‏ Job 29

Аюб илгари Худо унга берган барака ҳақида гапиради

1Аюб гапида давом этди:

2“Қани энди, Худо менга
Ғамхўрлик қилган пайтлари қайтиб келса эди.
3Ўша пайтларда Худо Ўз чироғи билан йўлимни ёритарди,
Унинг нури билан зулматдан ўтар эдим.
4Куч–қувватга тўлган кезларимда
Худо билан бўлган дўстлигим чодиримни тўлдириб турарди.
5Қодир Худо мен билан эди,
Фарзандларим ҳам атрофимда юрарди.
6Уйимда қаймоқ ошиб–тошиб ётарди,
Зайтунзорларимдан мой ариқ бўлиб оқарди.
7Шаҳар дарвозаси олдида ўтирганимда,
Йўлбошчилар орасидан жой олганимда,
8Ёшлар мени кўриб, йўл берарди,
Ҳатто кексалар ҳам ўрнидан турарди.
9Оқсоқоллар ҳам гапидан тўхтарди,
Дами ичига тушиб кетарди.
10Бошлиқларнинг ҳам овози тинарди,
Тиллари танглайига ёпишиб қоларди.
11Гапларимни эшитганлар мени мақтарди,
Кўрганлар мен ҳақимда яхши гапирарди,
12Ахир, мен нола қилган йўқсилларга ёрдам берардим,
Суянчиғи йўқ етимларни четда қолдирмас эдим.
13Ўлимдан қутқарилган бу одамлар мени дуо қилардилар,
Ёрдамим билан беваларнинг қалбини қувончга тўлдирардим.
14Солиҳликка кийим каби ўрангандим,
Одилликни саллам ва тўнимдай кийиб юрардим.
15Кўрларга кўз бўлдим,
Чўлоқларга оёқ бўлдим.
16Фақирларга ота бўлдим,
Мусофирларнинг арзларини эшитиб, ҳимоя қилдим.
17Золимларнинг тишларини синдирдим,
Уларнинг оғзидан ўлжасини тортиб олдим.
18Мен шундай деб ўйлардим:
«Узоқ умр кўриб, ўз уйимда ҳаётдан кўз юмаман.
19Ахир, мен илдизлари сувга етган,
Шохларида тун бўйи шабнам турадиган дарахтдайман.
20Доимо обрўйим баланд бўлаверади,
Кучим қайта–қайта янгиланаверади.»

21Ҳамма сукут сақлаб, менга қулоқ соларди,
Бизга қандай маслаҳат бераркан, деб кутарди.
22Менинг сўзларимдан кейин ҳеч ким гап қўшмасди,
Сўзларим уларнинг устига шабнамдай оҳиста тушар эди.
23Улар ёмғир кутгандай мени кутишарди,
Сўзларим баҳор ёмғири сингари уларга сингиб кетарди.
24Уларга кулиб қарасам, кўзларига ишонишмасди,
Марҳамат қилишимни умид билан кутишарди.
25Уларга бош бўлиб, йўл–йўриқ кўрсатардим,
Лашкарлари орасидаги шоҳдай яшар эдим,
Улар қайғуга тушганларида тасалли берардим.
Copyright information for UznUzbC