Job 21
Аюбнинг еттинчи нутқи: фосиқларнинг фаровонлиги ҳақида
1Аюб шундай деб жавоб берди: 2“Сўзларимга яхшилаб қулоқ солинг,Мана шу сизларнинг менга берган тасаллингиз бўлади.
3Сабр қилинг, мен ҳам гапирай,
Гапириб бўлганимдан кейин, мазах қилаверинг.
4Мен инсонларга эмас, Худога арз қиляпман–ку.
Шунинг учун сабрим чидамаяпти–да.
5Мана, ҳолимга қаранг, довдираб қоласиз,
Дамингиз ичингизга тушиб, ҳанг–манг бўласиз.
6Бошимга тушган кулфатлар ҳақида ўйласам, ваҳимага тушаман,
Танамни қалтироқ босади.
7Нима учун фосиқларнинг умрлари узилмай, давом этаверади?
Нега улар кекса ёшга етадилар?
Нега нуфузи ошиб бораверади?
8Фарзандлари ўсиб, ўз ўрнини топганини кўради,
Невараларини ҳам кўришга муяссар бўлади.
9Уйлари хавф–хатарсиз бўлади,
Худонинг таёғи уларнинг бошига тушмайди.
10Буқалари ҳеч бир қийинчиликсиз кўпаяверади,
Сигирлари болалайди, ҳеч қачон боласи тушиб қолмайди.
11Фосиқларнинг болалари қўзиларга ўхшаб сакрайдилар,
Фарзандлари ўйнаб–кулиб юраверадилар.
12Доира ва лира садосига қўшиқ куйлайдилар,
Най садосига ўйин–кулги қиладилар.
13Умрлари фаровонликда ўтади,
Ўликлар диёрига ▼
▼ Ўликлар диёри — ибронийча матнда Шеўл. 7:9 изоҳига қаранг.
тинчгина кетадилар.14Худога шундай дейдилар: «Бизни тинч қўй!
Сенинг йўлларингни билишни хоҳламаймиз.
15Қодир Худо ким бўлибдики, Унга хизмат қилсак,
Унга илтижо қилсак, бизга нима фойда тегарди?!»
16Аммо фосиқларнинг фаровонлиги ўз қўлининг иши эмас–ку!
Фосиқларнинг ўй–хаёлларидан мен жирканаман.
17Фосиқларнинг чироғи бирон марта бўлса ҳам ўчдими?
Бошига тез–тез кулфат тушиб турибдими?
Худо Ўз ғазабида уларга қийноқ беряптими?
18Қачон улар шамолда тўзиган хашакдай,
Бўрон учириб кетган сомондай бўладилар?
19Сен: «Худо инсонларнинг гуноҳлари учун
Уларнинг фарзандларини жазолайди», дейсан.
Мен эса гуноҳкорларнинг ўзи жазолансин, дейман.
Мана шу уларга сабоқ бўлади.
20Гуноҳкорлар ўз кўзлари билан ҳалокатларини кўрсинлар.
Ўзлари Қодир Худонинг ғазаби шаробини ичсинлар.
21Зотан, улар ўлганларидан кейин
Оиласига нима бўлишини ўйламайдилар ҳам!
22Ким Худога сабоқ бера олади,
Ахир, У ҳатто самовий зотларни ҳукм қилади–ку!
23Мана, бир одам тўлиқ фаровонликда,
Тинч ва хотиржам оламдан кўз юмади.
24Унинг бели бақувват,
Суяклари иликка тўла.
25Иккинчи одам эса руҳи тушкун ҳолда,
Ҳеч қачон яхшилик кўрмай ўлиб кетади.
26Иккови ҳам тупроқда бирдай ётади,
Уларни қуртлар босиб кетади.
27Эҳ, дўстларим, ниятларингизни биламан,
Мақсадларингиз ҳам менга аён.
28Сизлар: «Қани золим амалдорнинг уйи?
Фосиқларнинг чодири қаерда?» деб сўрайсизлар.
29Кўп жойларга бориб келганлардан сўранглар.
Улар айтганларини инкор қила олмайсиз!
30Кулфат кунида фосиқлар нажот топишларини,
Худонинг ғазаб кунида қутқарилишларини улар айтадилар–ку!
31Фосиқларнинг қилмишларини ким уларнинг юзига солади?
Қилмишлари учун ким уларни жазолайди?
32Жасадлари қабрга олиб борилганда,
Қабр бошига соқчи қўйилади.
33Сон–саноқсиз одамлар кетларидан бориб,
Уларга аза тутади.
Ҳатто тупроқ ҳам уларнинг устига секин тушади.
34Қандай қилиб мени пуч сўзларингиз билан юпата оласиз?
Барча берган жавобларингиз ёлғондир!”
Copyright information for
UznUzbC