Jeremiah 5
Қуддус аҳолисининг гуноҳлари
1Эгамиз шундай дейди:“Қуддуснинг ҳар бир кўчасига кириб чиқинглар,
Атрофингизга қараб, билиб олинглар,
Шаҳар майдонларида қидириб кўринглар,
Бирон адолатли, ростгўй одам бормикан.
Агар шундай одамни топиб келсангиз,
Мен Қуддус аҳолисининг гуноҳидан ўтаман.
2Улар «Эгамиз шоҳид!» дея қасам ичадилар,
Аммо ичган қасамлари ёлғон.”
3Эй Эгам, Сен ҳақиқатни излайсан.
Сен бу халқни урган эдинг,
Аммо улар оғриқ сезмадилар.
Уларни деярли йўқ қилиб юборганингда ҳам,
Гапингга кирмадилар.
Бетларини тошдан ҳам қаттиқ қилдилар,
Тавба қилишни хоҳламадилар.
4Шунда мен ичимда дедим:
“Эҳа, булар камбағал–ку!
Шунинг учун уларнинг фаросати йўқ,
Улар Эгамизнинг йўлини билмайди,
Худосининг қонунини танимайди.
5Қани, бойларнинг ▼
▼ бойлар — ёки йўлбошчилар.
олдига борай–чи,Улар билан гаплашиб кўрай–чи,
Эгамизнинг йўлини улар албатта билади,
Улар Худосининг қонунини танишади.”
Аммо уларнинг ҳаммаси бўйинтуруғини синдирган экан,
Эгамизга итоат этишдан бош тортган экан.
6Шунинг учун ўрмондан чиққан шер уларни ўлдиради,
Чўлдан келган бўри уларни ғажиб ташлайди.
Қоплон уларнинг шаҳарлари олдида писиб туради,
Шаҳардан чиққан ҳар бир одамни тилка–пора қилади.
Ахир, улар кўп гуноҳ қилдилар,
Худога кўп хиёнат этдилар.
7Эгамиз шундай дейди:
“Эй Қуддус, Сени қандай қилиб кечираман?!
Фарзандларинг Мени тарк этдилар–ку!
Улар Худо бўлмаган бутларнинг номини ўртага қўйиб онт ичдилар.
Мен уларнинг эҳтиёжларини қондирар эдим,
Улар эса зино қилаверар эдилар,
Фоҳишаларнинг уйига тўдалашиб борар эдилар.
8Улар ҳирси қўзғаган айғир отлар каби эдилар,
Ҳар бири қўшнисининг хотинига кишнар эди.
9Мен уларни бунинг учун жазоламайми?!
Шундай бир халқдан ўч олмайми?!
— деб айтмоқда Эгамиз. —
10Қани, уларнинг узумзорларига киринглар,
Токларини кесиб ташланглар.
Аммо бутунлай йўқ қилманглар.
Новдаларини синдиринглар,
Энди улар Меники эмас.
11Ахир, Исроил ва Яҳудо халқлари
Менга бутунлай хиёнат қилишди.”
Эгамизнинг каломи шудир.
Эгамиз Исроилни тарк этади
12Исроил халқи Эгамиз ҳақида ёлғон гапирди, улар шундай деди:“Эгамиз барибир ҳеч нарса қилмайди.Ҳеч қандай кўргилик бошимизга тушмайди!
Қаҳатчилик, уруш бўлмайди!
13Пайғамбарларининг бемаъни сўзлари шамолга ўхшайди,
Худонинг сўзи уларга аён бўлмаган.
Бу кулфатлар ўзларининг бошига тушсин!”
14Шунинг учун Парвардигори Олам — Эгамиз шундай демоқда:“Эй Еремиё, халқим айтган бу гаплари учун
Мен Ўз сўзларимни сенинг оғзингда оловдай қиламан.
Бу халқ эса ўтин каби бўлади,
Олов уларни ёндириб ташлайди.”
15Эгамиз шундай демоқда:
“Эй Исроил халқи,
Мен олисдаги бир халқни қўзғатаман.
Уларни сизга қарши юбораман.
Улар кучли, қадимги бир халқдир.
Бу халқнинг тилини сизлар билмайсизлар,
Уларнинг гапларини тушунмайсизлар.
16Уларнинг ҳаммаси моҳир жангчилардир,
Ўқлари ўлим элчиларидир.
17Улар ҳосилингизни, нонингизни еб битиришади,
Ўғил–қизларингизни ўлдиришади.
Мол–қўйларингизни бўғизлашади,
Узумзору анжирзорларингизни йўқ қилишади.
Суянган мустаҳкам шаҳарларингизни
Лашкарлари вайрон қилишади.”
18Эгамиз демоқда: “Шундай кунларда ҳам Мен Ўз халқимни бутунлай қириб юбормайман. 19Халқим сендан: «Нима учун Эгамиз Худо бундай ишларни қилди?» деб сўраганда, сен, эй Еремиё, уларга шундай жавоб бер: «Сизлар Худони тарк этиб, юртимизда бегона худоларга хизмат қилдингизлар. Энди ўзга юртда бегона одамларга худди шундай хизмат қиласизлар.»
Худо халқни огоҳлантиради
20Бориб, Ёқуб наслига шундай деб айт, Яҳудо халқига шундай деб эълон қил: 21Сизларнинг кўзингиз бор, аммо кўрмайсизлар,Қулоғингиз бор, аммо эшитмайсизлар.
Эй ақлсиз, бефаросат одамлар,
Гапларимни эшитинглар!
22Наҳотки Мендан қўрқмасангизлар?!
Менинг олдимда титрамасангизлар?!
— деб айтмоқда Эгамиз. —
Ахир, Мен денгизга қумни чегара қилиб қўйдим,
Ўтиб бўлмайдиган абадий тўсиқ қилдим.
Тўлқинлар кўпириб, кўтарилса ҳам,
Тўсиқдан устун келолмайди.
Ҳайқириб ўкирса ҳам,
Ундан ошиб ўтолмайди.
23Аммо сизлар ўжар ва исёнкорсизлар,
Йўлдан озиб, Мени тарк этдингизлар,
24Сизлар ичингизда ҳеч айтмайсизлар:
«Эгамиз Худодан қўрқайлик,
У ўз вақтида ёмғир ёғдиради–ку!
Кузда ҳам, баҳорда ҳам еримизни суғоради–ку!
Йиғим–терим мавсумини ўз вақтида беради–ку!» деб.
25Гуноҳларингиз сизларни булардан маҳрум этди,
Айбларингиз сизларни баракадан жудо этди.
26Ҳа, халқим орасида ярамас одамлар бор.
Улар қуш овлаётгандай писиб ётишар,
Тузоқ қўйиб, одамларни ўз домига тортишар.
27Овчи қафасни қушларга тўлдиргандай,
Улар уйларини ҳийлага тўлдирдилар.
Шу туфайли кучайиб, давлат орттирдилар,
28Семириб, ялтираб кетдилар.
Қабиҳ ишларининг чек–чегараси йўқ.
Улар етимни оқлашга ҳаракат қилмайди,
Йўқсилнинг ҳақини ҳимоя этмайди.
29Мен уларни бу учун жазоламайми?!
Шундай бир халқдан ўч олмайми?!
— деб айтмоқда Эгамиз. —
30Қўрқинчли ва даҳшатли ишлар
Бу юртда содир бўлмоқда:
31Пайғамбарлар ёлғондан башорат қилмоқда,
Руҳонийлар ўзларича ▼
▼ ўзларича — ёки уларга қўшилишиб.
халқимни бошқармоқда,Халқимга буларнинг ҳаммаси хуш келмоқда.
Аммо охирида улар нима қилар экан–а?”
Copyright information for
UznUzbC