Judges 19
Гиво аҳолиси оғир гуноҳ қилади
1Исроилда шоҳ бўлмаган ўша даврларда Эфрайим қирларининг кимсасиз жойида Леви қабиласидан бир одам яшарди. У Яҳудо ҳудудидаги Байтлаҳм шаҳридан бир чўрини ▼▼ чўри — ибронийча матнда бу сўзнинг маъноси қуйидагича: чўри бўлган аёллар қонуний хотин бўлмасалар–да, хўжайинлари улар билан жинсий алоқада бўлишган. Қадимги пайтларда бу аёлларнинг жиддий қонуний ҳуқуқлари бўлиб, хўжайинлари уларнинг эрлари сифатида бўлган. Бу ибронийча сўз бу матннинг қолган қисмида (19:1-20:6) хотин деб таржима қилинган.
ўзига хотин қилиб олди. 2Аммо хотини унга бевафолик қилиб, отасининг уйига — Яҳудодаги Байтлаҳмга қайтиб кетди. Орадан тўрт ой ўтди. 3Леви эса у билан ярашмоқчи бўлиб, орқасидан борди. У ўзи билан хизматкори ва бир жуфт эшагини олган эди. Улар хотинининг қизлик уйига етганларида, левининг қайнатаси уларни хурсанд бўлиб қаршилаб олди. 4У қўймай, уларни уйида уч кун меҳмон қилди. Улар еб–ичиб, у ерда тунадилар. 5Тўртинчи куни леви барвақт туриб йўлга шайланди. Қайнатаси эса унга: “Йўлга чиқишдан олдин чой–пой ичиб олинг, ўғлим, қувват бўлади, кейин кетарсизлар”, — деди. 6Шунда улар ўтириб, бирга еб–ичишди. Кейин қизнинг отаси: “Бугун ҳам қолиб дам олсангизлар бўларди”, — деди. 7Леви кетмоқчи бўлиб ўрнидан турганда ҳам уни яна қўярда–қўймай уйида олиб қолди. 8Бешинчи куни леви кетмоқчи бўлиб эрта билан саҳарда турганда, қизнинг отаси унга: “Чой–пой ичиб олинг, кечроқ кетарсизлар”, — деди. Улар ўтириб еб–ичишди. 9Леви хотини ва хизматкори билан кетмоқчи бўлиб дастурхондан турганда, қайнатаси унга шундай деди: “Қаранг, ўғлим, кеч бўлиб қолди. Шу ерда тунаб қолақолинглар. Кун ҳам оғиб қолибди. Бу ерда қолиб, дамингизни олинглар. Эртага эса саҳарда туриб уйларингизга кетарсизлар.” 10Леви кўнмай йўлга тушди. Хотини ва хуржун ортилган бир жуфт эшаги билан йўл юриб Ёбус шаҳрига, яъни Қуддусга етиб олди. 11Улар Ёбусга яқинлашганларида кеч кириб қолганди. Хизматкор хўжайинига деди: “Келинг, Ёбус халқининг шаҳрига кириб, у ерда тунаб қолайлик.” 12“Йўқ, — деди хўжайин. — Исроил халқига ёт бўлган бегоналарнинг шаҳрига кирмаймиз, ундан кўра, йўлимизни давом қилиб, Гивога борамиз.” 13Леви гапида давом этиб хизматкорига деди: “Кел, икковидан бирига — Гивога ёки Рамага ▼▼ …Гиво…Рама… — Қуддусдан Гивогача бўлган масофа тахминан 5 километр, у ердан Рамагача бўлган масофа ҳам тахминан 5 километр эди.
етиб олишга ҳаракат қилайлик.” 14Улар йўлда давом этиб, кунботар пайтида Бенямин қабиласига қарашли Гиво шаҳрига яқинлашиб қолишди. 15Сўнг Гивода тунаб қолмоқчи бўлиб, шаҳар томон йўл олишди–да, бориб шаҳарнинг майдонида ўтиришди, аммо ҳеч ким уларни тунаш учун уйига таклиф қилмади. 16Оқшом кирганда, бир чол даладаги ишларини тугатиб қайтиб келаётган эди. Гивода яшаётган аҳолининг аксарият қисми Бенямин қабиласидан эди, аммо бу чол Гивога Эфрайим қирларидан келиб, энди шу ерларда истиқомат қилаётган эди. 17Чол шаҳар майдонида ўтирган мусофирларни кўриб: — Қаердан келиб, қаерга кетяпсизлар? — деб сўради. 18Леви шундай жавоб берди: — Биз Яҳудодаги Байтлаҳмга борган эдик, энди эса уйимизга — Эфрайим қирларидаги олис қишлоғимизга қайтиб кетяпмиз. Йўлда Эгамизнинг уйини ҳам зиёрат қилиб кетмоқчимиз, аммо бу ердагиларнинг биронтаси ҳам тунаб қолишимиз учун бизни уйига таклиф қилмаяпти. 19Бизга турар жойдан бўлак ҳеч нарса керак эмас. Ўзимиз учун нон ва шаробимиз бор. Эшакларимизга ҳам ем–хашак ғамлаб келганмиз. 20— Уйимга марҳамат қилинглар, — деди чол. — Мен ҳамма камчиликларингизнинг ғамини ейман. Фақат кўчада қолмасангизлар, бас! 21Чол уларни уйига олиб бориб, эшакларига ем берди. Сўнг мезбону меҳмонлар оёқларини ювиб ▼▼ …оёқларини ювиб… — одамлар у даврда усти очиқ оёқ кийим кийиб юришган. Узоқ йўл юриб ёки далада ишлаб келганларидан кейин оёқларини ювишган. Бу одат тусига кирган эди.
овқатланишди. 22Улар дам олиб ўтирганларида, бирданига шаҳарнинг ярамас одамлари уйни ўраб олишди–да, эшикни тарс–турс уриб: — Сенинг уйингга келган одамни бу ёққа чиқар, биз у билан бирга бўлишни истаймиз! — дея уй эгасига дўқ уришди. 23Уйнинг эгаси — чол уларнинг олдиларига чиқиб: — Йўқ укаларим, бундай жирканч иш қилманглар! — деб ўтинди. — Бундай шармандалик қилманглар, ахир, у менинг меҳмоним–ку. 24Мана, менинг бокира қизим ва у кишининг хотини бор. Мен уларни сизларнинг олдингизга олиб чиқай, уларни нима қилсангиз қилинглар, аммо бу одам билан бундай хунук иш қилманглар. 25Лекин одамлар чолнинг гапларига қулоқ солишмади. Шунда леви хотинини итариб, уларнинг олдиларига чиқариб юборди. Улар аёл билан ётиб, эрталабгача уни зўрлашди. Тонг ёришаётганда эса қўйиб юборишди. 26Саҳарда аёл келиб, хўжайини тунаб қолган чолнинг эшиги олдида йиқилди ва тонг отгунча у ерда қолди. 27Эрталаб хўжайини йўлга чиқмоқчи бўлиб, эшикларни очди. Қараса, эшик тагида хотини қўлларини остонага узатиб ётган экан. 28“Қани, тура қол, бўл, кетяпмиз”, — деди у. Лекин жавоб бўлмади ▼▼ Лекин жавоб бўлмади — ибронийча матндан. Қадимий юнонча таржимада Лекин жавоб бўлмади, у ўлик эди.
. Кейин у хотинини эшагига ортиб, уйига йўл олди. 29У уйига етиб келгач, пичоқ билан хотинининг жасадини ўн икки қисмга бўлди. Бўлакларни бутун Исроил бўйлаб Исроилнинг ўн икки қабиласига юборди. 30Буни кўрган ҳар бир одам шундай деб айтарди: “Исроил халқи Мисрдан чиққанидан бери бундай ваҳший ҳодиса содир бўлмаган. Энди ўйлаб кўрайлик, мулоҳаза қилиб ҳукм чиқарайлик!”
Copyright information for
UznUzbC