‏ Judges 4

Добира ва Барақ

1Эҳуднинг ўлимидан сўнг Исроил халқи яна Эгамизнинг олдида қабиҳ ишлар қилди. 2Эгамиз эса уларни Хазор шаҳри тахтида ўтирган Канъон шоҳи Ёбинга қарам қилиб қўйди. Унинг лашкарбошиси Харошет–Хагойим шаҳрида яшаган Сисаро эди. 3Ёбиннинг тўққиз юзта темир жанг араваси
темир жанг араваси — 1:19 изоҳига қаранг.
бор эди. Унинг йигирма йил давомида ўтказиб келган зулмига чидай олмаган Исроил халқи нажот сўраб, Эгамизга илтижо қилди.

4Айни замонда Лаппидўтнинг хотини бўлган пайғамбар аёл Добира Исроил халқига ҳакам
ҳакам — 2:16 изоҳига қаранг.
бўлиб хизмат қилаётган эди.
5У Рама ва Байтил шаҳарлари ўртасида, Эфрайим қирларидаги маълум бир пальма дарахти тагида ўтирар, Исроил халқи эса жанжалли масалаларни ечиш учун унинг олдига борар эди. Кейинчалик халқ ўша пальма дарахтига Добира деб ном қўйди. 6Бир куни Добира Нафтали ерларидаги Кедеш шаҳрига бир одам жўнатиб, Барақни чақиртириб келди. Барақ Абунавамнинг ўғли эди. Добира Бараққа шундай деди:

— Исроил халқининг Худоси — Эгамиз сенга амр қилмоқда: “Бор, ўзинг билан Нафтали ва Забулун қабилаларидан ўн минг нафар одамни Товур тоғига
Товур тоғи — Жалилада, Жалила кўлининг жанубий қирғоғидан қарийб 19 километр ғарбда жойлашган.
олиб чиқ.
7Мен Ёбиннинг лашкарбошиси Сисарони, жанг аравалари ва лашкари билан Хишон дарёсининг ёнида сенга рўбарў қиламан. Бу жангда уларни сенинг қўлингга бераман.”

8— Агар сен мен билан борсанг, бораман, бормасанг, мен ҳам бормайман, — деди Добирага Барақ.

9Добира шундай жавоб берди:

— Албатта сен билан бораман, лекин билгинким, бу ғалаба сенга шараф келтирмайди, зеро, Эгамиз Сисарони аёл кишининг қўлига беради.

Шундай қилиб, Добира Барақ билан Кедешга жўнади.
10Барақ Нафтали билан Забулун лашкарларини Кедешга тўплади. Тўпланганлардан ўн мингтаси Бараққа эргашди, Добира ҳам улар билан борди.

11Шу орада Хайин халқидан бўлган Хабер исмли бир киши ўз уруғ–аймоқларидан ажралиб, бошқа жойга кўчиб ўтган эди. У ўз чодирини Кедешнинг яқинидаги, Зананимдаги эман дарахтининг ёнига қурган эди. Ўша одам Мусонинг қайнағаси Хўвов уруғидан эди.

12Сисаро Абунавам ўғли Барақнинг Товур тоғига чиққанини эшитгач, 13тўққиз юз темир жанг араваси билан жамики лашкарини Харошет–Хагойимдан олиб чиқиб, Хишон дарёсида тўплади. 14Шунда Добира Бараққа деди: “Қани, бўл! Эгамиз бугун Сисарони сенга таслим қилади. Эгамизнинг Ўзи сени жангга бошлаб боради.” Барақ ўн мингта одамга бош бўлиб, Товур тоғидан тушди. 15Барақ ҳужум қилгач, Сисарони, унинг жанг араваларию лашкарини Эгамиз саросимага солди. Сисаро жанг аравасидан тушди–да, қочиб қолди. 16Барақ душман жанг араваларини ва лашкарини Харошет–Хагойимгача таъқиб қилди. Сисаронинг барча лашкарини қиличдан ўтказди, улардан бирортаси ҳам омон қолмади.

17Сисаро қочиб, Хабернинг хотини Ёвелнинг чодирига борди, чунки Хазор шоҳи Ёбин Хабер уруғи билан сулҳ тузган эди. Хабер Хайин халқидан эди. 18Ёвел Сисарони қарши олиб:

— Келинг, тўрам, ичкарига киринг, қўрқманг, — деди.

Сисаро ичкарига кирди, Ёвел уни чодир пардасининг орқасига яшириб қўйди.
19Кейин Сисаро унга:

— Илтимос, озгина сув бер, чанқаб кетдим, — деди.

Ёвел мешни очиб, унга сутдан ичирди. Сўнг Сисарони яна парда билан тўсиб қўйди.
20У эса Ёвелга шундай деди:

— Чодирнинг кираверишига бориб тур, агар бирортаси келиб сендан: “Бу ерда бирор одам борми?” — деб сўраса, “Йўқ”, — деб жавоб бер.

21Сисаро чарчаганидан ётиб ухлаб қолди. Хабернинг хотини Ёвел эса бир қўлига чодир қозиғини, бошқа қўлига болға олиб секингина унинг олдига борди. Қозиқни Сисаронинг чаккасига қоқиб, бошини ерга қадаб қўйди. Сисаро ўлди. 22Ёвел Сисарони қувиб келаётган Барақни қарши олгани чиқиб: “Келинг, мен сизга қидираётган одамингизни кўрсатаман”, — деди. Барақ чодирга кирди. Қараса, Сисаро ўлиб ётибди, чаккасига қозиқ қоқилган экан.

23Ўша куни Худо Канъон халқининг шоҳи Ёбинни Исроил халқига бўйсундирди. 24Исроил халқи кундан–кунга кучайиб, охири Канъон шоҳи Ёбинни бутунлай йўқ қилди.
Copyright information for UznUzbC