‏ Isaiah 6

Худо Ишаёни пайғамбарликка чақиради

1Шоҳ Уззиё вафот этган йили
Шоҳ Уззиё вафот этган йили — Уззиё Яҳудода, яъни жанубий шоҳликда ҳукмронлик қилган бўлиб, тахминан милоддан олдинги 740 йили вафот этган.
мен юқорига юксалган Раббийнинг тахтда ўтирганини кўрдим. Унинг либоси этаклари Маъбадни тўлдирган эди.
2Унинг тепасида серафлар
серафлар — ибронийча матндан сўзма–сўз таржимаси оловли зотлар. Эҳтимол, бу илоҳий зотларнинг кўриниши олов сингари бўлган.
шай турарди, ҳар бирининг олтита қаноти бор эди. Улар икки қаноти ила юзларини тўсганди, икки қаноти ила оёқларини тўсганди, қолган икки қаноти билан учаётган эди.
3Улар бир–бирига ҳайқиришарди:

“Муқаддасдир, муқаддасдир,
Муқаддасдир Сарвари Олам!
Унинг улуғворлиги
Бутун оламни тўлдирган!”

4Уларнинг ҳайқирган овозлари Маъбадни пойдеворигача титратиб юборди, Маъбад тутун билан тўлиб борарди. 5Мен шундай дедим: “Шўрим қурсин! Ўлдим энди! Ўз кўзларим билан ўша Шоҳни, Сарвари Оламни кўрдим. Ахир, мен оғзи нопок бир одамман, оғзи нопок халқ орасида яшайман!”

6Серафлардан бири мен томон учди, қўлида кўмир чўғи бор эди. У ўша чўғни оташкурак билан қурбонгоҳ устидан олган эди. 7Кўмир чўғини оғзимга теккизиб, шундай деди: “Қара, бу чўғ лабларингга тегди, энди айбларинг ювилди, гуноҳларингдан фориғ бўлдинг.”

8Шунда мен Раббийнинг овозини эшитдим: “Кимни юбораман? Биз учун ким боради?” Мен айтдим: “Мен шу ердаман, мана, юборгин мени.” 9У шундай деди:

“Бор, мана шу халққа айт:
«Хўп, тинглайверинглар, барибир, тушунмайсиз,
Қарайверинглар, барибир, англаб етмайсиз.»
10Эй Ишаё, бу халққа гапир.
Сўзларинг уларнинг ақлини ўтмас қилади,
Гапларинг дастидан қулоқлари гаранг бўлади,
Уларнинг кўзлари юмилиб қолади.
Шунда кўрмай қолади кўзлари,
Эшитмай қолади қулоқлари,
Англамай қолади ақллари,
Улар Менга қайтмайдилар,
Улар шифо топмайдилар.”

11Сўрадим: “Эй Раббий, қачонгача?” У айтди:

“Шаҳарлар вайрон бўлиб,
Кимсасиз қолгунларича,
Хонадонларда бирон жон қолмай,
Юрт тамом вайрон бўлгунча.
12Охири, Мен, Эгангиз, ҳаммани узоққа жўнатаман,
Юртда эса кўплаб ташландиқ жойлар бўлади.
13Халқнинг ўндан бири қолса ҳам
Ёндириб юборилади.
Аммо қайрағоч, эман дарахтлари кесилганда
Тўнкалари қолгани каби,
Ундан ҳам тўнка қолади.
Унинг тўнкаси Муқаддас уруғдир.”
Copyright information for UznUzbC