Jeremiah 26
Еремиёни ўлимга ҳукм қилмоқчи бўлишади
1Йўшиё ўғли Ёҳайиқимнинг Яҳудодаги илк ҳукмронлиги даврида ▼▼ Ёҳайиқимнинг Яҳудодаги илк ҳукмронлиги даври — милоддан олдинги 609 йил (1:3 нинг биринчи изоҳига қаранг).
Еремиёга Эгамиз Ўз сўзини аён қилди. 2Эгамиз шундай деди: “Эй Еремиё, уйимнинг ҳовлисига бориб тур. Яҳудо шаҳарларидан уйимга сажда қилмоқчи бўлиб келган ҳамма одамларга гапир. Мен сенга амр қилган барча сўзларни, биронтасини ҳам қолдирмай уларга айт. 3Балки, улар Мен айтган гапларга қулоқ солиб, ёвуз йўлларидан қайтишар. Шунда Мен ҳам шахтимдан қайтаман. Қилган қабиҳликлари туфайли бошларига келтирмоқчи бўлаётган фалокатни келтирмайман. 4Сен уларга шундай деб айт: «Эгамиз демоқда: сизлар Менга қулоқ солмадингизлар, берган қонунларимни бажармадингизлар. 5Олдиларингизга қайта–қайта пайғамбар қулларимни жўнатдим, аммо сизлар уларнинг гапига кирмадингизлар. Агар энди айтганларимни бажармасангизлар, 6Мен бу уйни Шилўнинг ▼▼ Шилў — 7:12 изоҳига қаранг.
кўйига соламан. Бу шаҳарни эса ер юзидаги халқлар орасида лаънати қиламан.»” 7Руҳонийлар, пайғамбарлар ва бутун халқ Еремиёнинг Эгамиз уйида айтаётган бу гапларини эшитишди. 8Еремиё Эгамизнинг амр қилган ҳамма сўзларини бутун халққа айтиб бўлгач, руҳонийлар, пайғамбарлар ва бутун халқ унга ташланиб: — Ўлдиринглар уни! — дея бақира бошлашди. 9— Сен ҳали Эгамиз номидан башорат қиладиган бўлиб қолдингми?! “Бу уй Шилўнинг кўйига тушади, бу шаҳар эса вайрон бўлиб ҳувиллаб қолади”, деб айтишга қандай журъат этдинг?! Эгамиз уйидаги бутун оломон Еремиёни ўраб олди. 10Бундан хабар топган саройдаги Яҳудо аъёнлари Эгамизнинг уйига келдилар. Қозилик қилиш учун Янги дарвозанинг кираверишидаги курсиларга ўтирдилар ▼▼ …Янги дарвозанинг кираверишидаги курсиларга ўтирдилар — қадимги пайтларда суд кенгаши кўпинча шаҳар, сарой ёки маъбад дарвозаси олдидаги очиқ майдонда ўтказиларди.
. 11Шунда руҳонийлар билан пайғамбарлар етиб келган аъёнларга ва халойиққа мурожаат қилиб дедилар: — Бу одам ўлимга лойиқ! У шаҳримизга қарши башорат қилди, буни ўз қулоғингиз билан эшитдингиз. 12Еремиё ўз навбатида шундай деди: — Сизлар эшитган барча сўзларни гапиришим учун мени Эгам юборди. “Бу уйга ва шаҳарга қарши башорат қил”, деди. 13Агар сизлар ёмон йўлингиздан қайтсангиз, турмуш тарзингизни ўзгартирсангиз, Эгангиз Худога итоат этсангиз, Эгамиз ҳам шахтидан қайтади, сизларга эълон қилган фалокатни бошингизга келтирмайди. 14Мана, мен сизнинг ихтиёрингиздаман. Нимани тўғри деб билсангиз, менга шуни қилинг. 15Фақат билиб қўйинглар: агар мени ўлдирсангизлар, сизлар ҳам, шаҳар аҳолиси ҳам айбсиз одамнинг қонини тўккан бўласизлар. Зотан, бу сўзларнинг ҳаммасини сизларга айтишим учун Эгамизнинг Ўзи мени юборган. 16Сўнг аъёнлар билан бутун халойиқ руҳонийларга ва пайғамбарларга шундай дедилар: — Йўқ, бу одам ўлимга лойиқ эмас. У бизга Эгамиз Худо номидан гапиряпти–ку! 17Юртнинг бир нечта оқсоқоли ҳам чиқиб, тўпланган бутун оломонга шундай дедилар: 18— Яҳудо шоҳи Ҳизқиё даврида ▼▼ Яҳудо шоҳи Ҳизқиё даври — милоддан олдинги 716-687 йиллар.
башорат қилиб юрган Мўрашатлик Михо ҳам Яҳудо халқига шундай деб айтган эди ▼▼ …Михо…шундай деб айтган эди… — Михо 3:12 га қаранг.
:“Сарвари Олам демоқда:«Қуддус даладай шудгор қилинади,
Сион харобазор бўлади,
Эгамизнинг уйи турган тоғни ▼
▼ Эгамизнинг уйи турган тоғ — Қуддусдаги Сион тоғига ишора. 17:3 нинг биринчи изоҳига қаранг.
Қалин ўрмонзор қоплайди.»”
19Ўшанда Яҳудо шоҳи билан бутун халқ пайғамбарни ўлдирганмиди?! Аксинча, шоҳ Эгамиздан қўрқиб, Ундан марҳамат сўраган эди. Эгамиз эса шахтидан қайтиб, уларга эълон қилган фалокатни бошларига келтирмади. Биз–чи? Биз ўзимизнинг бошимизга ўзимиз фалокат келтиряпмиз–ку! 20Эгамизнинг номидан башорат қилган яна бир одам бор эди. У Хират–Йўримлик Шамаё ўғли Уриё эди. У ҳам худди Еремиёга ўхшаб бу юрт ва шаҳарга қарши башорат қилган эди. 21Шоҳ Ёҳайиқим, унинг ҳамма соқчилари ва аъёнлари Уриёнинг сўзларини эшитдилар. Шунда шоҳ Уриёни ўлдиришга қасд қилди. Бундан хабардор бўлган Уриё қўрққанидан Мисрга қочиб кетди. 22Шоҳ Ёҳайиқим унинг орқасидан Ахбор ўғли Элнатанни одамлари билан жўнатди. 23Улар Уриёни Мисрда тутиб олиб, шоҳнинг олдига олиб келган эдилар. Шоҳ уни ўлдириб, жасадини авом халқнинг қабристонига ташлаган эди. 24Шунга қарамай, Шофон ўғли Охихам Еремиёнинг тарафини олди. Еремиёни ўлдирмоқчи бўлган оломоннинг қўлига топширишга йўл қўймади.
Copyright information for
UznUzbC