Isaiah 62
Қуддуснинг янги номи
1Қуддус ҳақи, мен сукут сақламайман,Сион ҳақи, мен жим турмайман.
Унинг зафари тонг каби нур сочмагунча,
Унинг нажоти машъала каби ёнмагунча,
Мен асло жим турмайман.
2Эй Қуддус халқи, халқлар сизнинг ғалабангизни,
Ҳар бир шоҳ шуҳратингизни кўради.
Улар сизни янги ном билан атайди,
Бу номни Эгамизнинг Ўзи сизларга беради.
3Сизлар Эгамизнинг қўлида гўзаллик тиллақоши,
Худойингизнинг қўлида шоҳлик тожи бўласиз.
4Энди сизни “Тарк этилган” деб айтмаслар,
Сизнинг юртингизни “Ташландиқ” деб атамаслар.
Энди сизга “Ундан мамнунман” деган ном берилади,
Юртингизни эса “Оилали” деб айтишади.
Зотан, Эгангиз сиздан мамнун бўлади,
Юртингиз ҳам оилали бўлади.
5Йигит қиз билан турмуш қургандай,
Ўғилларингиз юртингизга боғланиб,
Унга эгалик қилади.
Куёв келин билан қандай шод бўлса,
Худойингиз сиз билан шундай севинади.
6Эй Қуддус, деворларингга соқчилар қўйдим,
Улар кечаю кундуз ибодатни бас қилмайди.
Эй Эгамизга ибодат қиладиганлар!
Сизлар ҳам ҳеч жим турманг.
7Қуддусни барқарор қилгунга қадар,
Уни ер юзининг фахри қилмагунга қадар,
Эгамизга ҳеч тинчлик берманглар.
8Эгамиз ўнг қўлини кўтариб,
Ўз қудрати билан онт ичди:
“Ҳеч қачон душманларингизга
Донингизни емиш қилиб бермайман.
Меҳнатингиз сингган шаробни
Бегоналар ичмайди.
9Ҳа, дон йиққанларнинг ўзи дон ейди–да,
Мен, Эгасига ҳамду сано айтади.
Узумни йиғиб–терганлар
Шаробни муқаддас ҳовлимда ичади.”
10Эй Қуддус аҳолиси, дарвозалардан чиқинг!
Қайтаётган халққа йўлни тайёрланг!
Тупроқ йиғиб йўл қилинг,
Тошларни териб ташланг,
Халқлар учун байроқ тикинг!
11Мана, Эгамиз ернинг тўрт четига эълон қилмоқда:
“Гўзал Қуддусга ▼
▼ Қуддус — ибронийча матнда Сион. 1:8 изоҳига қаранг.
шундай деб айтинг:«Қара, нажоткоринг келмоқда,
Ана, Унинг Ўзи тақдирлайди,
Мукофотини Ўзи билан олиб келмоқда.»”
12Эй Қуддус, сенинг халқингни “Муқаддас” деб айтадилар,
“Эгамиз қутқарган халқ” деб айтадилар.
Сени “Эгамиз излаб топган, тарк этилмаган шаҳар” деб атайдилар.
Copyright information for
UznUzbC