Lamentations 3
Умид учқунлари
1Азобларда қолган инсонман,Худонинг ғазаби туфайли таёқ едим.
2Бошлаб борди Эгам мени зулматга,
Нур тушмайдиган қоронғи жойга.
3Ёлғиз менга қарши У қўл кўтарди,
Кун бўйи мени қайта–қайта жазолади.
4Қаритиб юборди эту теримни,
Синдириб ташлади суякларимни.
5Ғам–аламга мени тутқун қилди,
Жабру жафо зиндонига мени ташлади.
6Мажбур қилди мени зимистонда яшашга,
Ўхшаб қолдим мен анча олдин ўлган одамга!
7Қочиб кетмасин дея, Худо атрофимни қуршади,
Оғир занжирлар билан мени кишанбанд этди.
8Ёрдам сўраб ёлворсам ҳам мен Унга,
Қулоқ солмас У менинг фиғонимга.
9Йўнилган тошлар билан У йўлимни тўсди,
Юрган йўлимни чалкаштириб юборди.
10Пойлади У мени айиқдай,
Ташланмоқчи бўлди менга шердай.
11Сўнг мени судради бир четга,
Ғажиди, солиб кетди танг аҳволга.
12Худо Ўз ёйини тортди,
Ўқларига мени нишон қилди.
13Садоғидаги ўқлари билан юрагимни тешди.
14Мана энди ўз халқим устимдан кулмоқда,
Уззукун улар мени мазах қилиб, қўшиқ куйламоқда.
15Худо менга аччиқ ўтдан едирди,
Заҳарли сувдан менга ичирди.
16Мени оёқ ости қилиб, тупроққа белади,
Шағал едириб, тишларимни синдирди.
17Тинчлик билмас энди менинг жоним,
Бахт нималигини тамом унутдим,
18Шунда ўзимга дедим: “Адойи тамом бўлдим!
Барбод бўлди Эгамга бўлган умидим!”
19Кулфату саргардонлик ҳақидаги ўйларим
Заҳарли сувга, аччиқ ўтга ўхшайди.
20Бундай ўйларга толган менинг жоним
Тушкунликка тушди.
21Бироқ мен бир нарсани ёдда тутарман,
Шунинг учун доим умид қиларман:
22Эгамнинг содиқ севгиси бўлмайди адо ▼
▼ Эгамнинг содиқ севгиси бўлмайди адо… — кўплаб иброний қўлёзмаларидан, қадимий юнонча ва сурёнийча таржималардан. Ибронийча матнда Эгамнинг содиқ севгиси туфайли биз нобуд бўлмадик….
,Унинг раҳму шафқати тугамас асло.
23Ҳар тонг улар янгиланади,
Буюкдир Эгамнинг садоқати!
24Қалбимда айтаман: “Эгамдир менинг бор–йўғим,
Шундай экан, ёлғиз Ундадир менинг умидим.”
25Эгамиз Ўзига умид боғлаганларга яхшилик қилади,
Унга интилган ҳар бир жонга эзгулигини кўрсатади.
26Эгамизнинг нажотини тоқат ила кутиш яхшидир.
27Ёшликдан тарбияга бўйсуниш яхшидир.
28Раббий тарбиялаганда,
Ёлғиз ўтириб, сукут сақлайлик.
29Бундай вақтларда ер ўпиб таъзим қилайлик,
Ахир, яна умид бордир.
30Тарсаки еганимизда қаршилик қилмайлик,
Эшитган кўп ҳақоратларни ичимизга ютайлик.
31Зеро, Раббий бизни абадий ташлаб қўймайди!
32Унинг Ўзи бизга қайғу келтирган бўлса–да,
Ўзи бизга раҳм–шафқат қилади.
Ахир, Унинг содиқ севгиси буюкдир!
33Ҳа, У инсонга ғам келтириб, озор беришни хуш кўрмайди.
34Юртдаги ҳамма асирларнинг оёқ ости бўлганини,
35Одамлар ҳақ–ҳуқуқдан маҳрум бўлганини
Худойи Таоло кўриб турибди.
36Бир ёқлама ҳукм чиқарилганини
Раббий билиб турибди.
37Раббийнинг ижозатисиз,
Ҳеч кимнинг буйруғи бажо бўлмас.
38Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам
Худойи Таолонинг амрисиз содир бўлмас.
39Ҳануз ҳаёт эканмиз,
Гуноҳимиз учун жазо тортганда нолимайлик!
40Тутган йўлларимизни яхшилаб текширайлик,
Эгамизга қайтайлик.
41Қўлларимизни осмонга чўзиб,
Чин дилдан самодаги Худога ёлвориб айтайлик:
42“Эй Эгамиз! Биз итоатсизлик қилдик,
Сенга қарши бош кўтардик,
Сен бизни кечирмадинг.
43Сен ғазабга миниб, таъқиб қилдинг бизни,
Шафқатсиз қирдинг ҳаммамизни.
44Илтижоларимиз Сенга етиб бормаслиги учун
Булутлар билан олдингни тўсдинг.
45Сен бизни ахлатдай ташлаб юбординг,
Халқлар орасида супуриндидай қилдинг.
46Мана, барча ёвларимиз устимиздан куляпти.
47Биз ваҳимага тушдик, тузоққа илиндик,
Фалокату ҳалокатга гирифтор бўлдик.”
48Сел–сел бўлиб оқар менинг кўз ёшларим,
Ахир, қирилиб кетди менинг халқим!
49– 50Эгамиз самодан бизга қарамагунча,
Мен тўхтамай оби дийда қиламан,
Тинмай кўз ёш тўкаман.
51Қуддусдаги ҳамма қизларнинг қисмати
Юрак–бағримни эзиб юборди!
52Сабабсиз душманлик қилаётир менга одамлар,
Қушни овлагандай мени овлади улар.
53Мени тириклайин чуқурликка ташлашди,
Чуқурлик оғзини тош билан беркитишди.
54Сувлар кўтарилиб ошди бошимдан,
“Адо бўлдим” дедим ичимда.
55Эй Эгам, чуқурлик тубидан
Сенга илтижо қилдим.
56“Додимни тингла, беркитма қулоғингни!” дедим.
Сен эшитдинг бу илтижоимни.
57Ёлворганимда Сен менга яқинлашдинг,
“Қўрқма!” деб ўшанда менга айтдинг.
58Ё Раббий, Сен даъвоимни ҳимоя қилдинг,
Менинг жонимни халос этдинг.
59Кўрдинг менга қилинган ноҳақликни,
Эй Эгам, Ўзинг ёқлагин мени.
60Ёвларимнинг тил бириктирганини Сен кўрдинг,
Менга қарши қилган ёвуз ниятларини билдинг.
61Эй Эгам, улар мени мазах қилганини Ўзинг эшитдинг,
Менга қарши тил бириктирганини билдинг.
62Ғанимларим мени ғийбат қилар,
Кун бўйи менга пичинг отар!
63Қара, улар ўтирса ҳам, турса ҳам,
Мени мазах қилиб, қўшиқ куйлашар.
64Уларнинг қилмишларига яраша,
Жазосини бергин, эй Эгам!
65Юракларига ғулғула солгин,
Уларни лаънатга дучор қилгин,
66Ғазаб билан уларнинг кетидан қувла,
Ер юзидан тамомила йўқ қилиб ташла!
Copyright information for
UznUzbC