‏ Job 13

Аюб Худо билан даъволашмоқчи бўлади

1Буларнинг ҳаммасини ўз кўзларим билан кўрганман.
Ўз қулоғим билан эшитиб, англаб олганман.
2Сизлар билганларни мен ҳам биламан,
Сизлар мендан устун эмассизлар.
3Қани энди, Қодир Худо билан гаплаша олсам!
Худога ўз даъвоимни билдиришни хоҳлайман.
4Сизлар эса ёлғонлар тўқийсизлар,
Ҳеч фойда келтирмайдиган табибдайсизлар.
5Қанийди, жим ўтирсангиз,
Ана ўшанда доно иш қилган бўлардингиз.
6Энди менинг арзимга қулоқ солинглар,
Шикоятларимга диққат қилинглар.
7Ёлғон сўзларингиз, ноҳақ гапларингиз билан
Худони ҳимоя қиляпмиз, деб ўйлаяпсизларми?!
8Худонинг тарафини олиб, Унга ён босасизларми?!
Сизлар Худонинг даъвосини ҳимоя қиласизми?!
9Қилаётганларингизни У текшириб кўрса, яхши бўладими?
Ёки инсонни алдагандай Уни ҳам алдайсизларми?!
10Агар ҳатто хаёлингизда ҳам тарафкашлик қилсангиз,
У сизларга албатта танбеҳ беради.
11Унинг улуғворлиги юрагингизга ваҳима солмайдими?!
Ундан қўрқиб, даҳшатга тушмайсизми?!
12Сизларнинг гапингиз кулдай фойдасиз,
Ҳимоянгиз лой идишдай кучсиздир.

13Энди жим бўлинглар! Мен гапирай.
Майли, кейин нима бўлса, бўлсин.
14Жонимни хавф остига қўйиб бўлса ҳам,
Ичимдагиларни айтаман.
15Майли, У мени ўлдирсин. Бошқа умидим йўқ–ку!
Майли, У мени ўлдирсин. Бошқа умидим йўқ–ку! — ёки У мени ўлдириши мумкин, лекин мен барибир умидимни Унга боғлайман.

Ўз ишларимни Унинг олдида ҳимоя қиламан.
16Унинг олдига боришга журъат қилганим менинг нажотим бўлади,
Ахир, бетавфиқ одам Худонинг олдига бора олмайди–ку!
17Менинг сўзларимга қулоқ солинглар,
Гапларим қулоқларингизга кирсин.
18Мен ўз арзимни тайёрлаб қўйдим,
Биламан, айбсизлигим исбот бўлади.
19Хўш, ким мен билан баҳслашади?
Агар мени айбдор деб топсангиз,
Овозимни ўчираман–у, ўламан.

Аюбнинг ибодати

20Сендан икки нарса сўрайман, эй Худо,
Шуни қилсанг юзимни Сендан яширмайман.
21Энди қийноқларингни бас қилгин,
Ваҳиманг билан мени қўрқувга солма.
22Шундан кейин мени чақир, жавоб бераман,
Ёки мен гапирай, Сен эса менга жавоб бер.
23Менинг қанча айбу гуноҳларим бор экан?
Итоатсизликларимни, гуноҳларимни билдиргин менга.
24Нима учун мендан юз ўгирасан,
Мени Ўз душманинг деб ҳисоблайсан?
25У ёқдан–бу ёққа учиб юрган баргни қўрқитасанми,
Қуруқ сомонни таъқиб қиласанми?
26Менга қарши аччиқ айблар келтиряпсан,
Ёшлигимдаги гуноҳларимни эслатяпсан.
27Оёқларимни кишанлаб,
Юрган йўлларимни пойлайсан,
Ҳатто ҳар бир қадамимни ўлчайсан.
28Эвоҳ, инсон чирик нарсадай,
Куя еган кийимдай йўқ бўлиб кетади.
Copyright information for UznUzbC