‏ Jeremiah 10

Бутлар ҳақида

1Эй Исроил халқи, Эгамиз сизларга айтаётган сўзларга қулоқ солинг. 2Эгамиз шундай демоқда:

“Бошқа халқларга тақлид қилманглар,
Бошқа халқлар сингари,
Осмондаги аломатлардан қўрқманглар.
3Халқларнинг удумлари беҳуда!
Улар ўрмондан дарахт кесади,
Ҳунарманд болтаси билан унга шакл бериб,
4Кумушу олтин билан безатади.
Йиқилиб кетмасин дея, мих билан маҳкамлайди,
5Бутлари полиздаги қўриқчиларга ўхшайди.
Улар гапира олмайди.
Уларни кўтариб юриш керак бўлади,
Ўзлари юра олмайди.
Улардан қўрқманглар,
Уларнинг қўлидан ҳеч қандай ёмонлик келмайди,
Яхшилик ҳам қила олмайди.”

Еремиё Худонинг шаънига ҳамду санолар айтади

6Эй Эгамиз, Сенга ўхшаши йўқ!
Сен буюкдирсан,
Сенинг номинг улуғ ва қудратлидир.
7Эй элларнинг Шоҳи,
Сендан қўрқмайдиган бирор зот борми?!
Сен бунга лойиқдирсан.
Халқларнинг донишмандлари орасида,
Уларнинг шоҳлари орасида
Сенга ўхшаши йўқ.
8Донишмандларию шоҳлари
Донишмандларию шоҳлари… — ёки Халқлар…. Ибронийча матнда Улар….
аҳмоқ ва бефаросат.
Улар бетайин ёғоч бутларидан маслаҳат олишади.
9Бутларини ясаш учун кумушни Таршишдан,
Олтинни Уфаздан келтиришади.
Бутларни ҳунарманду заргарлар ясаган.
Кўк ва сафсар либослар билан безаган,
Ҳаммаси — моҳир усталарнинг ишидир.
10Аммо Эгамиз ҳақ Худодир.
У барҳаёт Худо ва абадий Шоҳдир.
Ғазабланганда ер силкинади,
Унинг қаҳрига халқлар дош бера олмайди.

11Эгамиз шундай деди: “Бошқа халқларга айт: «Бу худолар еру осмонни яратмаган. Улар ер юзидан ва осмон остидан йўқ бўлиб кетади.»”
Асл матнда бу оят иброний тилида эмас, орамий тилида ёзилган.

12Эгамиз қудрати ила ерни яратди,
Донолиги ила дунёни бунёд этди,
Идроки ила осмон гумбазини ўрнатди.
13Унинг овозидан осмондаги сувлар гулдурайди,
У дунёнинг тўрт бурчидан булутларни олиб келади.
Ёмғир ёғдирганда чақмоқ чақтиради,
Омборларидаги шамоллардан эстиради.
14Унинг олдида ҳамма одамлар аҳмоқ ва нодондир.
Заргарлар ясаган бутлари туфайли шарманда бўлишади.
Ясаган санамлари сохтадир, уларнинг жони йўқ.
15Бу бетайин бутлар алдамчидир.
Уларни жазолаганим заҳоти йўқ бўлишади.
16Ёқубнинг Худоси эса ундай эмас.
Бутун борлиқни У яратган,
Исроил қабиласини Ўзига мулк қилган.
Унинг номи Сарвари Оламдир.

Сургун вақти яқинлашиб келмоқда

17Эй қуршовда яшаётганлар!
Бор–будингизни йиғиштириб олинг.
18Зеро, Эгамиз шундай демоқда:
“Мен сизларни Исроил юртидан улоқтириб ташлайман,
Бошингизга кулфат ёғдираман,
Токи сизлар буни сезинглар.”

19Шўрим қурсин! Шунчалик азобларга қолдим!
Оғир яраланган эканман.
Аммо ўзимга ўзим: “Бошимда шу дард бор экан,
Унга чидашим керак”, дедим.
20Чодирим йиқитилган, иплари узиб ташланган.
Фарзандларим кетди, улар йўқ бўлди.
Энди чодиримни ким тикади?!
Чодиримнинг пардаларини ким осади?!
21Ахир, чўпонлар аҳмоқ,
Улар Эгамиздан маслаҳат олмадилар.
Шунинг учун ҳам ишлари ўнгидан келмади,
Қўйлари ҳар ёққа тарқалиб кетди.

22Эшитинглар! Бир хабар келмоқда!
Ана, шимолдан
шимолдан — Бобил юрти назарда тутилган (1:15 га ва ўша оятнинг изоҳига қаранг).
шовқин–сурон кўтарилмоқда!
Лашкарлар Яҳудо шаҳарларини хароб қилар эмиш,
Чиябўрилар яшайдиган маконга айлантирар эмиш.

Еремиё ибодат қилади

23Эй Эгам, биламан,
Одам зоти ўз тақдирини ўзи белгилай олмайди,
Ўз қадами ўзининг ихтиёрида эмас.
24Эй Эгам, мени жаҳл устида жазоламагин.
Адолатинг ила ҳақ йўлга солгин,
Акс ҳолда, мени йўқ қилиб юборасан.

25Сени тан олмайдиган халқлар устига қаҳрингни соч,
Сенга сажда қилмайдиган эллар устига соч,
Ахир, улар Ёқуб наслининг бошини едилар.
Ҳаммасини ҳалок этиб, йўқ қилдилар,
Юртини харобазорга айлантирдилар.
Copyright information for UznUzbC