кетилади. Ҳеч нарса қолмайди. 7Сенинг пушти камарингдан бино бўлган ўғилларингдан баъзилари ҳам олиб кетилади. Улар Бобил шоҳининг саройида бичилган қуллар бўлиб хизмат қилади.” 8Ҳизқиё Ишаёга: — Эгамиз сен орқали айтган сўзлар хосиятлидир, — деди–да, ичида: “Умрим охиригача тинч, хотиржам яшар эканман–ку”, деб ўйлади.
Copyright information for
UznUzbC