‏ Job 12

Аюбнинг тўртинчи нутқи: ҳаммага мазах бўлгани ҳақида

1Аюб шундай деб жавоб берди:

2“Ҳа, сизлар ҳамманинг ўрнига гапирасизлар, тўғрими?
Ўлсангиз, донолик ҳам сиз билан бирга ўлса керак–а?!
3Мен ҳам бир–иккита нарса биламан,
Сизлар мендан устун эмассизлар.
Сизлар айтаётганларни ким ҳам билмас экан?!

4Мен Худога илтижолар қиляпман.
Унинг жавоб беришини кутяпман.
Дўстларим эса устимдан кулаверадилар.
Солиҳ ва айбсиз бўлсам ҳам, ҳаммага мазах бўлиб қолдим.
5Беташвиш юрганлар кулфатга такаббурлик билан қарайдилар.
Фалокатни қоқилаётганларнинг тақдири деб биладилар.
6Ўғриларнинг чодирида ҳам тинчлик ҳукмрон,
Худонинг ғазабини келтирадиганлар ҳам хавф–хатарсиз юрибди.
Гўё улар «гаҳ» деса, Худо қўлига қўнади!
Гўё улар «гаҳ» деса, Худо қўлига қўнади! — ёки Улар ўз худосини қўлида кўтариб юради. “Ўз худоси” деганда бу одамлар ишонган бут ёки қилич назарда тутилган.

7Мана, ҳайвонлардан сўранглар,
Улар сизларга ўргатадилар.
Осмондаги қушлардан сўранглар,
Улар сизларга айтиб берадилар.
8Ердан сўранглар, у сизларга йўл–йўриқ кўрсатади.
Денгиздаги балиқлар сизларга тушунтирадилар.
9Мана шу жонзотларнинг орасида қайси бири
Ҳаммасига Эгамиз сабабчи эканини билмайди?!
10Ҳар бир жониворнинг ҳаётию
Инсонларнинг нафаси Унинг қўлидадир.
11Оғиз овқатнинг таъмини билади.
Худди шундай қилиб, қулоқ ҳам эшитган сўзларини синаб кўриши керак–ку?!
12Ақл–идрок узоқ умр кўрган одамларда,
Донолик кексаларда бўлади.
13Лекин ҳақиқий донолик ва қудрат Худодадир.
Маслаҳат ва ақл–идрок Унга тегишлидир.
14Агар Худо ниманидир бузса, қайта қуриб бўлмайди,
Агар У қамаб қўйса, ҳеч ким қочиб кета олмайди.
15Агар У ёмғирни ушлаб турса, ер чўлга айланади.
Сувларни қўйиб юборса, ер юзини сув босади.
16Куч ва зафар Худога тегишли!
Ёлғончию алданганлар ҳам Унинг қўлида!
17У маслаҳатчиларни қип–яланғоч қилиб қўяди,
Ҳакамларни ҳам ақлдан оздиради.
18Худо шоҳларнинг ҳам тўнларини ечиб ташлайди.
Уларни қул қилиб, белларига арқон боғлаб қўяди.
19Руҳонийларни ҳам қип–яланғоч қилиб қўяди,
Мустаҳкам ўрнашганларни Худо ағдариб ташлайди.
20Ишончли маслаҳатчиларни тилдан қолдиради,
Оқсоқолларни эса идрокидан маҳрум қилади.
21Шаҳзодаларнинг устидан шармандалик ёғдиради,
Кучлиларнинг қурол–аслаҳаларини тортиб олади.
22Худо зулматнинг энг яширин жойларини очади,
Тим қоронғиликларни ҳам ёритади.
23Халқларни юксалтиради–ю, яна Ўзи уларни ҳалокатга дучор қилади,
Халқларни кўпайтиради–да, кейин уларни тарқатиб юборади.
24Ер юзидаги йўлбошчиларни ақл–заковатдан маҳрум қилади,
Уларни сўқмоқсиз чўлларда саргардон қилиб қўяди.
25Нурсиз бир қоронғиликда улар пайпасланиб юрадилар.
Худо уларни маст одамдай қилиб қўяди,
Улар довдираб юрадиган бўлиб қоладилар.
Copyright information for UznUzbC