‏ Judges 9

Абумалек

1Гидўн
Гидўн — ибронийча матннинг шу жойида ва мана шу бобнинг қолган қисмида Еруббаал деб ишлатилган, Гидўннинг яна бир исми (6:32, 7:1 га қаранг).
ўғли Абумалек Шакам шаҳрига — тоғаларининг олдига бориб, барча уруғ–аймоқларига шундай деди:

2— Шакам бекларининг ҳузурига боринглар, уларга: “Устингиздан Гидўннинг етмишта ўғли ҳукмронлик қилганидан кўра, биттаси ҳукмронлик қилгани яхши эмасми?” деб айтинглар. Мен сизларнинг жигарингиз эканимни ҳам эсларингиздан чиқарманглар.

3Тоғалари Абумалекнинг манфаатини кўзлаб, бу сўзларни Шакам бекларига етказдилар. Шакам беклари эса: “Ҳар қалай Абумалек қариндошимиз”, дея унинг тарафдорлари бўлдилар. 4Шакам беклари унга Баал–Берит
Баал–Берит — 8:33 га ва ўша оятнинг изоҳига қаранг.
уйидаги етмиш бўлак кумушни
етмиш бўлак кумуш — тахминан 770 граммга тўғри келади.
бердилар. Абумалек эса бу кумушга ярамас одамларни ёллади.
5У Ўфрага — отасининг уйига бориб, етмишта ўгай ака–укасини бир тош устида қатл қилди. Аммо Гидўннинг кенжа ўғли Йўтом бекиниб, тирик қолди. 6Сўнг Шакам
Шакам — Қуддусдан қарийб 50 километр шимолда, Исроил тепаликларида жойлашган шаҳар.
беклари ва Байт–Миллода яшовчилар Шакамдаги муқаддас эман дарахтининг олдига бориб, у ерда Абумалекни тахтга кўтаришди.

7Йўтом буни эшитгач, Гаризим тоғининг тепасига чиқиб хитоб қилди:

“Эй Шакам беклари, гапимни эшитинглар, шунда Худо ҳам сизларни эшитгай!
8Бир замонда дарахтлар ўзларига шоҳ танламоқчи бўлишибди. Улар зайтун дарахтига:
— Шоҳимиз бўл, — дейишибди.
9Зайтун дарахти уларга шундай жавоб берибди:
— Худолар ва бандалар шарафига ишлатиладиган мойимни бермай қўйиб, дарахтлар узра шохларимни силкитиб турайми?!
10Шунда дарахтлар анжирга:
— Сен келиб, шоҳимиз бўла қол, — деб айтишибди.
11Анжир дарахти ҳам шундай жавоб берибди:
— Ийе, ширин ва лаззатли меваларимни тугмай, дарахтлар узра шохларимни силкитиб турайми?!
12Сўнг дарахтлар токка:
— Бизга сен ҳукмронлик қила қол, — дейишибди.
13Ток ҳам жавоб бериб шундай дебди:
— Худолар ва бандалар димоғини чоғ қиладиган шаробимни бермай қўйиб, дарахтлар узра новдаларимни силкитиб турайми?!
14Охири дарахтларнинг барчаси янтоққа дейишибди:
— Сен келиб, бизга ҳукмронлик қилгин.
15Янтоқ эса дарахтларга:
— Агар мени сидқидилдан шоҳликка кўтараётган бўлсангизлар, келиб соямда паноҳ топинглар, акс ҳолда, тиканларимдан чиққан олов авж олиб, ҳатто Лубнондаги садрларни
Лубнондаги садрлар — Лубнон тоғларида ўсадиган бу садр дарахтлари дунёнинг ўша ҳудудидаги энг катта дарахт турларидан эди.
ҳам куйдириб ташлайди! — деб жавоб берибди.
16Шу тариқа сизлар ҳам Абумалекни тахтга сидқидилдан, виждонан кўтардингизми?! Гидўн ва унинг хонадонига нисбатан тўғри иш тутдингизми?! Қилмишларингиз отамнинг сизлар учун қилган эзгу ишларига лойиқ эканми?! 17Отам жонини аямай сизлар учун жанг қилган эди, сизларни Мидиёнларнинг қўлидан қутқарган эди. 18Сизлар эса отамнинг хонадонига қарши чиқиб, унинг етмиш нафар ўғлини бир тошнинг устида қатл қилдингизлар. Чўриси туққан Абумалекни эса қариндошингиз бўлгани учун Шакам бекларининг устидан шоҳ қилиб тайинладингизлар. 19Агар бугун Гидўн хонадонига нисбатан виждонан иш тутган бўлсангиз, Абумалекдан мамнун бўлиб шодланинг, у ҳам сизлардан мамнун бўлиб шодлансин. 20Акс ҳолда, Абумалекдан олов чиқиб, Шакам ва Байт–Милло бекларини ямлаб юборсин. Шакам ва Байт–Милло бекларидан ҳам олов чиқиб, Абумалекни куйдириб йўқ қилсин.”

21Сўнг Йўтом Абумалекдан қўрққанидан Бэр ҳудудига қочиб қолди.

22Абумалек уч йил Исроилда ҳукмронлик қилди. 23Худо эса Абумалек ва Шакам беклари орасида низо чиқариш учун бир руҳ юборди. Шунинг учун Шакам беклари Абумалекка хоинлик қилишди. 24Бу ҳодиса Гидўннинг етмишта ўғлини ўлдирган Абумалекдан ва унинг бу жиноятини қўллаб турган Шакам бекларидан қасос олинишининг дараги эди. 25Шундай қилиб, Шакам беклари Абумалекка қарши тоғларнинг тепаларида, пистирмаларда одамларини ўтирғизиб қўйишганди. Улар ўтган–кетганларни талаб, бор–йўғини тортиб олишарди. Абумалек бундан хабар топди.

26Гал исмли бир одам ўз оға–инилари билан Шакамга кўчиб келди. У Шакам бекларининг ишончини қозонди. Гал Эвид деган одамнинг ўғли эди. 27Шакамликлар далага чиқиб, узумзорларидан узум теришди, уни эзиб шароб тайёрлашди, сўнг зиёфат қилишди. Улар худосининг уйида ўтириб, зиёфат қилишар экан, еб–ичиб Абумалекни мазах қилишди: 28“Абумалек ким бўлибдики, биз, Шакамликлар, унга хизмат қилсак? — шанғиллаб гапини бошлади Гал. — Падари бузрукворимиз Хамўр бу шаҳарга асос солган эди. Шундай экан, Хамўр наслидан бўлган биронта одам бизга ҳукмронлик қилиши керак. Абумалек эса етти ёт бегона бўлган Гидўннинг ўғли–ку! Нега биз унинг ва ҳокими Забулнинг олдида бош эгишимиз керак экан? 29Агар бу одамлар қўлим остида бўлганда эди, Абумалекни ўзим йўқ қилардим! Унга, лашкарингни кўпайтириб, жангга чиқ, деган бўлардим.”

30Шаҳар ҳокими Забул Галнинг бу сўзларини эшитгач, ғазаби аланга олди. 31У билдирмай Абумалекнинг олдига чопар жўнатиб
У билдирмай Абумалекнинг олдига чопар жўнатиб… — ёки У Армахдаги Абумалекнинг олдига чопар жўнатиб….
деди: “Қаранг, Эвид ўғли Гал бутун уруғи билан Шакамга келиб, шаҳарни сизга қарши қўзғатмоқда.
32Шунинг учун ярим тунда лашкарингиз билан йўлга тушиб, далаларда яширининг. 33Эртасига саҳарда туриб, шаҳарга қўққисдан ҳужум қилинг. Гал қўшинлари билан сизларга қарши чиққанда қўлингиздан келганича улар билан олишинг.”

34Шундай қилиб, Абумалек лашкари билан ярим тунда йўлга тушди. Улар тўрт қисмга бўлиниб Шакам яқинида писиб ётишди.

35Гал чиқиб шаҳар дарвозасида турганда, Абумалек бир қисм лашкари билан қирлар орқасидан чиқиб келди. 36Гал уларни кўргач, Забулга деди:

— Қаранг! Қирлардан одамлар тушиб келмоқда!

— Қўйсанг–чи, — деди Забул. — Қирлар соялари кўзингга одамлар бўлиб кўриняпти.

37— Қаранг, қирлардан одамлар пастга тушиб келишяпти, бошқа бир қисми эса фолбинларнинг дарахти
фолбинларнинг дарахти — ибронийча матнда Элон–Мўнаним, маъноси фолбинларнинг эман дарахти.
томонидан яқинлашяпти, — деди яна Гал.

38— Катта кетиб: “Абумалек ким бўпти биз унга хизмат қилсак?” деб гапирган сен эмасмидинг?! — деди шунда Забул, — сен мана шу лашкарни мазах қилган эдинг–ку. Қани, бўл, энди чиқиб улар билан жанг қил.

39Шакам беклари Гал бошчилигида чиқиб, Абумалекка қарши жанг қилишди. 40Абумалек Гални қувиб кетди, аммо Гал қочиб қолди. Ўша куни Шакам сипоҳларининг кўплари ҳалок бўлди, бутун жанг майдони то шаҳар дарвозасигача жасадларга тўлди.

41Абумалек Армахда
Армах — Шакамдан қарийб 8 километр масофада жойлашган шаҳар.
ўрнашди, Забул эса Гални барча қариндошлари билан Шакамдан қувиб юборди. Улар энди Шакамда яшай олмас эдилар.

42Эртаси куни Шакамликлар юмушларини бажармоқ учун далаларга чиқмоқчи эканлигидан Абумалек хабардор бўлди. 43У лашкарини уч қисмга бўлди. Лашкар далалардаги қирларда писиб ётди. Абумалек шаҳардан чиқиб келаётган одамларни кўриб, лашкари билан уларга ҳамла қилди. 44Лашкарнинг бир қисми Абумалек бошчилигида шаҳар дарвозасини қўлга киритди. Улар шаҳар дарвозаси олдидан силжимадилар. Лашкарнинг қолган икки қисми эса даладаги одамларга ҳужум қилиб, уларни қириб ташлади. 45Ўша куни Абумалек кун бўйи шаҳарга қарши жанг қилди. Охири шаҳарни қўлга олди. У ердаги ҳамма одамни қатл қилди. Шаҳарни эса вайрон қилиб, устидан туз сочиб ташлади
…устидан туз сочиб ташлади — бу ҳаракат Абумалекнинг бу шаҳарда энди ҳеч нарса ўсмайди, ҳеч ким яшамайди, деб лаънатлаганининг рамзи бўлиши мумкин (Қонунлар 29:23, Забур 106:34, Еремиё 17:6 га қаранг).
.

46Шакам қалъасининг беклари буни эшитгач, ўша ердаги Баал–Берит
Баал–Берит — ибронийча матнда Эл–Берит. Маъноси аҳд худоси, Баал–Беритнинг яна бир номи (8:33 га ва шу бобнинг 4–оятига қаранг).
уйининг қўрғонига кириб, бекиниб олдилар.
47Бекларнинг ҳаммаси қўрғонда эканлигидан хабардор бўлган Абумалек 48лашкари билан Залмон тоғининг
Залмон тоғи — Шакам шаҳри яқинида жойлашган Эбал тоғининг ёки Гаризим тоғининг яна бир номи.
тепасига чиқди. Қўлидаги болта билан бир боғлам ўтин кесиб, орқасига ортиб олди. Сўнг лашкарига: “Қани, сизлар ҳам худди шундай қилинглар”, деб буюрди.
49Сипоҳларнинг ҳар бири бир боғламдан ўтин кесиб олди. Улар Абумалекка эргашиб ўтинларни қўрғоннинг атрофига териб чиқдилар, сўнг қалъага ўт қўйдилар. Қалъадаги ҳамма одамлар ҳалок бўлди. У ерда мингтача аёл ва эркак киши бор эди.

50Шундан сўнг Абумалек Тавоз шаҳрига йўл олди. Шаҳарни қамал қилиб, қўлга киритди. 51Аммо шаҳарнинг ичида жуда баланд бир қўрғон бор эди. Шаҳардаги аёлу эркаклар, ҳамма шаҳар беклари ўша қўрғон ичига қочиб киришди. Улар эшикларни тамбалаб, томга чиқиб олишди. 52Абумалек қўрғондагиларга қарши жанг қилди, унга ўт қўймоқчи бўлиб, ёнига борди. 53Шу пайт бир аёл тепадан тегирмон тошини улоқтириб, Абумалекнинг бошини ёриб юборди. 54Жон талвасасида Абумалек қуролбардорини ёнига чақириб:

— Бўл, қиличингни суғуриб мени ўлдир, — деди, — яна одамлар: “Уни аёл киши ўлдирди”, деб юришмасин.

Шунда йигит қилич суқиб, Абумалекни ўлдирди.
55Одамлар Абумалекнинг ўлганини кўриб уйларига тарқалиб кетишди. 56Отасига хиёнат қилиб, етмишта ака–укасини ўлдирган Абумалекни Худо шу йўсинда жазолаган эди. 57Шунингдек, Шакамликларнинг ҳам қилган қабиҳликлари учун таъзирини берган эди. Улар Гидўн ўғли Йўтомнинг қарғишига йўлиқдилар.
Copyright information for UznUzbC