‏ Isaiah 44

Худо Исроил халқини марҳаматлайди

1Эгам айтар: “Энди эшит, эй қулим Исроил!
Эй Ёқуб насли! Мен сени танлаганман.
2Мен, Эганг, сени яратганман, онанг қорнида сенга шакл берганман.
Сенинг мададкоринг, Мен, шундай айтмоқдаман:
«Қўрқма, эй азиз Исроил!
азиз Исроил — ибронийча матнда Ёшурун, Исроилни эркалаб айтилган ном.

Эй Ёқуб насли, Мен сени танлаганман.
3Чанқоқ ерга Мен сув бераман,
Қақраган тупроқда ирмоқлар оқизаман.
Наслингга Руҳимни бераман,
Зурриётинг устига Ўз баракамни ёғдираман.
4Улар оқар сув бўйидаги тол дарахти каби,
Майсалар орасидан ўсиб чиқади.
5Бири: ‘Мен Эгамникиман’, деб айтади,
Бошқаси Исроил халқига
Исроил халқи — ибронийча матнда Ёқуб, Исроил халқини шу ном билан ҳам аташарди.
қўшилай деб келади.
Яна бири қўлига ‘Эгамники’ деб ёзади–да,
Исроил халқининг бириман, деб айтади.»”

Бутпарастлар аҳмоқдир

6Исроил халқининг Шоҳи, уларнинг қутқарувчиси,
Сарвари Олам — Эгамиз шундай айтмоқда:
“Биринчию охирги Мен Ўзимман,
Мендан бошқа Худо йўқ!
7Ким Менга ўхшайди? Қани, гапирсин–чи!
Қадимий халқни яратганимдан бери
Нима бўлганларини бошдан айтиб берсин!
Келажакда нима бўлишини билдирсин.
8Ваҳимага тушманг, қўрқманг!
Мен сизларга нима бўлишини
Олдиндан эълон қилдим–ку!
Сизлар Менинг гувоҳларимсиз!
Мендан бошқа Худо борми?!
Йўқ, бошқа Қоя йўқ.
Мен бошқа ҳеч бирини билмайман!

9Бут ясайдиганларнинг ҳаммаси ҳеч нарсадайдир. Хуш кўрган бутлари ҳеч фойда келтирмайди. Ўша бутларнинг гувоҳлари кўр, жоҳилдир. Шунинг учун улар шарманда бўлиб қолади! 10Ахир, ким фойдасиз худоларнинг тасвирларини ясайди?! 11Ҳали ўша бутпараст дўстларнинг ҳаммаси шарманда бўлади. Бут тайёрловчиларга қаранг. Улар ҳам оддий одамлар–ку! Қани, ҳаммаси тўплансин! Улар қўрқувга тушиб, биргаликда шармандаю шармисор бўлади.

12Бут ясайдиган темирчи асбобини олади. Буюмни кўмир чўғи устида қиздиради. Болғаси билан уни ясайди. Қўлининг кучи билан ишлайди. Қорни очиб, ҳолдан тояди. Ташналикдан силласи қурийди. 13Дурадгор ип билан ёғочни ўлчайди. Хоҳлаган шаклини чизиб олиб, ранда билан ишлов беради. Уни инсон шаклида ясайди. Унга инсон чиройини беради–да, саждагоҳга ўрнатади. 14Ўрмонда сарв, эман дарахтларини танлайди. У ўзи учун садр дарахтларидан кесиб олади. Ёки қарағай дарахтини ўтқазади. Ёмғир эса ўша дарахтни ўстиради. 15Кейин булар одамга ўтин бўлади. Одам ёғочнинг баъзиларини олиб исинади. Баъзиларини эса ёқиб, нон ёпади. Яна ўзига худо ҳам ясаб, унга сажда қилади. Бут ясаб, унга мук тушиб, таъзим қилади! 16У ўтинларнинг ярмини ёқади. Оловда гўшт пишириб, қорнини тўйдиради. Исиниб бўлгач: «Оҳ, оҳ, исиниб олдим, оловнинг тафтидан жоним ором оляпти», дейди. 17Ёғочнинг қолганидан эса худосини, ўзининг бутини ясайди. «Мени ўзинг қутқар, ахир, сен менинг худойимсан!» деб бутга ибодат қилади, мук тушиб сажда этади.

18Улар ҳеч нарсани билмайдилар, тушунмайдилар. Кўзларию юракларида тўсиқ бор, улар кўрмайди, тушунмайди. 19Бирортаси ҳам ўйлаб кўрмайди. «Ўтиннинг бир қисмини ёқдим. Оловида нон ёпдим, гўшт пишириб едим. Энди қолганидан жирканч нарса ясайманми?! Ёғоч ғўласига таъзим қиламанми?!» деб айтишга ақл–идрок йўқ. 20Эҳ, кул ейдиганлар! Алданган қалби уни адаштиради. У ўз жонини қутқара олмайди. «Қўлимдаги шу нарса сохта–ку!» деб ўзига айтмайди.

21Эй Ёқуб насли! Эй Исроил халқи!
Буларни ёдда тут!
Сизлар Менинг қулимсиз.
Мен сизларни яратдим,
Ҳа, сизлар Менинг қулимсиз!
Эй Исроил, Мен сизларни унутмайман!
22Гуноҳларингизни булутдай ҳайдадим,
Айбларингизни тумандай тарқатдим,
Сизларни қутқарганман,
Менга қайтинг.”

Қуддус қайта тикланади

23Эй самолар, шодликдан ҳайқиринг!
Мана, Эгамиз ажойиб бир иш қилди!
Ҳайқиринг, эй заминнинг тубсиз жойлари!
Шодликдан ҳайқиринг, эй тоғлар,
Эй ўрмон, ўрмондаги ҳар бир дарахт!
Ҳа, Эгамиз Ёқуб наслини қутқариб, Ўзига олди.
У Исроил халқи орасида улуғланмоқда.

24Қутқарувчингиз, онангиз қорнида сизга шакл берган
Эгамиз шундай айтмоқда:
“Ҳаммасини яратган Мен Эгангизман,
Ёлғиз Ўзим самоларни ёйганман!
…самоларни ёйганман — 40:22 ва Забур 103:2 га қаранг.

Бир Ўзим заминни яратганман!
25Фолбинларнинг аломатларини беҳудага чиқараман,
Башоратгўйларни лақиллатаман,
Донишмандларга зарба бериб,
Билган нарсаларини нодонликка чиқараман.
26Ўз қулимнинг башоратини ижро этаман,
Элчиларимнинг айтганларини қиламан.
Мен Қуддус ҳақида:
«Бу ерда яна инсон яшайди», деб айтмоқдаман.
Яҳудо шаҳарлари ҳақида:
«Улар қайтадан қурилади,
Вайроналарини тиклайман», деб айтмоқдаман.
27Чуқур сувларга шундай дейман:
«Қуриб бит! Дарёларингни қуритаман.»
28Шоҳ Куруш
Куруш — 41:2 га ва ўша оятнинг изоҳига қаранг.
ҳақида шундай дейман:
«У Менинг чўпоним.
Менинг барча хоҳишимни у бажаради.»
Куруш шундай дейди:
«Қуддус қайта қурилсин,
Маъбад яна тиклансин.»”
Copyright information for UznUzbC