Jeremiah 29
Еремиёнинг Бобилдаги яҳудийларга ёзган мактуби
1Еремиё пайғамбар Бобилда асирларнинг орасида омон қолган оқсоқолларга, руҳонийларга, пайғамбарларга ва асирликда юрган бутун халққа Қуддусдан бир мактуб йўллади. Бу асирларни шоҳ Навухадназар ▼▼ Навухадназар — 22:25 нинг биринчи изоҳига қаранг.
Қуддусдан Бобилга сургун қилган эди. 2Шоҳ Ёҳайихин ▼▼ Ёҳайихин — ибронийча матнда Ёхониё, Ёҳайихиннинг яна бир исми (22:24 изоҳига қаранг).
, она малика, аъёнлар, Яҳудо ва Қуддус йўлбошчилари, ҳунармандлару темирчилар Қуддусдан сургун қилингандан кейин бу мактуб ёзилди. 3Еремиё мактубини Шофон ўғли Эласах ва Хилқиё ўғли Гамариё орқали жўнатди. Яҳудо шоҳи Зидқиё ▼▼ Зидқиё — 1:3 нинг иккинчи изоҳига қаранг.
бу одамларни Бобил шоҳи Навухадназар ҳузурига юборганди. Мактуб қуйидаги мазмунда эди: 4Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам Қуддусдан Бобилга сургун қилган барча одамларга шундай демоқда: 5“Ўзларингизга яшаш учун уйлар қуринглар, боғ–роғлар яратинглар, меваларидан тановул қилинглар. 6Уйланинглар, ўғил–қизлар кўринглар, ўғилларингизга келинлар олиб беринглар. Қизларингизни узатинглар, улар ҳам ували–жували бўлишсин. Ўша ерда кўпайинглар, сонингиз камаймасин. 7Мен сизларни сургун қилган ўша шаҳарнинг тинч ва фаровон ҳаёти учун меҳнат қилинглар. Ўша шаҳарнинг осойишталиги учун Менга ибодат қилинглар. Шаҳар тинч бўлса, сизлар ҳам тинч бўласизлар.” 8Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: “Орангиздаги пайғамбарлар билан фолбинлар сизларни лақиллатишмасин. Улар кўрган тушларини айтганларида қулоқ солманг, 9улар Менинг номим билан башорат қилиб айтаётган ҳамма гаплари ёлғондир. Уларни Мен олдингизга юбормаганман.” Эгамизнинг каломи шудир.10Эгамиз шундай демоқда: “Бобил ҳукмронлигига етмиш йил бўлгандан кейин, Мен олдингизга бораман. Берган эзгу ваъдамга биноан сизларни шу ерга қайтариб олиб келаман. 11Ахир, Мен сизлар тўғрингизда тузган режаларимни биламан, — деб айтмоқда Эгамиз. — Бу режаларим сизларга кулфат эмас, фаровонлик олиб келади, ёруғ келажагу умид беради. 12Ўша дамларда Менга қилган илтижою ибодатларингиз ижобат бўлади. 13Мени бутун қалбингиз билан изласангизлар, топасизлар. 14Ҳа, Мени топасизлар, — деб айтмоқда Эгамиз. — Мен сизларни яна фаровонликка эриштираман ▼
▼ Мен сизларни яна фаровонликка эриштираман — ёки Мен сизларни асирликдан озод қилиб, Қуддусга қайтариб олиб келаман.
. Сизларни сургун бўлган барча халқлар орасидан, ҳамма юртлардан йиғиб оламан. Сизларни Ўзим чиқариб юборган она юртингизга қайтариб олиб келаман.” Эгамизнинг каломи шудир.15Сизлар: “Эгамиз Бобилда бизга пайғамбарлар берди”, деб айтишингиз мумкин. 16Энди Довуд тахтида ўтирган шоҳ ҳақида, ҳануз Қуддусда яшаб келаётган бутун халқ ҳақида, сизлар билан сургунга кетмаган қариндош–уруғингиз ҳақида Эгамизнинг айтган сўзларини эшитинг. 17Сарвари Олам шундай демоқда: “Мен уларнинг бошига уруш, очарчилик ва ўлат балосини келтираман. Уларни еб бўлмайдиган чирик анжирга ўхшатиб қўяман. 18Қилич, очарчилик ва ўлат билан уларнинг кетидан қуваман. Буларни кўрган ер юзидаги ҳамма шоҳликлар даҳшатга тушади. Мен уларни тарқатиб юборган жойда уларнинг аҳволини кўрган ҳамма одамлар даҳшатга тушиб, ёқасини ушлайди. Уларни масхара қилиб, номини қарғишларда ишлатишади. 19Ахир, улар гапимга қулоқ солмадилар, — деб айтмоқда Эгамиз. — Мен уларнинг олдиларига пайғамбар қулларимни узлуксиз юбориб турдим. Бироқ улар пайғамбарларимга қулоқ солмадилар.” Эгамизнинг каломи шудир.
20Шундай экан, эй Эгамиз Бобилга сургун қилган асирлар, Эгамизнинг гапларига қулоқ солинглар! 21Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам Хулаё ўғли Ахаб ва Масиё ўғли Зидқиё ҳақида шундай демоқда: “Улар Менинг номим билан ёлғон башоратлар айтиб юришибди. Мен уларни Бобил шоҳи Навухадназар қўлига топшираман. Сизларнинг кўзингиз олдида ўлдиртириб юбораман. 22Шундан кейин Бобилдаги Яҳудолик асирлар бировни қарғаганда шундай деб айтадиган бўлади: «Илойим, бошингга Бобил шоҳи тириклайин ёқиб юборган Зидқиё ва Ахабнинг куни тушсин.» 23Ахаб билан Зидқиёнинг қисмати шудир, чунки улар Исроилда разилликлар қилдилар. Қўшниларининг хотинлари билан зино қилдилар. Мен уларга амр қилмаган бўлсам ҳам, Менинг номимдан ёлғон гапирдилар. Қилган қилмишларини биламан, Ўзим шуларга гувоҳман.” Эгамизнинг каломи шудир.
Шамаёга қарши башорат
24– 25Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам менга Нахаламлик Шамаё тўғрисида бир хабар берди. Шамаё ўзбошимчалик қилиб, Қуддусдаги ҳамма одамга, Масиё ўғли руҳоний Зафаниёга ва бошқа ҳамма руҳонийларга бир мактуб жўнатган экан. У мактубида руҳоний Зафаниёга шундай деб ёзган экан: 26Эгамизнинг Ўзи сизни Ёҳайидо ўрнига руҳоний қилиб тайинлади. Сиз, Эгамиз уйининг назоратчиси сифатида, ўзини пайғамбар қилиб кўрсатган ҳар бир телбани кишанлаб, занжирбанд қилишингиз лозим. 27Нега энди Онотўтлик Еремиёга индамай юрибсиз? У сизларнинг орангизда ўзини пайғамбар қилиб кўрсатиб юрибди–ку! 28У Бобилга, бизга мактуб жўнатиб, мактубида: “Сизлар узоқ йиллар давомида сургунда яшайсизлар. Ўзларингизга яшаш учун уйлар қуринглар, боғ–роғлар яратинглар, мевасидан тановул қилинглар”, деб ёзибди.29Бу мактубни Еремиёга руҳоний Зафаниё ўқиб берди. 30Шунда Еремиёга Эгамиз Ўз сўзини аён қилди: 31“Сургундаги барча одамларга шундай деб ёз:Нахаламлик Шамаё ҳақида Эгамиз демоқда: «Шамаёни Мен юбормаганман. У эса башорат қилиб, сизларни ёлғон гапларига ишонтириб қўйди. 32Шунинг учун Мен уни бутун хонадони билан бирга жазолайман. Бу халқ орасида унинг авлодидан бўлган биронта одам ҳам тирик қолмайди. Уларнинг биронтаси ҳам халқимга Мен қиладиган яхшилигимни кўрмайди, чунки Шамаё ўз гаплари билан халқимни Менга қарши қўзғатмоқчи бўлди.» Эгамизнинг каломи шудир.”
Copyright information for
UznUzbC