Job 8
Билдад гапиради: у Аюбни тавбага чақиради
1Шувахлик ▼▼ Шувахлик — 2:11 изоҳига қаранг.
Билдад Аюбга шундай деди: 2“Қачонгача шундай гапларни гапирасан?Оғзингдан чиққан сўзлар шамолга ўхшайди–я!
3Худо адолатга хиёнат қиладими?
Қодир Худо ҳақиқатнинг йўлини тўсадими?
4Фарзандларинг Унга қарши гуноҳ қилган бўлса,
Худо уларни гуноҳлари учун жазолади.
5Худога юз бургин,
Қодир Худога ёлворгин.
6Агар пок ва солиҳ бўлсанг,
Албатта У сенга қўлини узатиб,
Сени ўз ҳаққоний жойингга қайтаради.
7Охири шунчалик фаровон бўласанки,
Аввалги ҳолатинг ночордай туюлади.
8Ана, ўтиб кетганларга қарагин,
Аждодларимизнинг қилганларига эътибор бергин.
9Ахир, биз кечагина туғилганмиз, ҳеч нарса билмаймиз,
Ҳаётимиз ҳам соядек ўтиб кетади.
10Аждодларимиз сенга муаллим бўлади,
Уларнинг ақл–заковатидан сабоқ ол.
11Тўқайзор бўлмаса қамиш ўсадими?!
Сув бўлмаган жойда қамиш бўй чўзадими?!
12Қамишлар ҳали кўкариб турган пайтдаёқ,
Кесилишга тайёр бўлмай туриб,
Ҳамма ўтлардан олдин сўлиб қолади.
13Ҳа, Худони унутганлар ҳам шу кўйга тушади,
Бетавфиқларнинг умиди пучга чиқади.
14Улар умид боғлаган нарсалар жуда мўртдир,
Улар ишонган нарсалар ўргимчакнинг тўрларидайдир.
15Улар ўз уйига суянадилар, аммо уй бузилиб кетади.
Уйини маҳкам ушлайдилар, лекин уй бардош бермайди.
16Фосиқлар яхши суғорилган,
Қуёш нури остида ўсаётган бутага ўхшайдилар,
Новдалари бутун боғ бўйлаб ёйилиб кетган.
17Илдизлари тошларга чирмашиб,
Ўша ердан ўзига жой қидиради.
18Лекин илдиз юлиб ташланганда,
Ўсган жойи ҳам билинмайди.
19Ҳа, фосиқларнинг шодлиги узоққа чўзилмайди,
Бошқалар чиқиб, уларнинг ўрнини олади.
20Айбсиз кишини Худо ҳеч рад қилмайди,
Ёвузларга эса ёрдам қўлини узатмайди.
21У ҳали оғзингни кулги билан тўлдиради,
Лабларингдан эса шодлик садосини янгратади.
22Сендан нафратланганлар уятга қоладилар,
Фосиқларнинг чодири вайрон бўлади.”
Copyright information for
UznUzbC