‏ Jeremiah 25

Шимолдан келган душман

1Яҳудо шоҳи Йўшиё ўғли Ёҳайиқим ҳукмронлигининг тўртинчи йилида
Ёҳайиқим ҳукмронлигининг тўртинчи йили — милоддан олдинги 605 йил (1:3 нинг биринчи изоҳига қаранг).
Еремиёга Яҳудо халқи тўғрисида Эгамизнинг сўзи аён бўлди. Бобил тахтига худди ўша йили Навухадназар ўтирган эди.
2Еремиё пайғамбар Яҳудо халқи ва Қуддус аҳолисига шундай деди: 3“Омон ўғли Йўшиё Яҳудода ҳукмронлик қилган даврнинг ўн учинчи йилидан
Йўшиё Яҳудода ҳукмронлик қилган даврнинг ўн учинчи йили — милоддан олдинги 627 йил (1:2 нинг иккинчи изоҳига қаранг).
тортиб, то бугунга қадар Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилиб келмоқда. Мана, йигирма уч йилдирки, мен сизларга тўхтовсиз гапиряпман, аммо сизлар гапларимга қулоқ солмаяпсизлар.
4Эгамиз олдингизга пайғамбар қулларини бирин–кетин юборган бўлса ҳам, сизлар уларнинг гапларини эшитмадингиз, уларга қулоқ солмадингиз. 5Улар сизларга айтишган эди: «Қабиҳ ишларингизни бас қилинглар. Ёмон йўлдан қайтинглар. Шунда Эгамиз сизларга ва ота–боболарингизга абадий мулк қилиб берган юртда қоласизлар. 6Бошқа худоларга эргашманглар. Уларга хизмат қилманглар, сажда этманглар. Ясаган бутларингиз билан Эгамизни ғазаблантирманглар. Шунда Эгамиз бошингизга фалокат келтирмайди.»

7«Аммо сизлар гапимга қулоқ солмадингизлар, — деб айтмоқда Эгамиз. — Бутларингиз билан Мени ғазаблантириб, ўз бошингизга фалокат келтирдингизлар.» 8Шу сабабдан Сарвари Олам демоқда: «Сизлар гапимга кирмаганингиз учун, 9Мен шимолдаги барча қабилаларни йиғаман. Бобил шоҳи қулим Навухадназарни ҳам чақираман, — деб айтмоқда Эгамиз. — Уларни сизларга қарши, бу юрт аҳолиси ва ён–атрофингиздаги халқларга қарши тортиб келаман. Мен сизларни тамомила қириб битираман. Сизларни кўрганлар даҳшатга тушади, аҳволингизни кўрган одамлар қотиб қолади. Мен юртингизни абадий харобазорга айлантираман. 10Шундай қиламанки, орангизда шоду хуррамлик садолари бўлмайди, келин–куёвнинг овози эшитилмайди, тегирмоннинг товуши чиқмайди. Чироғингиз ёнмайди. 11Бутун юрт вайрон бўлиб, харобазорга айланади. Бу халқлар етмиш йил мобайнида Бобил шоҳига хизмат қилишади.»

12Эгамиз шундай демоқда: «Етмиш йилдан кейин эса Мен Бобил шоҳини, унинг халқини ва Бобилликларнинг
Бобилликлар — ибронийча матнда Халдейлар, ўша вақтда Бобилликлар шу ном билан ҳам аталарди.
бутун юртини қилган гуноҳлари учун жазолайман. Уларнинг юрти то абад ҳувиллаб қолади.
13Ўзим айтган ҳамма кулфатларни ўша юртга ёғдираман. Бу китобда ёзилган ҳамма фалокатларни келтираман. Еремиёнинг ҳамма халқларга қарши айтган башоратларини амалга ошираман. 14Бобилликлар кўплаб халқлару буюк шоҳларга қул бўладилар. Қилган қилмишларига яраша жазоларини оладилар.»”

Худо халқларни ҳукм қилади

15Исроил халқининг Худоси — Эгамиз менга шундай деди: “Қўлимдаги косани ол. Бу коса ғазабим шаробига тўла. Мен сени қайси халқлар олдига юборсам, бу косадаги шаробдан уларга ичир. 16Улар шаробдан ичадилар, гандираклаб қолиб, ақлдан озадилар. Ахир, Мен уларга қарши қилич юбораман.”

17Мен Эгамизнинг қўлидаги косани олдим. Эгамиз мени қайси халқлар олдига юборган бўлса, ўша халқларга шаробдан
шароб — бу ўринда Худо ғазабининг рамзи бўлиб, шаробдан маст бўлиш Худонинг ҳукмига дучор бўлишни билдиради (шу бобнинг 27–оятига қаранг).
ичирдим:
18Қуддус, Яҳудо юртининг шаҳарлари ва у ердаги шоҳу аъёнлар хонавайрон бўлсин деб, мен уларга шаробдан ичирдим. Бугунгача уларнинг аҳволини кўриб одамлар ёқасини ушлайди, халқимнинг номини қарғишларга қўшиб ишлатишади.

19Сўнг мен Мисрга йўл олдим. Фиръавн, унинг хизматкорлари, аъёнлари, бутун халқи 20ва у ерда яшаётган мусофирларга шаробдан ичирдим. Сўнг Уз номли юртнинг шоҳларига, шунингдек, Ашқалон, Ғазо, Эхрон ва талафот кўрган Ашдодда
талафот кўрган Ашдод — узоқ қамалдан кейин Ашдод шаҳри Мисрликларга мағлуб бўлди.
ҳукмронлик қилган ҳамма Филист шоҳларига шаробдан ичирдим.
21Сўнг мен Эдом, Мўаб, Оммонга, 22Тир, Сидон ва денгиз ортидаги юртларнинг шоҳларига шаробдан ичирдим. 23Дедон, Темо, Буз
Дедон, Темо, Буз — Арабистон ярим оролидаги шаҳарлар.
ва сочини олдириб юрадиган
…сочини олдириб юрадиган… — 9:26 нинг биринчи изоҳига қаранг.
бошқа ҳамма халқларга шаробдан ичирдим.
24Ҳамма Арабистон шоҳларига, саҳрода яшайдиган ҳар хил кўчманчи қабилаларнинг ҳамма шоҳларига шаробдан ичирдим. 25Зимри, Элам ва Мидия юртларининг ҳамма шоҳларига шаробдан ичирдим. 26Шимолдаги узоқ–яқинда бўлган ҳамма шоҳларга шаробдан ичирдим. Ер юзидаги барча салтанатларга бирин–кетин бориб келдим. Охири косадаги шаробдан Бобил
Бобил — ибронийча матнда Шашах, Бобилга нисбатан ишлатилган яна бир ном.
тахтида ўтирган шоҳ ичадиган бўлди.

27Эгамиз менга деди: “Уларга шундай деб айт: «Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам демоқда: ғазаб косамдан ичинглар! Маст бўлиб қусинглар! Турмайдиган бўлиб йиқилинглар, чунки Мен сизларнинг устингизга қилич юборяпман.» 28Борди–ю, улар қўлингдаги косани олишдан ва шароб ичишдан воз кечсалар, сен уларга шундай деб айт: «Сарвари Олам сизларга демоқда: ичишингиз шарт! 29Мана, Ўзимга тегишли Қуддус шаҳрига кулфат ёғдира бошладим. Сизлар жазодан қочиб қутулармидингиз?! Йўқ, жазодан қутула олмайсизлар! Мен ер юзидаги барча одамларни уруш балосига гирифтор этаман, — деб айтмоқда Сарвари Олам.»

30Шунинг учун, эй Еремиё, сен бу сўзларнинг ҳаммасини уларга айт:

«Эгамиз юксакдан шердай ўкиради,
Муқаддас маконидан садо беради.
Юртига шиддат билан ўкиради.
Узум эзувчилар каби
Узум эзувчилар каби… — қадимги пайтларда одамлар узумни қоятошга ўйилган чуқурга ёки тупроқдан қазилган, тубига ва атрофига зич қилиб тош терилган чуқурга солиб, шарбатини сиқиб олиш учун оёқлари билан эзардилар. Шарбат ўша чуқурдан яна бошқа бир чуқурга оқиб тушарди. Узум эзиш Муқаддас Китобда кўпинча Худонинг одамлар устидан чиқарадиган ҳукмига нисбатан кўчма маънода ишлатилган.
бақиради,
Ер юзидаги ҳамма инсонларга ҳайқиради.
31Гумбурлаши дунёнинг четигача эшитилади.
Зеро, Эгамиз халқларга даъво қилмоқда,
Дунёдаги одамзодни У ҳукм этмоқда,
Фосиқларни қиличдан ўтказмоқда.
Эгамизнинг каломи шудир.

32Сарвари Олам шундай демоқда:
Қаранглар, фалокат келмоқда,
Халқдан халққа юқмоқда!
Дунёнинг тўрт бурчагидан
Кучли бўрон кўтарилмоқда!

33Ўша куни бутун ер юзи, бу бошидан нариги четигача Эгамизнинг қудратидан нобуд бўлган одамларнинг жасадларига тўлади. Марҳумлар учун ҳеч ким марсия айтмайди, ҳеч ким уларни йиғиб кўммайди. Улар ер устида гўнгдай ётаверади.

34Эй чўпонлар, уввос солиб йиғланглар!
Эй йўлбошчилар, кулга беланинглар!
…кулга беланинглар — кулга беланиш умидсизликни ва қайғули ҳолатни ифодалайди. Кўпинча бу ҳаракат Худодан кечирим сўраб ибодат қилиш ва Ундан мадад тилаш билан биргаликда амалга оширилган.

Бўғизланадиган кунингиз етиб келди,
Жасадларингиз ерда сочилиб ётади,
Чилпарчин бўлган қимматбаҳо кўзадай бўлади.
35Чўпонлар ҳеч қаерга қоча олмайди,
Йўлбошчилар қутулолмайди.
36Эшитинг! Йўлбошчилар фарёд қилмоқда,
Чўпонлар ҳўнграмоқда!
Эгамиз уларнинг яйловларини нобуд қиляпти.
37Сўлим майсазорларини пайҳон этяпти.
Ахир, Эгамизнинг ғазаби аланга олди.
38Ўлжа қидириб уясидан чиққан шердай,
Эгамиз Ўз маконидан чиқди.
Эгамизнинг алангали ғазаби туфайли,
Уруш балоси туфайли
Бутун юрт харобазорга айланади.»”
Copyright information for UznUzbC