Isaiah 55
Худонинг меҳр–шафқати
1Эгам айтар:“Эй ташна бўлганлар! Ҳаммангиз сувга келинглар!
Эй пулсизлар, келинг, сотиб олиб, енглар!
Келинг, шаробу сут сотиб олинг пулсиз, текинга!
2Нима учун пулингизни
Қорин тўйғизмайдиган нарсага сарф қиласиз?
Нима учун ишлаб топганингизни
Қониқтирмайдиган нарсаларга сарф қиласиз?
Эшитинг, Менга қулоқ солинг!
Шунда аъло таомларни ейсиз,
Ёғли таомлар еб, маза қиласиз.
3Қулоқ солинг, Менга келинг,
Тингланг, шунда яшайсиз.
Довудга ваъда берган содиқ севгим ҳақи
Сиз билан абадий аҳд тузаман.
4Мана Мен Довудни халқларга гувоҳ қилдим,
Уни халқларнинг ҳукмдори, раҳнамоси қилдим.
5Ўзингиз танимаган халқларни чақирасиз,
Сизни танимаган халқлар олдингизга келади.
Мени, Исроил халқининг Муқаддас Худоси —
Эгангиз Худони деб
Бу халқлар келади,
Зотан, Мен сизни улуғворликка буркаганман.”
6Эгангиз ёнингизда экан, Унга интилинг,
У яқинингизда экан, Уни чақиринг!
7Бадкирдор йўлидан қайтсин,
Гуноҳкор ниятидан қайтсин,
Улар Эгамизга қайтсин,
Эгамиз шафқат кўрсатади,
Улар Худойимизга қайтсин,
Унинг юраги кечиримга бой.
8Эгамиз шундай демоқда:
“Сизларнинг фикрингиз Меники эмас,
Менинг йўлларим сизларники эмас.
9Осмон ердан қанчалик баланд бўлса,
Менинг йўлларим ҳам, ўйларим ҳам,
Сизларнинг йўлларингиздан, ўйларингиздан
Шунчалик баланддир.
10Осмондан қор, ёмғир ёғади.
Улар осмонга қайтмай, ерни суғоради,
Токи ер ўсимлик ўстирсин,
Эккани дон, егани нон берсин.
11Менинг оғзимдан чиққан сўз шундай бўлади,
Менга бўм–бўш қайтиб келмайди.
Менинг хоҳиш–иродамни ўша сўз бажаради,
Қайси ниятда юборсам,
Ўшани бажо қилади.
12Ҳа, сиз хурсанд бўлиб борасиз,
Соғ–омон қайтиб келасиз.
Олдингизда тоғлар, тепаликлар
Севинч ила ҳайқиради,
Даладаги ҳамма дарахтлар қарсак чалади.
13Тиканзорлар ўрнига сарв дарахтлари ўсади,
Газанда ўт ўрнига мирта буталари ▼
▼ мирта буталари — доим яшил, хушбўй ўсимлик.
ўсади.Шундай қилиб, булар Мен, Эгангга шараф бўлади.
Туганмас, абадий нишона бўлиб қолади.”
Copyright information for
UznUzbC