Joshua 10
Исроил халқи жанубдаги шоҳларни мағлуб қилади
1Қуддус ▼▼ Қуддус — ўша пайтда Қуддус шаҳри Исроил халқига эмас, балки Ёбус халқига тегишли эди.
шоҳи Одонисидиқ эшитдики, Ёшуа Ай шаҳрини қўлга киритибди, уни бутунлай вайрон қилибди, Ерихо ва унинг шоҳини нималар қилган бўлса, Ай шаҳрини ва унинг шоҳини ҳам шундай қилибди. Гивонликлар ҳам Исроил халқи билан сулҳ тузганини, энди улар билан тинч–тотув яшаётганларини Одонисидиқ эшитиб, 2жуда қўрқиб кетди. Ахир, Гивон шаҳри улкан шаҳар бўлиб, ўз шоҳига эга бўлган шаҳарлардай катта, Ай шаҳридан ҳам каттароқ эди–да. Гивон аҳолисининг барча эркаклари ҳам жуда моҳир жангчи эдилар. 3Хеврон шоҳи Хўхам, Ярмут шоҳи Пиром, Лахиш шоҳи Ёфия ва Эглон ▼▼ Хеврон…Эглон… — Хеврон шаҳри Қуддусдан қарийб 32 километр жануби–ғарбда жойлашган эди. Ярмут, Лахиш ва Эглон шаҳарлари ҳам Қуддусга яқин жойда, қарийб 25-55 километр жануби–ғарбда жойлашган эди.
шоҳи Дабир Қуддус шоҳи Одонисидиқдан шундай хабар олишди: 4“Келиб, менга ёрдам беринг. Бирга Гивонга ҳужум қилайлик, чунки улар Ёшуа ва бутун Исроил халқи билан сулҳ тузибди.” 5Шунда Қуддус шоҳи, Хеврон шоҳи, Ярмут шоҳи, Лахиш шоҳи ва Эглон шоҳи — Амор халқларининг бешала шоҳлари кучларини йиғдилар. Барча қўшинлари билан Гивонни ўраб олиб, ҳужум қилдилар. 6Гивонликлар Ёшуага — Гилгалдаги қароргоҳга шундай хабар юбордилар: “Қирлардаги ҳамма Амор шоҳлари ўз қўшинлари билан бизларга қарши чиқишди. Қулларингизни тарк этманг! Тез келиб бизларни қутқаринг, бизга ёрдам беринг.” 7Ёшуа бутун лашкари билан Гилгалдан чиқди. Уларнинг орасида энг зўр жангчилар ҳам бор эди. 8Эгамиз Ёшуага шундай деди: “Улардан қўрқма, уларни сенинг қўлингга берганман, уларнинг бирортаси ҳам сенга бас кела олмайди.” 9Ёшуа ўз лашкари билан Гилгалдан ▼▼ …Гилгалдан… — Гивон ва Гилгал орасидаги масофа қарийб 32 километрга тўғри келарди.
чиққандан кейин туни билан йўл босиб, Амор қўшинларининг устига тўсатдан бостириб борди. 10Бутун Исроил лашкари олдида Эгамиз Амор қўшинларини ваҳимага солди. Исроил лашкари Гивонда уларнинг кўпларини қиличдан ўтказди. Байт–Хўронга чиқадиган йўл билан қувиб, то Озикаҳ ва Маккедога етиб ▼▼ …Озикаҳ ва Маккедога етиб… — қарийб 30 километрли масофа.
боргунча йўлда Амор қўшинларини йўқ қилди. 11Улар Исроил лашкаридан қочиб, Байт–Хўрондан пастга тушаётганларида, то Озикаҳга етгунларича Эгамиз осмондан уларнинг устига йирик–йирик дўл ёғдирган эди. Уларнинг кўплари дўл остида ҳалок бўлди. Исроил лашкарининг қиличидан ҳалок бўлганлардан кўра, дўл уриб ўлганлар кўпроқ эди. 12Эгамиз Амор халқларини Исроил лашкарининг қўлига берган куни Ёшуа Эгамизга гапириб, бутун Исроил халқи олдида шундай деди:“Эй қуёш, тек тургин Гивон шаҳрида,Эй ой, сен эса Ойжавлон водийсида ▼
▼ Ойжавлон водийси — Гивон шаҳридан қарийб 15 километр ғарбда жойлашган.
.”13Халқ ўз душманларидан қасос олмагунча, қуёш ҳам, ой ҳам қимирламай, осмонда тўхтаб тураверди. “Ёшур” китобида ▼
▼ “Ёшур” китоби — ибронийчадаги маъноси Солиҳлар китоби. Эҳтимол, бу китоб жангнома бўлиб, қадимий достонлар ва қўшиқлар мажмуасидан иборат эди. Бу китоб ҳозирги кунгача сақланиб қолмаган. 2 Шоҳлар 1:18 да ҳам ўша китобга ишора қилинган.
шу ҳақида ёзилган. Қуёш осмоннинг ўртасида тўхтаб, кун бўйи ботмай турди. 14Ўша куни Исроил халқи учун Эгамизнинг Ўзи жанг қилди. Ундан олдин ҳам, кейин ҳам Эгамиз инсоннинг илтижосига жавоб берган бундай кун бўлмаган. 15Шундан кейин Ёшуа ва бутун лашкар Гилгалдаги қароргоҳга қайтиб кетишди. Ёшуа жанубдаги бешта шоҳни ўлдиради
16Бешала шоҳ қочиб, Маккедодаги ғорга яшириниб олишган эди. 17Ёшуага: “Бешта шоҳ топилди, улар Маккедодаги ғорнинг ичига яшириниб олишган экан”, деб айтишди. 18Ёшуа шундай деди: “Катта тошлар олиб, ғорнинг оғзини ёпинглар. Шоҳлар чиқиб кетмаслиги учун у ерга қўриқчилар тайинланглар, 19лекин ҳаммангиз ҳам ўша ерда қолиб кетманг. Душман лашкарларини қувиб, уларга орқадан ҳужум қилинг. Улар ўз шаҳарларига киришларига йўл қўйманг, чунки Эгангиз Худо душманларни сизнинг қўлингизга берган.” 20Ёшуа ва бутун Исроил лашкари душманларнинг деярли ҳаммасини қиличдан ўтказди. Фақат бир–иккитасигина ўз мустаҳкам шаҳарларига қочиб бориб, тирик қолди. 21Бутун Исроил лашкари Маккедодаги қароргоҳга соғ–саломат қайтиб борди. Шундан кейин ўша ердагилардан ҳеч ким Исроил халқига қарши гапиришга журъат эта олмади. 22Ёшуа: “Ғорнинг оғзини очиб, бешта шоҳни менинг олдимга олиб келинглар”, деб буюрди. 23Унинг айтганини қилиб, бешта шоҳни — Қуддус, Хеврон, Ярмут, Лахиш ва Эглон шаҳарларининг шоҳларини ғордан олиб чиқиб, унинг олдига олиб келишди. 24Ёшуа бутун Исроил жангчиларини йиғиб, ўша бешта шоҳни ерга ётқизди. Жангчиларнинг бошлиқларига эса шундай деди: “Яқинроқ келиб, оёқларингизни шоҳларнинг бўйинларига қўйинглар.” Улар келиб, оёқларини шоҳларнинг бўйинларига қўйдилар. 25Ёшуа гапида давом этди: “Энди қўрқманг, ваҳимага тушманг, фақатгина дадил ва ботир бўлинглар. Эгамиз сизга қарши чиқадиган ҳамма душманларни шу кўйга солади.” 26Шундан кейин Ёшуа шоҳларни ўлдириб, уларнинг жасадларини тик ўрнатилган бешта ходанинг учига қоқтирди. Жасадлар кечгача ходаларда осилиб турди. 27Қуёш ботганда, Ёшуанинг буйруғига кўра, шоҳларнинг жасадларини ходалардан тушириб, илгари ўша шоҳлар яширинган ғорнинг ичига ташладилар. Ғорнинг оғзини эса катта–катта тошлар билан ёпиб қўйдилар. Ўша тошлар бугунгача ўша ердадир.Ёшуа жанубдаги шаҳарларни вайрон қилади
28Ёшуа ўша куни Маккедо шаҳрини ▼▼ Маккедо шаҳри — бу шаҳар, шунингдек, шу бобнинг 28-38–оятларида айтиб ўтилган ҳамма шаҳарлар Канъоннинг жанубида жойлашган эди.
босиб олди, унинг аҳолисини шоҳи билан бирга қиличдан ўтказди. Шаҳардаги ҳар бир кишини йўқ қилди, у ерда бирорта ҳам тирик жон қолмади. Ерихонинг шоҳини нима қилган бўлса, Маккедонинг шоҳини ҳам шундай қилди. 29Кейин Ёшуа бутун Исроил лашкари билан Маккедодан Либна шаҳрига бориб, Либнага ҳужум қилди. 30Эгамиз Либна ва унинг шоҳини ҳам Исроил лашкарининг қўлига берди. Улар бутун шаҳар аҳолисини қиличдан ўтказиб, бирорта ҳам тирик жон қолдирмадилар. Ерихо шоҳини нима қилишган бўлса, Либна шоҳини ҳам шундай қилишди. 31Ёшуа ва барча Исроил жангчилари Либнадан Лахиш шаҳрига бордилар. Шаҳарни қуршовга олиб, ҳужум қилишди. 32Эгамиз Лахишни Исроил лашкарининг қўлига берди. Улар иккинчи куни шаҳарни босиб олишди. Худди Либнадагидай бу шаҳарнинг ҳам бутун аҳолисини қиличдан ўтказишди. 33Гезер шаҳрининг шоҳи Хўром Лахиш шаҳрига ёрдамга келган эди, Ёшуа Хўромни ва унинг бутун қўшинини бирорта ҳам тирик жон қолдирмай йўқ қилди. 34Исроил лашкари Ёшуа билан Лахишдан чиқиб Эглон шаҳрига борди. Уни ҳам қуршовга олиб, ҳужум қилди. 35Худди Лахишдагидай Эглонни ҳам бир кун ичида босиб олиб, унинг барча аҳолисини йўқ қилди. 36Бундан кейин Ёшуа билан Исроил лашкари Эглондан Хеврон шаҳрига боришди. Ўша шаҳарга ҳужум қилишди. 37Хевронни қўлга олиб, унинг шоҳини, бутун аҳолисини, ҳатто атрофидаги қишлоқларнинг аҳолисини ҳам бутунлай йўқ қилдилар. Худди Эглондагидай битта ҳам тирик жон қолдиришмади. 38Кейин Ёшуа бутун Исроил лашкари билан Давир шаҳрига бориб, унга ҳужум қилди. 39Шаҳарни қўлга киритиб, унинг шоҳи, бутун аҳолиси ва ҳатто атрофидаги қишлоқларнинг аҳолисини ҳам бутунлай йўқ қилди. Хеврон, Либна шаҳарлари ва уларнинг шоҳларига нима қилган бўлса, Давир ва унинг шоҳини ҳам худди шундай қилиб, шаҳарда бирорта ҳам тирик жонзот қолдирмади. 40Ёшуа бутун юртни — қирларнию Нагав чўлини ▼▼ Нагав чўли — ҳозирги Исроилнинг жанубида, Ўлик денгизнинг жануби–ғарбида жойлашган ерлар.
, ғарбдаги қир этакларини, шарқдаги қир ён бағирларини босиб олди ва у ерларнинг шоҳларини мағлуб қилди. Исроил халқининг Худоси — Эгамиз буюргандай, Ёшуа ҳеч кимни тирик қолдирмади, ҳаммани қириб ташлади. 41Ёшуа Кадеш–Барнадан Ғазогача бўлган шаҳарларни, бутун Гўшен ерларини ▼▼ Гўшен ерлари — Яҳудо қабиласига берилган қирлар ва жанубда жойлашган Нагав чўли оралиғидаги ерлар. Ибтидо ва Чиқиш китобларида тилга олинган Миср юртидаги Гўшендан бошқа ерлар.
, шимолдаги Гивонгача бўлган ерларни босиб олди. 42Ёшуа бу шоҳлар ва уларнинг ерларини бир юришдаёқ босиб олди, чунки Исроил халқининг Худоси — Эгамиз Ўз халқи учун жанг қилди. 43Кейин Ёшуа Исроил лашкари билан бирга Гилгалдаги қароргоҳга қайтиб борди.
Copyright information for
UznUzbC