‏ Isaiah 51

Худо Ўз халқига тасалли беради

1Эгам айтар: “Эй нажотга умид боғлаганлар,
Мен, Эгангизга интилаётганлар,
Менга қулоқ солинг!
Қаердан келиб чиққанингизга эътибор беринг:
Қоянгизга қаранг, сиз ундан кесиб олингансиз,
Конингизга қаранг, сиз ундан қазиб олингансиз.
2Ҳа, отангиз Иброҳимга боқинг,
Сизни туққан Сорага қаранг.
Иброҳимни чақирганимда, у ёлғиз эди,
Мен унга барака бериб, кўпайтирдим.

3Мана, Мен, Эгангиз, Қуддусга
Қуддус — ибронийча матнда Сион (шу бобнинг 11, 16–оятларида ҳам бор). 1:8 изоҳига қаранг.
тасалли бераман,
Унинг барча вайроналарига тасалли бераман.
Унинг саҳросини Адан боғига айлантираман,
Унинг чўлини Менинг боғимдай қиламан.
У ерда шодлик, севинч бўлади,
Шукроналик ва қўшиқ садолари янграйди.

4Эй халқим! Менга қулоқ солинг!
Қулоқ тутинг Менга, эй элатим!
Мана, таълимот Мендан чиқиб боради,
Адолатим халқларга нур бўлади.
5Мен берадиган нажот ўз йўлига чиқди,
Мен ғалаба қозонадиган вақт яқинлашди.
Халқлар орасида қўлим ила адолат ўрнатаман,
Денгиз ортидаги юртлар Менга умид боғлайди,
Билагимнинг кучидан улар умид қилади.
6Кўзларингизни самоларга қаратинг,
Пастга, ер юзига назар солинг.
Самолар тутун каби йўқолади,
Замин кийим каби тўзиб битади.
Замин аҳли чивиндай ўлиб кетади,
Мен берадиган нажот эса то абад бўлади,
Менинг ғалабам бекор қилинмайди.

7Эй таълимотимни қалбига жо қилганлар,
Сизлар нима тўғри эканлигини биласизлар.
Менга қулоқ солинг!
Инсон ҳақоратларидан қўрқманглар,
Уларнинг таҳқирларидан хафа бўлманглар.
8Куя кийимни, қурт жунни еб битиргандай,
Улар ҳам йўқ бўлиб кетади.
Менинг ғалабам эса абадий бўлади,
Нажотим насллар бўйи давом этади.”

9Уйғон, уйғон, эй Эгам!
Куч–қудратингга буркангин!
Уйғон қадимги пайтлардагидай,
Азалий насллар давридагидай.
Махлуқ Раҳобни
Раҳоб — Левитаннинг яна бир исми, Канъон халқларининг қадимий афсоналарида учрайдиган махлуқ (30:7 оятга ва 27:1 изоҳига қаранг). Бу ўринда Раҳоб Мисрнинг шеърий номи сифатида келган.
парчалаган Сен эмасмидинг?!
Аждарга тиғ санчган Сен эмасмидинг?!
10Сен эмасмидинг денгизни қуритган,
Ғоят тубсизликдаги сувларни қуритган?!
Ўзингга тегишли бўлганлар ўтсин деб,
Денгиз тубини йўл қилган Сен эмасмидинг?!
11Эгамиз қутқарганлар қайтиб келади,
Қўшиқ айтиб Қуддусга келади.
Абадий шодлик уларнинг бошида тож бўлади.
Улар шодлик, севинчга етишади,
Қайғу, надомат улардан узоққа қочади.

12Эгам айтар: “Мен Ўзим сизларни юпатаман!
Кимдан қўрқасиз? Ўладиган бандаданми?
Майсага ўхшаб сўлийдиган инсон зотиданми?!
13Самоларни ёйган
Самоларни ёйган… — 40:22 ва Забур 103:2 га қаранг.
, замин пойдеворини
замин пойдевори — 48:13 изоҳига қаранг.
ўрнатган,
Сизларни яратган Мен, Эгангизни унутиб қўйдингиз.
Сизни қирмоқчи бўлган золимнинг ғазабидан
Ҳар доим титраб–қақшаб турасиз.
Аммо қани энди золимнинг ғазаби?!
14Мазлумлар тез орада озод бўлади,
Улар ўлмайди, қабрга тушмайди,
Нонга зор бўлмайди.
15Мен Эгангиз Худоман.
Денгизни қўзғатадиган,
Тўлқинларни гувиллатадиган Менман.
Менинг номим Сарвари Оламдир!
16Оғзингизга сўзларимни солдим,
Сизларни қўлим соясида яширдим.
Самоларни ўрнатганман,
Замин пойдеворини қўйганман.
Қуддусга: «Сен Менинг халқимсан», деганман.”

Қуддуснинг азоблари тугайди

17Уйғон, уйғон эй Қуддус, оёққа тур!
Сен Эгангнинг қўлидаги ғазаб косасидан
ғазаб косаси — Худо ғазабининг рамзи бўлган шароб косаси. Мана шу шаробдан маст бўлиш Худонинг ҳукмига дучор бўлишни билдиради.
ичдинг!
Тагидаги қуйқумигача ичиб,
Гандираклаб қолдинг.
18Ўзинг туққан шунча ўғиллар орасидан
Сени етаклайдиган биронтаси ҳам йўқ.
Ўзинг ўстирган шунча ўғиллар орасидан
Қўлингдан тутадиган биронтаси йўқ.
19Бошингга қўш фалокат келди,
Ким сенга тасалли беради?!
Атрофингда талончилигу ҳалокат, очлигу қилич,
Ким сени юпата олади?!
Ким сени юпата олади?! — Қумрон қўлёзмаларидан, қадимий юнонча, сурёнийча ва лотинча таржималардан. Ибронийча матнда Қандай қилиб мен сени юпата оламан?!

20Ҳар бир кўча бошида
Ўғилларинг сулайиб ётибди.
Улар тўрга тушган кийиклар кабидир.
Эгангиз бор қаҳр–ғазабию Ўз танбеҳи билан
Уларни шу аҳволга солди.

21Шу боис энди бунга қулоқ солинг,
Эй азоб чекканлар!
Сизлар мастсиз, аммо шаробдан эмас!
22Ўз халқини ҳимоя қиладиган Худойингиз —
Эгангиз Раббий шундай айтмоқда:
“Мана, сенинг қўлингдан
Гандираклатадиган косани олдим.
Энди ғазабим косасидан бошқа ичмайсан.
23Уни сенга азоб берганларнинг қўлига бераман.
Улар сенга: «Ерга ёт, устингдан
Босиб ўтайлик», деган эди.
Елкаларинг уларга ер каби бўлди.
Сен ўзинг йўлдай бўлдинг,
Улар устингдан босиб ўтди.”
Copyright information for UznUzbC