‏ Job 4

Элифаз гапиради: у Аюбни гуноҳда айблайди

1Шундан кейин Темонлик
Темонлик — 2:11 изоҳига қаранг.
Элифаз Аюбга шундай деди:

2“Бир гап айтсам, хафа бўлмайсанми?
Ахир, ким гапирмай жим тура олади?!
3Сен кўпларга насиҳат қилар эдинг.
Ожизларга ёрдам берар эдинг.
4Қоқилганларга сўзларинг билан далда берардинг,
Оғир юк остида эзилганларга куч бағишлардинг.
5Энди эса азоб–уқубатга учраганингда тушкунликка тушяпсан,
Ўз бошингга тушганлардан саросимада ўтирибсан.
6Худодан қўрқишинг умидинг бўлиши керак эмасми?!
Йўлларинг тўғрилиги сенга умид бағишламайдими?!

7Ўйлаб кўргин–чи, қачон айбсиз инсон ҳалок бўлган?!
Бирор ерда солиҳ киши ҳеч йўқ қилинганми?!
8Ўз ҳаётимда кўрганман, ким ёвузлик,
Ғам–ғусса экса, худди ўшани ўради.
9Худонинг нафаси уларни ўлдиради,
Худонинг ғазабидан фосиқлар даф бўлади.
10Уларнинг шерникидай бўлган овозларини Худо ўчиради,
Ўша махлуқларнинг тишларини Худо синдиради.
11Ўлжа йўқлигидан у шерлар ҳалок бўлади,
Шерваччалари ҳам узоқларга тарқалиб кетади.

12Менга бир сўз яширинча келди,
Қулоғимга шивирлаб эшитилди.
13Инсонлар чуқур уйқуда бўлганда,
Ташвишли тушларда бу сўз келди.
14Мени қўрқув–қалтироқ босди,
Бутун вужудим ларзага келди.
15Бир руҳ юзимни силаб ўтди,
Шунда тукларим тикка бўлиб кетди.
16Руҳ тўхтаб, қимирламай турди,
Аммо уни аниқ кўрмадим.
Кўз олдимда бир шарпа турар эди.
Сукунат чўкди, кейин бир овоз эшитдим:
17«Инсонлар Худонинг олдида солиҳ бўла оладими?!
Одамлар Яратувчисининг олдида пок бўла оладими?!
18Ахир, Худо ҳатто Ўз фаришталарига ишонмайди–ку,
Улардан ҳам айб топади–ку!
19Шундай экан, тупроқдан яратилган инсонлардан,
Лойдан бино бўлган, куядай эзиладиган
Одамлардан қанчалар айб топади?!
20Ахир, улар эрталаб бор,
Кечаси эса йўқ бўлиб кетадиган инсонлар–ку!
Уларнинг номи абадий ўчиб кетади.
21Чодирларининг арқонлари узиб ташланади,
Улар доноликка етишмай ҳалок бўладилар.»
Copyright information for UznUzbC