‏ Jeremiah 14

Даҳшатли қурғоқчилик

1Еремиёга Эгамизнинг қурғоқчилик ҳақидаги сўзи аён бўлди:

2“Яҳудо аза тутмоқда,
Шаҳарлари адойи тамом бўлди.
Одамлар қайғуга ботган,
Бағирларини ерга бериб ётибди,
Қуддусдан фарёд кўтарилмоқда.
3Асилзодалар хизматкорларини сувга юбордилар.
Хизматкорлар сардобаларга борган эдилар,
Аммо сув топа олмадилар.
Идишлари бўм–бўш қайтиб келдилар.
Улар тушкунликка тушдилар,
Шарманда бўлиб қолдилар,
Уятдан юзларини беркитиб олдилар.
4Ёмғир ёғмагани учун ер ёрилиб кетди,
Деҳқонлар умидсизликка тушди,
Юзларини беркитиб олишди.
5Ҳатто чўлдаги она оҳу ҳам,
Ўт–ўлан бўлмагани учун,
Янги туғилган оҳучаларини ташлаб кетмоқда.
6Қулонлар яланг қирларда туриб,
Чиябўрилар каби ҳансираяпти,
Ўт йўқлигидан қулонларнинг кўзлари киртайиб қолган.”

7Гуноҳларимиз бизга қарши гувоҳлик берса–да,
Ўз номинг ҳақи–ҳурмати бизга раҳм қил, эй Эгам.
Ахир, биз Сенга кўп хиёнат қилдик,
Сенга қарши гуноҳ ишлар қилдик.
8Эй Исроилнинг ёлғиз умиди,
Кулфат вақтида Қутқарувчиси!
Нечун юртимизда мусофирга ўхшайсан?
Бир кечагина тунайдиган сайёҳга ўхшайсан?
9Нега саросимага тушган одамга ўхшайсан?
Нега ёрдам бера олмайдиган жангчига ўхшайсан?
Эй Эгам, Сен бизнинг орамиздасан–ку!
Биз Сеникимиз.
Бизни тарк этма!

10Эгамиз бу халқ ҳақида шундай демоқда:
“Улар ўзларини сира тия олмайдилар,
Дайдиб юришни ҳақиқатан яхши кўрадилар.
Шунинг учун Мен улардан рози эмасман,
Энди қабиҳликларини ёдга оламан,
Гуноҳлари учун уларни жазолайман.”

11Сўнг Эгам менга тайинлаб деди:

— Бу халқ учун ибодат қилма.
12Улар рўза тутишса ҳам, Мен уларнинг илтижоларига қулоқ солмайман. Менга атаб қурбонликлар куйдиришса ҳам, дон назрларини олиб келишса ҳам қабул қилмайман. Аксинча, уларни қаҳатчилик, уруш ва ўлат орқали қириб ташлайман.

13Мен эса шундай дедим:

— Ё Эгам Раббий, пайғамбарлар бу халққа, уруш ва қаҳатчилик бўлмайди, сизлар бу юртда чинакамига осойишта ҳаёт кечирасизлар, деб айтишмоқда–ку.

14Эгамиз менга шундай жавоб берди: “Пайғамбарлар Менинг номимдан ёлғон гапиришмоқда. Мен уларни юбормаганман, уларга гапиришни буюрмаганман. Улар сизларга уйдирмаларни ўзларича башорат қилишяпти, беҳуда фол очиб, хаёлларига келган ёлғонларни гапиришяпти. 15Ўша пайғамбарлар Менинг номимдан гапиришса ҳам, уларни Мен жўнатмаганман. Улар: «Юртда уруш ва қаҳатчилик бўлмайди», деб айтаётган эканлар, аммо Мен айтаманки, ўша пайғамбарлар уруш ва қаҳатчиликдан нобуд бўлишади. 16Уларнинг гапларини тинглаётган одамлар ҳам уруш ва қаҳатчиликдан ўлади. Жасадлари Қуддус кўчаларида қолиб кетади. Уларнинг, хотинларининг, ўғил–қизларининг жасадларини кўмадиган одам бўлмайди. Қилган қабиҳликларини Мен ўзларининг бошларига соламан.

17Сен уларга шундай деб айт:

«Кечаю кундуз кўзларимдан ёш оқяпти,
Ўзимни тўхтата олмаяпман.
Зеро, бокира қизим — Менинг халқим,
Қаттиқ зарба еди, оғир яраланди.
18Далага чиқаман,
Эвоҳ, ана, қиличдан ҳалок бўлганлар ётибди.
Шаҳарга кираман,
Ана, очарчиликдан ўлганлар ётибди.
Пайғамбару руҳонийлар эса пул дардида
Одамларга бемаъни маслаҳатлар бериб юрибдилар
Пайғамбару руҳонийлар…бемаъни маслаҳатлар бериб юрибдилар — 2:8, 5:13, 6:13, 8:10 га ва шу бобнинг 13-15–оятларига қаранг.
.»”

Еремиё Худога илтижо қилади

19Эй Эгамиз, наҳотки Яҳудони бутунлай рад этган бўлсанг?!
Наҳотки Қуддусдан
Қуддус — ибронийча матнда Сион. 3:14 изоҳига қаранг.
ҳазар қилсанг?!
Нечун бизни оғир яраладинг?
Шифо топа олмаяпмиз–ку!
Биз тинчликни изладик, аммо яхшилик келмади,
Шифо топмоқчи эдик, аммо ваҳимага дучор бўлдик.
20Эй Эгамиз, Сенга қарши гуноҳ қилдик!
Қабиҳликларимизга иқрор бўлдик,
Ҳа, ота–боболаримизнинг айбларини тан оламиз.
21Номинг ҳақи–ҳурмати бизни рад этма,
Улуғвор тахтинг турган жойни хор қилма.
Биз билан тузган аҳдингни ёдингда тут,
Ўтинамиз, аҳдингни бузма.
22Халқларнинг бетайин бутлари ёмғир ёғдира олармиди?!
Ёғингарчилик осмоннинг хоҳиши билан бўлармиди?!
Буларни қилишга қодир Сен эмасми, эй Эгамиз Худо?!
Биз умидимизни Сенга боғлаганмиз,
Зотан, буларнинг ҳаммасини қила оладиган Сенсан.
Copyright information for UznUzbC