Jeremiah 35
Еремиё ва Рахав насли
1Йўшиё ўғли шоҳ Ёҳайиқим ▼▼ Ёҳайиқим — 1:3 нинг биринчи изоҳига қаранг.
ҳукмронлик қилган даврда Эгамиз Ўз сўзини Еремиёга аён қилди: 2“Қани бўла қол, Еремиё, Рахав хонадони ҳузурига бориб, у ердаги одамлар билан гаплаш. Сўнг уйимдаги ён хоналарнинг бирига уларни таклиф қилгин–да, шаробдан қуйиб бер.” 3Мен бориб, Хавазинёнинг невараси — Еремиё ўғли Язаниёни ака–укалари билан бирга, ҳамма ўғилларини ва бутун Рахав хонадонини чақириб, 4Эгамизнинг уйига бошлаб келдим. Уларни Йихдалиё ўғли Ханон пайғамбарнинг ўғилларига қарашли хонага олиб кирдим. Бу хонанинг ёнида Маъбад аъёнларининг хонаси, тагида эса Шаллум ўғли Масиёнинг хонаси жойлашган эди. Масиё Маъбад дарвозабони бўлиб хизмат қилар эди. 5Мен дастурхонга идишларни тўлдириб шароб тортдим, пиёлалар қўйдим. Сўнг Рахав наслига: — Марҳамат қилиб, шаробдан ичинглар, — деб таклиф қилдим. 6Улар шундай дедилар: — Биз шароб ичмаймиз. Бобокалонимиз Рахав ўғли Ёҳунадав ▼▼ Ёҳунадав — ибронийча матнда бу исмнинг бошқа варианти Ёнадав (шу бобнинг 10, 19–оятларида ҳам бор).
бизга шундай амр қилган: “Зинҳор шароб ичманглар, болаларингиз ҳам ичмасин. 7Уйлар қурманглар, экин экманглар, узумзорлар барпо қилманглар, уларни ўзингизга мулк қилиб олманглар. Кўчиб борган жойингизда узоқ вақт яшай олишингиз учун чодирларда кун кечиринглар.” 8Шунинг учун биз бобокалонимизнинг амрига бўйсуниб, ҳеч қачон шароб ичмаймиз, хотинларимиз ҳам, ўғил–қизларимиз ҳам шароб ичмайдилар. 9Ўзимиз учун уйлар қурмаймиз, экин экмаймиз, бизда на узумзор бор, на дала бор. 10Биз бобокалонимиз Ёҳунадавнинг амрига итоат қилиб, бир умр чодирларда яшаб келдик. 11Аммо Бобил шоҳи Навухадназар ▼▼ Навухадназар — 22:25 нинг биринчи изоҳига қаранг.
бу юртга бостириб келгандан сўнг, Бобил ▼▼ Бобил — ибронийча матнда Халдей, ўша вақтда Бобил юрти шу ном билан ҳам аталарди.
ва Орам лашкарларидан қўрқиб, Қуддусга келишга қарор қилган эдик. Шу сабабдан ҳозир биз Қуддусда яшаб юрибмиз. 12Шундан сўнг Еремиёга Эгамизнинг қуйидаги сўзи аён бўлди. 13Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам унга шундай деди: “Қани бўл, Еремиё, Яҳудо халқи ва Қуддус аҳолисининг ҳузурига бориб, шундай деб таъна қил: сизлар ўзи сабоқ оласизларми?! Менга итоат қилишни ўрганасизларми ўзи?! 14Ана, кўриб қўйинг, Рахав насли ўз бобокалонининг амрига итоат қилгани учун бугунга қадар шаробни оғзига ҳам олмай юрибди. Мен эса сизларга қайта–қайта гапирган бўлсам ҳам, сизлар Менга итоат қилмадингизлар. 15Мен пайғамбар қулларимни олдингизга қайта–қайта жўнатдим. Улар орқали сизларни шундай деб огоҳлантирган эдим: «Сизларга ва ота–боболарингизга Мен берган бу юртда яшай олишингиз учун ёмон йўлингиздан қайтинглар. Турмуш тарзингизни ўзгартиринглар. Бошқа худоларга эргашманглар. Уларга хизмат қилманглар.» Аммо сизлар қулоқ солмадингизлар, гапимга кирмадингизлар. 16Ёҳунадавнинг авлоди ўз бобокалони буюриб кетган амрни ижро этди, бу халқ эса Менга итоат қилмади.” 17Шунинг учун Исроил халқининг Худоси, Парвардигори Олам — Эгамиз шундай демоқда: “Мен Яҳудо ва Қуддус аҳолисига гапирган эдим, аммо улар гапларимга қулоқ солмадилар, уларни чақирган эдим, аммо Менга жавоб бермадилар. Шунинг учун Ўзим айтган барча бало–қазоларни уларнинг бошларига ёғдираман.” 18Рахав хонадонига эса Еремиё шундай деди: “Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам демоқда: «Сизлар бобокалонингиз Ёҳунадавнинг амрига итоат этдингиз, унинг насиҳатларини рад этмай, айтганларининг ҳаммасини бажардингиз, шунинг учун 19Рахав ўғли Ёҳунадав авлодидан бўлган киши ҳузуримда абадулабад хизмат қиладиган бўлади.» Исроил халқининг Худоси — Сарвари Оламнинг каломи шудир.”
Copyright information for
UznUzbC