‏ Job 7

1Инсоннинг ердаги меҳнати машаққатли–ку!
Унинг кунлари мардикорнинг кунига ўхшайди–ку!
2Ҳа, инсон сояни қўмсаган қулга ўхшайди!
Ўз ҳақини кутган мардикордайдир у!
3Менга ҳам мақсадсиз ойлар,
Қайғуга тўла тунлар берилган.
4Ётганимда: «Қачон тонг отаркан?» — дейман,
Лекин тун жуда чўзилиб кетади,
Тонг отгунча ағнаб чиқаман.
5Танамни қурт ва яра босиб кетган,
Терим ёрилиб, йиринглаб кетган.
6Кунларим бўзчининг мокисидан
моки — газлама тўқиш жараёнида ишлатиладиган кичкина ёғоч ғалтак. Моки дастгоҳга тортилган иплар орасидан тез ўтиб, газламанинг арқоғини ўтказади.
ҳам тезроқ ўтади,
Асло умид бағишламай ўтиб кетаверади.

Аюб Худога ёлворади

7Эй Худойим, ҳаётим бир нафасдай эканлигини ёдингда тут,
Кўзларим энди ҳеч қачон яхшиликни кўрмайди.
8Ҳозир мени кўриб турибсан, лекин бу узоққа чўзилмас,
Мени қидирасан, лекин мен ўшанда бўлмайман.
9Булут тарқалиб, йўқ бўлиб кетади.
Худди шунга ўхшаб, ўликлар диёрига
ўликлар диёри — ибронийча матнда Шеўл. Қадимги пайтларда одамлар Шеўлни ер остидаги тубсиз чуқурлик, марҳумлар борадиган қоронғи жой деб тушунарди.
кетганлар қайтиб келмайди.
10Улар уйларига қайтиб келмайдилар,
Ўз яшаган жойларида уларни билмайдилар.

11Шунинг учун жим бўлмай,
Ўз дардимни баён қиламан,
Алам–ҳасратда шикоят қиламан.
12Эй Худойим! Нима учун устимдан қўриқчи қўйдинг?
Мен денгизманми ёки денгиз махлуқиманми?
Мен денгизманми ёки денгиз махлуқиманми? — қадимги афсоналарга кўра, денгиз ва денгиз махлуқи бузғунчи кучларнинг рамзи бўлиб, ўрнатилган барча тартибга таҳдид солар эди. Худо дунёдаги тартибни сақлаб туриш учун бундай кучларни жиловлаб туради (38:8-11 га қаранг).

13«Тўшагим менга тасалли берар,
Уйқу дардимни енгиллаштирар», — десам,
14Тушлар орқали мени қўрқитасан,
Ваҳийлар орқали даҳшатга соласан.
15Шунда мен, қани энди бўғилиб қўя қолсам, дейман,
Ахир, шу жисмимда яшашдан кўра, ўлим афзалроқ.
16Ҳаётимдан нафратланяпман, абадий яшамайман.
Ҳаётим бир нафасдай бўлса ўзи, мени тинч қўйгин, ахир!
17Инсон ким бўлибдики,
Унга шунчалик эътибор берсанг?!
Одам ким бўлибдики,
У ҳақда ўйласанг?!
18Ҳар тонг уни текшириб,
Ҳар лаҳзада синасанг?!
19Бир лаҳзага мендан юз ўгиргин,
Тинч қўйгин, ҳеч бўлмаса бир ютинай.
20Гуноҳ қилган бўлсам, Сенга нима, эй одамзод Қўриқчиси?!
Нима учун мени Ўзингга нишон қилиб олдинг?!
Сенинг менда қасдинг борми?!
Сенинг менда қасдинг борми?! — баъзи иброний қўлёзмаларидан ва қадимий юнонча таржимадан олинган (мазкур матндаги иборанинг сўзма–сўз таржимаси Сенга оғирлигим тушиб қолдими?!). Ибронийча матнда Ўзимга ўзим оғир юк бўлдим.

21Нима учун гуноҳимни кечириб,
Айбимдан фориғ қилмайсан?
Ахир, яқинда тупроққа қайтаман–ку!
Мени қидирганингда эса йўқ бўлиб кетган бўламан.”
Copyright information for UznUzbC