‏ Job 20

Зўфар иккинчи марта гапиради: фосиқларнинг қисмати ҳақида

1Намахлик
Намахлик — 2:11 изоҳига қаранг.
Зўфар шундай деди:

2“Гапларинг мени безовта қилди,
Энди гапирмасам бўлмайди.
3Танбеҳларинг билан мени ҳақоратладинг,
Лекин энди онгим, жавоб бер, деб ундаяпти.
4Ўтмишдан билмайсанми?!
Ахир, инсонлар ер юзига жойлаштирилгандан бери,
5Фосиқларнинг шодлиги узоққа чўзилмайди–ку,
Бетавфиқларнинг қувончи бир лаҳзалик–ку!
6Такаббурлиги самога етса ҳам,
Бошлари булутларга тегса ҳам,
7Ўзларининг ахлатидай бутунлай йўқ бўлиб кетади.
Уларни олдин кўрганлар: «Қани энди улар?» деб сўрайдилар.
8Фосиқлар тушдай ўтиб кетадилар, уларни топиб бўлмайди.
Кечаси кўринган шарпадай ғойиб бўладилар.
9Ҳа, фосиқларни кўрганлар уларни бошқа кўрмайдилар,
Маконлари энди уларни танимайди.
10Фосиқларнинг фарзандлари камбағаллардан мурувват кутади,
Ўз қўллари билан тортиб олган бойликларини қайтариб беради.
11Фосиқлар ёш ва кучли эди,
Энди суяклари тупроқда ётади.

12Фосиқлик уларнинг оғизларида ширин туюлди,
Шунинг учун фосиқликни
Тилларининг тагига солиб, сўриб ўтирибдилар.
13Фосиқликни ташлагиси келмай,
Оғзиларида ушлаб турсалар ҳам,
14Ўша еганлари қоринларида аччиқ бўлади,
Илонларнинг заҳрига айланади.
15Бойликларни ютиб, қайтиб қусадилар,
Қоринларидан бўлса ҳам,
Худо қайтариб олиб қўяди.
16Улар кобра илонларнинг заҳарини сўрадилар,
Заҳарли илон уларни ўлдиради.
17Энди фосиқлар оқар дарёлардан —
Сут ва асал оқадиган ирмоқлардан завқ олмайдилар.
18Заҳмат билан топганларидан баҳраманд бўлмайдилар.
Савдо–сотиқ қилиб топганларининг гаштини сурмайдилар.
19Ахир, фосиқлар камбағалларга зулм қилиб,
Бўлганича бўлсин, деб ташлаб кетгандилар.
Ўзлари қурмаган уйларни камбағаллардан тортиб олгандилар.

20Улар нафс балосига учраган, ҳеч қачон қониқмайдилар.
Орзу–ҳавас қилиб йиққан бойликлари уларни қутқармайди.
21Улар ҳеч нарса қолдирмай, еб битирганди.
Шунинг учун фаровонлиги узоққа чўзилмайди.
22Фаровонлик даврида ҳам улар ғам–ташвишга тўладилар.
Уларнинг бошига офату кулфатлар тушади.
23Фосиқлар қоринларини тўйдириб бўлганларида,
Худо уларга бор ғазабини сочади.
Уларнинг устига Ўз зарбаларини ёғдиради.
24Фосиқлар темир қуролдан қочсалар,
Бронза найза уларни тешиб ўтади.
25Найза уларнинг таналаридан суғуриб олинади,
Ҳа, ялтироқ найза уларнинг жигарларидан тортиб чиқарилади,
Уларни ваҳима қамраб олади.
26Уларнинг хазиналари зулматда йўқ бўлиб кетади.
Инсон ёқмаган олов уларни ютиб юборади,
Олов фосиқларнинг чодирию ундаги бор нарсасини йўқ қилади.
27Само уларнинг айбини кўрсатади,
Ер уларга қарши гувоҳлик беради.
28Худонинг ғазаби келган куни
Уйидагиларни сел оқизиб кетади.
29Худо фосиқларга берган улуш ана шулардир,
Худонинг уларга тайинлаган насибаси мана шудир.”
Copyright information for UznUzbC