Joshua 23
Ёшуанинг охирги насиҳатлари
1Орадан йиллар ўтди. Эгамиз Исроил халқига тинчлик ато қилди, атрофдаги душманлар уларга хавф солмас эди. Ёшуа ҳам ёши анча ўтиб, қариб қолган эди. 2У бутун Исроил халқини, уларнинг оқсоқолларию бошлиқларини, ҳакам ва назоратчиларини чақириб шундай деди: “Менинг ёшим ҳам ўтди, анча қариб қолдим. 3Эгангиз Худо сизлар учун атрофингиздаги халқларни нима қилганини кўрдингиз. Эгангиз Худонинг Ўзи сизлар учун жанг қилди. 4Мен Исроил халқининг қабилаларига шарқда Иордан дарёсидан бошлаб ғарбдаги Ўрта ер денгизигача ▼▼ Ўрта ер денгизи — ибронийча матнда Буюк денгиз.
бўлган ерларни мулк қилиб бердим. Мен сизларга мағлуб бўлган халқларнинг ҳам, ҳали мағлуб қилинмаган халқларнинг ҳам ерларини тақсимлаб бердим. 5Эгангиз Худонинг Ўзи ўша халқларни олдингиздан ҳайдаб, орқага чекинтиради. Эгангиз Худонинг Ўзи ваъда қилгандай, сизлар уларнинг ерларини эгаллайсизлар. 6Мусонинг Таврот китобида ▼▼ Таврот китоби — 1:8 изоҳига қаранг.
ёзилган барча қонунларга амал қилинглар. Уларни битта қолдирмай бажаринглар. 7Орангизда қолган ўзга халқларга қўшилманглар. Уларнинг худоларининг номларини тилга ҳам олманглар, ўша худоларнинг номи билан қасам ичманглар. У худоларга сажда ҳам қилманглар, хизмат ҳам қилманглар. 8Сизлар шу пайтгача Эгангиз Худога содиқ бўлиб келдингизлар, бундан кейин ҳам Унга содиқ бўлиб қолинглар. 9Эгамиз сизларнинг олдингиздан катта ва кучли халқларни ҳайдаб чиқарди, мана шу кунгача ҳеч ким сизларга бас кела олгани йўқ. 10Эгангиз Худо ваъда қилгандай, Унинг Ўзи сизлар учун жанг қилади. Душманларнинг мингтаси биттангизга бас кела олмайди. 11Шунинг учун доимо чин дилдан Эгангиз Худони севинглар. 12Ундан юз ўгирманглар, орангиздаги ўзга халқлар билан аралашманглар, улар билан қуда–андачилик қилманглар. 13Агар шундай қилсангиз, билиб қўйингки, Эгангиз Худо ўша халқларни сизларнинг олдингиздан бошқа ҳайдаб чиқармайди. Улар сизларга қопқон ва тузоқдай, елкаларингизга қамчидай, кўзларингизга эса тикандай бўлади. Охири, Эгангиз Худо сизларга берган мана шу ҳосилдор юртда бирортангиз ҳам тирик қолмайсиз. 14Мен ҳам бир бандаман, умрим охирлаб боряпти. Шубҳасиз, ҳаммангиз биласиз, Эгангиз Худо сизларга яхши ваъдалар берган эди, шу ваъдаларнинг ҳаммаси рўёбга чиқди, уларнинг бирортаси ҳам бажарилмай қолмади. 15Эгангиз Худо сизларга ваъда қилган барча яхши нарсаларни рўёбга чиқарди. Агар Эгамизга итоат қилмасангиз, У сизларни огоҳлантириб айтган кулфатларни бошингизга солади. Оқибатда У сизларга берган мана шу ҳосилдор юртдан сизларни бутунлай йўқ қилиб ташлайди. 16Агар сизлар Эгангиз Худо билан қилган аҳдни бузиб, бошқа худоларга эргашсангиз, уларга хизмат қилиб, сажда қилсангиз, сизларга қарши Эгамизнинг ғазаби қўзғайди–да, У сизларга берган мана шу ҳосилдор юртда тез орада қирилиб кетасизлар.”
Copyright information for
UznUzbC