‏ Jeremiah 20

Еремиё руҳоний Пашхур билан баҳслашади

1Иммар ўғли Пашхур руҳоний бўлиб, Эгамиз уйининг бош назоратчиси эди. У Еремиёнинг башорат қилиб айтган бу сўзларини эшитди. 2Шу сабабдан Еремиёни калтаклатиб, Эгамиз уйининг ҳовлисидаги Юқори Бенямин дарвозаси
Эгамиз уйининг ҳовлисидаги Юқори Бенямин дарвозаси — Маъбаднинг ички ҳовлисига олиб борадиган бу дарвоза Бенямин қабиласи жойлашган томонга — шимолга қаратиб қурилган эди. Бу дарвоза тепаликда жойлашгани учун “Юқори” деб ном олган (4 Шоҳлар 15:35, Ҳизқиёл 9:2 га қаранг). Шаҳар деворининг шимол томонидаги яна бир дарвоза “Бенямин дарвозаси” деб аталарди (37:11-13 га қаранг).
томонда кишанлаб қўйишни буюрди.
3Эртаси куни эрталаб Пашхур Еремиёнинг кишанларини ечганда, Еремиё унга шундай деди: “Эгамиз сенга «Пашхур» эмас, «Даҳшат қамраган»
«Даҳшат қамраган» — ибронийча матнда «Магўрмисабиб», маъноси даҳшат қамраган.
деб исм қўйган.
4Зеро, Эгамиз шундай деб айтмоқда: Мен сени ва ҳамма дўстларингни ваҳимага соламан. Дўстларинг душманлари қўлида ҳалок бўлаётганини ўз кўзинг билан кўрасан. Мен бутун Яҳудо халқини Бобил шоҳининг қўлига топшираман. Бобил шоҳи халқимни асир қилиб, ўзининг юртига олиб кетади. Уларни қиличдан ўтказади. 5Мен бу шаҳарнинг бойликларини, бор нарсасини, қимматбаҳо буюмларини, Яҳудо шоҳларининг хазиналарини душманнинг қўлига бераман. Улар шаҳарни талон–тарож қилишади. Барча бойликларини Бобилга олиб кетишади. 6Сен ҳам, эй Пашхур, ўз хонадонинг билан Бобилга сургун бўласан. Сен у ерда жон бериб, дафн қилинасан. Ёлғон башоратларингга қулоқ солган дўстларинг ҳам ўша кўйга тушади.”

Еремиё Эгамизга шикоят қилади

7Эй Эгам, Сен мени кўндирдинг,
Мен ҳам кўндим.
Мендан устун келдинг, мени енгдинг.
Мен ҳаммага мазах бўлдим,
Ҳамма устимдан кулмоқда.
8Гапирганимда жар солишим керак,
“Зўравонлик! Ҳалокат!” дея бақиришим керак.
Сенинг сўзинг туфайли ҳаммага кулги бўлдим,
Кун бўйи мени масхара қилишяпти.
9Борди–ю, мен: “Бўлди, Эгам ҳақида сўзламайман,
Унинг номидан гапирмайман” десам,
Сенинг сўзинг, олов каби, ичимни ёндиради,
Ўт қўйгандай суякларимни зирқиратади.
Сўзингни ичимда сақлаб туришдан чарчадим,
Ҳа, уни бошқа ушлаб тура олмайман.
10Эшитяпман, кўпчилик ғийбат қиляпти.
Атрофимни даҳшат қамраган!
“Фош бўлсин! Уни фош қилайлик!” деб айтяптилар.
Ҳатто менинг яқин дўстларим ҳам
Қоқинишимни пойлаб турибдилар,
“Еремиё тузоққа тушади,
Шунда уни енгамиз,
Ундан қасдимизни оламиз”, деяптилар.
11Аммо Сен, эй Эгам, мен билан биргасан,
Сен баҳодир жангчига ўхшайсан.
Мени қувғин қилганлар қоқилиб тушади,
Улар мендан устун келолмайди.
Иснодга қолади, муваффақиятга эришолмайди.
Улар то абад доғда қолади,
Шармандагарчилиги ҳеч қачон унутилмайди.
12Эй Сарвари Олам, Сен солиҳ кишини синайсан,
Одамнинг дилини, ўй–хаёлини биласан.
Душманларимдан ўч олганингни кўрайин,
Ахир, даъвоимни Сенга топширдим!

13Эгамизга қўшиқ куйланглар!
Эгамизга ҳамду санолар айтинглар!
Зеро, У бечора банданинг жонини
Бадкирдорлар қўлидан қутқарди.

14Эвоҳ, мен туғилган кун қуриб кетсин!
Онам мени туққан кун хосиятсиз бўлсин!
15Отамга хабар олиб келган одам лаънати бўлсин,
“Ўғил кўрдинг!” дея уни хурсанд қилган киши қуриб кетсин.
16Эгамиз шафқатсизларча вайрон қилган
Шаҳарлардай
Эгамиз шафқатсизларча вайрон қилган Шаҳарлар — Садўм ва Ғамўрага ишора (Ибтидо 18:16-19:28 га қаранг).
бўлсин ўша одам.
У эрталабданоқ доду фарёдлар эшитсин,
Кундуз куни уруш наъраларини эшитсин.
17Ахир, у мени онамнинг қорнидаёқ ўлдирмади.
Шунда онамнинг қорни қабрим бўлган бўларди,
Онам то абад ҳомиладор бўлиб қолган бўларди.
18Нимага ҳам туғилдим экан–а?!
Машаққату қийинчилик кўриш учунми?!
Умримни шармандаликда хазон қилиш учунми?!
Copyright information for UznUzbC