Job 31
Аюб айбсизлигини охирги марта таъкидлайди
1Мен: «Аёл–қизларга шаҳват билан қарамайман», дебКўзларим билан аҳд тузган эдим.
2Хўш, Худо менга берган насиба нима бўлди?!
Қодир Худо мен учун нима буюрган?!
3Адолатсизларнинг бошига офат,
Бадкирдорларнинг бошига кулфат тушади–ку.
4Худо ҳамма йўлларимни кўради,
Босган қадамимни кузатиб туради.
5Агар ёлғон гапирган бўлсам,
Тилим ёлғон–яшиққа тўла бўлса,
6Майли, Худо мени адолат тарозисида тортиб кўрсин,
Шунда У поклигимни билиб олади.
7Агар тўғри йўлдан оғиб кетган бўлсам,
Нафсим мени йўлдан уриб,
Қўлларимни булғаган бўлсам,
8Майли, мен экай, ҳосили бировга насиб бўлсин,
Даламда унган экинлар суғуриб ташлансин.
9Бирор аёл мени йўлдан урган бўлса,
Шаҳват билан қўшнимни пойлаган бўлсам,
10Майли, хотиним бошқаларнинг буғдойини янчсин,
Бегона эркаклар унинг олдига кирсин.
11Ахир, шаҳват бузуқлик–ку!
Бу гуноҳ албатта ҳукм қилинади.
12Ҳалокат диёригача ▼
▼ Ҳалокат диёри — ибронийча матнда Абаддўн. 26:6 нинг иккинчи изоҳига қаранг.
етиб борадиган оловдайдир у,Бор–будимни таг–томири билан еб битиради.
13Қулларим, чўриларим мен ҳақимда шикоят қилганда,
Уларга нисбатан доим адолатли бўлганман.
14Акс ҳолда, Худо ҳукмга турганда мен нима қилардим?
Худо мени сўроқ қилганда нима деган бўлардим?
15Мени яратган уларни ҳам яратган–ку!
Онамизнинг қорнида барчамизга шакл берган — Худо–ку!
16Муҳтожлар мадад сўраганда, қайтариб юбормадим,
Беваларнинг умидини пучга чиқармадим.
17Овқатимни бир ўзим емадим,
Етимлар билан бўлишдим.
18Ёшлигимдан етимларга ота бўлдим,
Умрим бўйи беваларга ғамхўрлик қилдим.
19– 20Кўзим тушган яланғоч бечоралар
Қўйларимдан қирқиб олинган жунлар билан исинди.
Уст–боши бўлмаган фақирларга меҳр кўрсатдим,
Шунинг учун улар мени дуо қилди.
21Агар қозихонада сўзим ўтишини билиб туриб,
Етимларга қарши қўл кўтарган бўлсам,
22Қўлларим синиб қолсин,
Қўлим елкамдан узилиб тушсин.
23Мен Худодан келадиган кулфатдан қўрқардим,
Худонинг улуғворлигини била туриб, бундай иш қила олмасдим.
24Тиллага ишондимми?
Тоза тиллага умид боғладимми?
25Бойлигим кўплигидан ёки мол–мулким билан мақтандимми?
26Осмондаги ёруғ қуёшга қараб,
Гўзал ойнинг сузишини кузатиб,
27Юрагим васвасага тушдими?
Уларга сиғиндимми?
28Агар шундай қилган бўлсам, бу ҳам ҳукмга лойиқ гуноҳ бўлар эди.
Ахир, бу иш билан юксакдаги Худога садоқатсизлик кўрсатган бўлардим–да!
29Ҳатто ғанимларимга келган кулфатдан суюнмадим,
Бошига офат тушганда қувонмадим.
30Уларни қарғашдан ўзимни тийдим,
Бошимга гуноҳ орттирмадим.
31Хизматкорларим шундай дердилар:
«Аюбнинг чодирида гўшт еб, тўймаганлар борми?»
32Ҳеч бир мусофир кўчада тунамас эди,
Чунки эшигим доимо сайёҳларга очиқ эди.
33Бошқаларга ўхшаб, гуноҳларимни яширмадим,
Айбларимни юрагимда сақламадим.
34Оломондан чўчийдиганлару
Одамларнинг гапидан қўрқадиганлар каби
Кўчага чиқмай, жим ўтиравермадим.
35Кошки энди менга қулоқ соладиган бирортаси бўлса!
Мана арзимга ўзим қўл қўйяпман.
Энди Қодир Худо Ўзи жавоб берсин.
Қани энди, душманим айбларимни ёзиб берса,
36Мен фахрланиб, уларни елкамга осган бўлардим,
Тож қилиб кийиб юрган бўлардим.
37Ҳар бир босган қадамимга жавоб берган бўлардим,
Мағрур бир шаҳзода каби Худонинг олдига борган бўлардим.
38Агар ерларим менга қарши фарёд қилса,
Ерларим эгатлари кўз ёшга тўла бўлса,
39Баҳосини тўламай, ҳосилини еган бўлсам,
Деҳқонларнинг ўлимига сабабчи бўлган бўлсам,
40Буғдой ўрнига тиканлар ўссин,
Арпа ўрнига газанда ўтлар чиқсин.”
Шундай қилиб, Аюбнинг гаплари тугади.
Copyright information for
UznUzbC