‏ Job 35

Элиху Аюбга Худонинг адолатли эканини эслатади

1Элиху гапини давом эттириб, шундай деди:

2“Эй Аюб: «Худонинг олдида айбсизман»,
— деб айтишингиз нотўғри.
3Сиз Худога: «Гуноҳсизлигим
Менга яхшилик келтириши керак эди–ку!
Аммо мен ёмонлик кўрдим!»
— деб айтишингиз ҳам тўғри эмас.
4Сиз ва дўстларингиз гапимни эшитинглар.
5Осмонга қараб кўринглар,
Сизлардан анча тепада бўлган булутларга қаранглар.
6Итоатсизлик қилсангиз, Худога нима зарар?
Гуноҳларингиз кўпайса, Худога нима?
7Борди–ю, солиҳ бўлсангиз, Унга нима қилиб берардингиз?
У сизнинг қўлингиздан бирор нарса олишга зорми?
8Фосиқлигингиздан фақат инсонлар қийналади.
Солиҳлигингиз ҳам фақатгина инсонларга мадад беради.

9Зулм ҳаддан ташқари кўп бўлгани учун одамлар фарёд қилади.
Зўравонларнинг қўлидан қутқаринглар, деб ёрдам сўрайди.
10Аммо ҳеч ким Яратувчига ёлвормайди.
Тунлари умид берадиган Худога илтижо қилмайди.
11У эса ер юзидаги жониворларга қараганда бизга кўпроқ билим берган–ку!
Бизни осмондаги қушлардан ақллироқ қилган–ку!
12Зулм остида қолган инсонлар фарёд қилишса ҳам, Худо жавоб бермайди.
Ахир, уларнинг ўзлари такаббур ва фосиқдир.
13Худо бундай инсонларнинг пуч сўзларига умуман қулоқ солмайди,
Қодир Худо уларга эътибор бермайди.
14Эй Аюб! Сиз: «Худони кўрмаяпман», дейсиз.
Даъвоингизни Унга келтирдингиз, энди сабр қилинг!
15Сиз: «Худо ғазабини сочмаяпти,
Фосиқликка заррача эътибор бермаяпти», деб ўйлайсиз.
16Шундай қилиб, Аюб бемаъни гапларни гапиряпти.
Ҳеч нима билмай туриб, гапни кўпайтиряпти.”
Copyright information for UznUzbC