‏ Jeremiah 4

Тавбага даъват

1Эгамиз шундай демоқда:

“Эй Исроил, қани энди қайтсанг,
Қани энди, Менга қайтиб келсанг!
Ҳузуримдан жирканч бутларингни улоқтириб ташласанг,
Қани энди, Менинг йўлимдан озмай юрсанг.
2Қани энди, ҳақиқат, адолат ва тўғрилик ила
«Эгамиз шоҳид!» дея қасам ичсанг.
Шунда халқлар Мен орқали барака топади,
Улар Мен билан фахрланади.”

3Эгамиз Яҳудо халқига ва Қуддус аҳолисига шундай деб айтмоқда:

“Ерингизни шудгор қилинг,
Тиканлар орасига уруғ сепманг.
4Эй Яҳудо халқи ва Қуддус аҳолиси,
Ўзингизни Мен, Эгангизга бағишланг,
Юрагингизни суннат қилинг
…Юрагингизни суннат қилинг — суннат Худонинг Иброҳим ва унинг авлоди билан қилган аҳд белгиси эди (Ибтидо 17:9-14 га қаранг). Исроил халқи Худога бўлган садоқатини ва Унинг амрларига итоат қилиш истагини кўрсатиш учун суннат қилинардилар. Бу оятдаги “юрагингизни суннат қилинг” ибораси кўчма маънода ишлатилиб, тузилган аҳднинг ташқи белгиси бўлган жисмоний суннат етарли эмаслигини кўрсатади. Мазкур иборада Худога чин юракдан содиқ ва итоаткор бўлишга урғу берилади.
.
Акс ҳолда, ёвуз қилмишингиз учун
Алангали ғазабимни устингизга ёғдираман.
Бу ғазабимни ҳеч ким сўндира олмайди.

Яҳудо халқи бошига келадиган фалокатлар

5Яҳудода эълон қилинг, Қуддусда жар солинг:
«Бутун юрт бўйлаб бурғу чалинсин.»
Баланд овозда ҳайқиринг: «Қани, тўпланинглар!
Мустаҳкам шаҳарларга қочиб борайлик!»
6Қуддусга
Қуддус — ибронийча матнда Сион (шу бобнинг 31–оятида ҳам бор). 3:14 изоҳига қаранг.
қочиб бориш учун ишора беринг,
Имилламай, тезроқ қочинг!
Мен шимолдан
шимолдан — Бобил юрти назарда тутилган (1:15 га ва ўша оятнинг изоҳига қаранг).
кулфат келтирмоқдаман,
Даҳшатли ҳалокат олиб келмоқдаман.
7Ана, халқларни ҳалок этувчи йўлга тушди,
У шер каби чакалакзордан чиқди.
Юртингизни хароб қилгани уясини ташлаб келди.
Эвоҳ, энди шаҳарларингиз вайрон бўлади,
Ҳаммаси ҳувиллаб қолади.
8Марсия айтиб, фарёд қилинглар,
Қанорга ўраниб олинглар
…Қанорга ўраниб олинглар — қанор дағал қорамтир мато бўлиб, эчки ёки туя жунидан тўқилган. Қанорга ўраниб олиш умидсизликни ва қайғули ҳолатни ифодалайди. Кўпинча бу ҳаракат Худодан кечирим сўраб ибодат қилиш ва Ундан мадад тилаш билан биргаликда амалга оширилган.
.
Ахир, Эгангизнинг алангали ғазаби
Сизни четлаб ўтмади.”

9Эгамиз шундай демоқда: “Ўша куни шоҳ билан аъёнларнинг юраги орқага тортиб кетади. Руҳонийлар билан пайғамбарлар даҳшатга тушади.” 10Шунда мен дедим: “Ё Эгам Раббий, Сен Қуддус аҳолисини ёмон лақиллатдинг! Қилич уларнинг бўғзида турган бир пайтда, Сен уларга тинчлик ваъда қилдинг.”

11Ўша пайт келганда Эгамиз Қуддус аҳолисига шундай деб айтади: “Саҳродаги яланг қирлардан чиққан гармсел
гармсел — ҳосилга катта зиён келтирадиган иссиқ шамол. Бу ўринда мажозий маънода ишлатилиб, Худонинг ҳукмини билдиради.
халқим томон эсмоқда. У донни хашакдан тозалайдиган майин шабада эмас,
12балки Мен юборган кучли бир гармселдир. Мен сизларга қарши Ўз ҳукмимни эълон қилмоқдаман.”

Яҳудо душманлар қуршовида

13Қаранг! Душман булутдай кўтарилмоқда.
Уларнинг жанг аравалари қуюн кабидир,
Отлари бургутдан ҳам чаққондир.
Эвоҳ, шўримиз қурсин! Хонавайрон бўлдик!
14Эй Қуддус, нажот топишинг учун юрагингни покла.
Қачонгача юрагингда ёвуз ният сақлайсан?!
15Ана, Дан шаҳридан хабарчининг овози эшитилмоқда,
Эфрайим қирларидан
…Дан шаҳридан…Эфрайим қирларидан… — Дан шаҳри Эфрайим қирларидан шимолда жойлашган бўлиб, Исроил чегарасининг энг шимолий нуқтасини ташкил қиларди. Бобилликлар Қуддусга ҳужум қилиш учун, даставвал Дан шаҳрини, сўнг Эфрайим қирларини босиб олишлари керак эди (шу бобнинг 6–оятига қаранг).
бир шум хабар келмоқда.
16Эгамиз шундай дейди:
“Халқларга буни айтинглар,
Қуддусда шундай эълон қилинглар:
«Олис юртдан босқинчилар келмоқда,
Улар Яҳудо шаҳарларига қарши ҳайқирмоқда.
17Босқинчилар дала қўриқчиларига ўхшаб,
Қуддусни қуршаб олишади.»
Зотан, Қуддус аҳли Менга қарши бош кўтарди,
— деб айтмоқда Эгамиз. —
18Тутган йўлингиз, қилган қилмишингиз дастидан
Бу кулфат бошингизга келди–ку!
Жазоингиз шудир.
Оҳ, нақадар аччиқ бўлмаса бу кулфат!
Нақадар юракни эзади–я!”

Еремиё ўз халқи учун қайғуради

19Вой жоним, адойи тамом бўлдим!
Вой юрагим! Қинидан чиққудай бўляпти!
Сукут сақлаб тура олмайман,
Эшитяпман бурғу садоларини,
Эшитяпман урушга даъватларни.
20Кулфат кетидан кулфат келди,
Бутун юрт хонавайрон бўлди.
Бир зумда чодирларим бузилиб кетди,
Масканим пардалари йўқ бўлди.
21Қачонгача ёв байроғи кўзим олдида ҳилпираб тураверади?!
Қачонгача бурғу овози қулоғимга чалинаверади?!

22Эгамиз шундай жавоб берди:
“Ахир, Менинг халқим бефаросат,
Улар Мени танишмайди.
Улар нодон, ақлсиз фарзандлардир.
Ёмонлик қилишга уста,
Яхшилик қилиш эса қўлларидан келмайди.”

Келаётган кулфат ҳақидаги ваҳий

23Мен ерга қарадим, ер айқаш–уйқаш эди,
Кўзимни осмонга тикдим, осмонда нур кўринмасди.
24Тоғларга қарадим, тоғлар силкинаётган эди,
Ҳамма қирлар ларзага келган эди.
25Қарадим, аммо инсон зоти кўринмади,
Ҳатто кўкдаги қушлар ҳам учиб кетган эди.
26Қарадим, ҳосилдор ерлар чўлга айланган эди,
Ҳамма шаҳарлар вайрон бўлган эди.
Бунга сабаб Эгамизнинг қаттиқ қаҳри эди.

27Зеро, Эгамиз шундай деган эди:

“Бутун юрт вайрон бўлади,
Лекин юртни бутунлай йўқ қилиб юбормайман.
28Бутун дунё аза тутади,
Осмон ҳам қоп–қора бўлиб кетади.
Буни Мен айтдим, шахтимдан қайтмайман.
Қарор қилдим, қароримни ўзгартирмайман.”

29Отлиқ ва камонкашлар ҳайқириғидан
Ҳар бир шаҳар аҳолиси қочиб қолади.
Улар чакалакзорлар оралаб югуришади,
Қояларга чиқиб, ораларига яшириниб олишади.
Ҳамма шаҳарлар ҳувиллаб қолади,
У ерларда яшайдиган одам бўлмайди.
30Сен эса, эй харобазорга айланган шаҳар,
Нега устингга қирмизи либос кийиб олдинг,
Олтин тақинчоқлар билан безандинг?
Нега кўзларингни бўяб олдинг?
Бекорга безаниб олибсан!
Ўйнашларинг
Ўйнашларинг — Яҳудо халқининг иттифоқдошларига ишора.
сендан нафратланади,
Жонингга қасд қилмоқчи улар.

31Ана, кимдир тўлғоқ тутган аёлдай бақирмоқда,
Кимдир илк бор туғаётган аёлдай инграмоқда.
Қиз
Қиз — шаҳар ёки юрт аҳлига нисбатан қўлланган шеърий усул.
Қуддус энтикиб қичқирмоқда,
Қўлларини чўзиб шундай демоқда:
“Шўрим қурсин! Қотилларим олдида мадорим қолмади.”
Copyright information for UznUzbC