‏ Job 30

Аюб ўз дарди ҳақида гапиради

1Энди эса ўзимдан ёш бўлганлар устимдан кулади,
Уларнинг оталари қўриқчи итларим орасида бўлишга ҳам арзимайди.
2Улардан менга нима фойда?!
Ахир, улар куч–қувватдан қолган–ку!
3Улар очлигу муҳтожликдан озиб–тўзиб кетган,
Тун бўйи дашту биёбонда дайдиб юради.
4Чўл буталари орасида аччиқ ўтлар теради,
Юлғун бутасининг илдизлари уларга емиш бўлади.
5Улар одамлар орасидан ҳайдалган.
Ўғриларга бақиргандай уларнинг орқасидан бақирадилар.
6Улар қуруқ сойликлару чуқурларда,
Қоялар орасида яшашга мажбурдирлар.
7Чангалзорларда ҳайвонлар сингари бўкиради,
Қичитқи ўтлар орасида ғужанак бўлиб ўтиради.
8Энг паст, ярамас бу тўдани
Хивчинлар билан юртдан ҳайдашган.

9Мана энди ўшалар мазах қилиб,
Мен ҳақимда қўшиқлар куйлайди,
Мен уларга кулги бўлиб қолдим.
10Улар мендан нафратланиб, яқинимга ҳам келмайди,
Ҳатто юзимга тупуришдан ҳам тоймайди.
11Худо кучимни кесди, мени ерга урди.
Шунинг учун ўша ярамаслар ҳам
Менинг олдимда ўзларини жиловлай олмайдиган бўлдилар.
12Ўша қаланғи–қасанғилар
Менга қарши чиқиб, ерга йиқитадилар,
Мени ўлдирмоқчи бўлиб, ҳужум қиладилар.
13Йўлларимни тўсиб,
Бошимга тушадиган кулфатни тезлатадилар,
Уларни тўхтатадиган ҳеч ким йўқ
…Уларни тўхтатадиган ҳеч ким йўқ — ёки …Уларга қаршилик кўрсатай десам, менга ёрдам берадиган ҳеч ким йўқ.
.
14Мени мазах қилувчилар ҳар томонлама ҳужум қиладилар,
Тўфондай устимга ёпириладилар.
15Мени қўрқув босган,
Обрўйим шамол учиргандек кетди,
Фаровонлигим булут каби ўтиб кетди.

16Энди юрагим эзилиб кетяпти,
Ҳар куни мен азоб–уқубат тортаман.
17Тун бўйи суякларим зирқираб оғрийди,
Мени дард қийнаб, ҳеч тинчлик бермайди.
18Худо шахт билан кийимимдан ушлади,
Кўйлагимнинг ёқасидан тутди.
19У мени лойга булғади,
Чангу тупроқчалик қадрим йўқ.
20Эй Худойим, Сенга илтижо қиламан,
Аммо Сен менга жавоб бермайсан.
Сенинг олдингда турибман,
Сен эса қараб тураверасан.
21Менга нисбатан шафқатсиз бўлиб қолдинг,
Ўз қудратинг билан мени қувғин қиляпсан.
22Қуюн билан мени кўтариб,
Бўрон орасида у ёқдан–бу ёққа отасан.
23Биламан, инсоннинг қисмати бўлган ўлимга
Мени ҳам олиб борасан.

24Бошига кулфат тушган муҳтож одам нола қилса,
Ҳеч ким унга қўл кўтармайди–ку, ахир.
25Мен бошига кулфат тушганлар учун қайғурдим–ку!
Муҳтожларни кўриб, юрагим ачиди–ку!
26Аммо яхшилик кутганимда ёвузлик келди,
Ёруғликка умид қилсам, зулмат тушди.
27Қалбим безовталанган, тиним билмайди,
Оғир кунлар бошимга тушган.
28Қуёш нури бўлмаган бир зулматда юрибман,
Жамоа олдида мадад сўраб, фарёд қиламан.
29Мен чиябўрининг дўстидай,
Туяқушнинг укасидай бўлиб қолдим.
30Терим қорайиб кетган,
Танам иситмадан ёняпти.
31Найим садоси азадорларга жўр бўлади,
Лирам қайғули нола қилади.
Copyright information for UznUzbC