Nehemiah 13
Исроил халқи бегона насллардан ажралади
1Ўша куни халққа Мусонинг китобидан ўқиб берилди. У ерда шундай ёзилган экан ▼▼ У ерда шундай ёзилган экан… — Қонунлар 23:3-5 га қаранг.
: “Оммонликлар ва Мўабликлар Худонинг жамоасига киролмайди, 2чунки Исроил халқи Мисрдан чиққанда, Оммонликлар ва Мўабликлар уларни нон ва сув билан кутиб олмадилар. Аксинча, Исроил халқини лаънатлаш учун Баломни ёлладилар ▼▼ …Исроил халқини лаънатлаш учун Баломни ёлладилар — Саҳрода 22:1-24:25 га қаранг.
. Лекин Худойимиз лаънатни дуога айлантирди.” 3Исроил халқи Таврот сўзларини эшитгач, Исроил жамоасидан ҳамма бегона наслларни чиқариб юборди. Нахимиёнинг ислоҳотлари
Нахимиё Маъбад хизматкорларининг таъминоти тўғрисида қоидалар жорий қилади
4Бу воқеа Қуддус девори бағишланишидан анча олдин содир бўлган эди. Ўша вақтда Тўвиёнинг ▼▼ Тўвиё — у Оммонлик эди (2:10 га қаранг).
қариндоши Элиашаб Худойимизнинг уйидаги омборхоналар учун масъул эди. 5Элиашаб Тўвиё учун Маъбадга қарашли катта бир хонани бўшатиб берибди. Илгари бу хонада назр қилинган дон, хушбўй тутатқилар ва Маъбад буюмлари сақланарди. Эгамиз берган амрга мувофиқ, левиларга, қўшиқчиларга, Маъбад дарвозабонларига аталган дон, шароб, зайтун мойи ушрлари ▼▼ ушрлар — 10:37 изоҳига қаранг.
ва руҳонийларга аталган назрлар ҳам ўша хонада сақланарди. 6Бу ишлар содир бўлганда, мен ▼▼ мен — яъни Нахимиё (1:1 нинг биринчи изоҳига қаранг).
Қуддусда эмасдим. Бобил шоҳи Артахшас ҳукмронлигининг ўттиз иккинчи йилида ▼▼ Бобил шоҳи Артахшас ҳукмронлигининг ўттиз иккинчи йили — тахминан милоддан олдинги 433 йил (1:1 нинг иккинчи изоҳига қаранг). Бобил шоҳлигини форслар босиб олганлари учун, Форс шоҳи Артахшасни Бобил шоҳи Артахшас деб ҳам аташарди.
мен шоҳ ҳузурига кетган эдим. Маълум вақт ўтгач, шоҳдан ижозат сўраб, 7Қуддусга қайтиб келдим. Шундагина Элиашабнинг қилган бу расво ишидан хабардор бўлдим. У Тўвиёга Худонинг уйидаги бир хонани ажратиб берибди–я! 8Мен қаттиқ ғазабланиб, Тўвиёнинг барча уй жиҳозларини хонадан улоқтириб ташладим. 9Сўнг, омборхоналар поклансин, деб буйруқ бердим. Омборхоналар поклангач, Худонинг уйи буюмларини, дон назрларини ва хушбўй тутатқиларни ўз жойига қайтариб қўйдирдим. 10Шунингдек, левиларга ҳосилнинг ўзларига тегишли улушлари берилмаганини ҳам билиб қолдим. Шу сабабдан Маъбадда хизмат қилиб юрган левилар ва қўшиқчилар ўзларининг далаларига қайтиб кетишган экан. 11Йўлбошчиларга: “Нима учун Худонинг уйини ўз ҳолига ташлаб қўйдингизлар?!” деб танбеҳ бердим. Левилар ва қўшиқчиларни тўплаб, ҳаммаларини ўз вазифаларига қўйдим. 12Шундан кейин жамики Яҳудо халқи дон, шароб, зайтун мойи ушрларини Маъбад омборхоналарига олиб келишди. 13Руҳоний Шаламиёни, котиб Зодўхни ва левилардан Подиёни омборхоналарга масъул қилиб тайинладим. Маттаниёнинг набираси Заккур ўғли Ханонни уларнинг ёрдамчиси қилиб тайинладим. Улар ишончли одамлар бўлиб, вазифалари биродарларига улушни тақсимлашдан иборат эди. 14Эй Худойим! Қилган бу ишларимни ёдингда тут, мендан марҳаматингни дариғ тутмагин. Сенинг уйинг учун ва уйингда ўтказиладиган сажда маросимлари учун садоқат билан қилган савоб ишларимни унутма. Нахимиё Шаббат қоидаларини жорий қилади
15Ўша вақтда мен Шаббат кунлари узум эзаётган яҳудийларни ▼▼ узум эзаётган яҳудийлар — қадимги пайтларда одамлар узумни қоятошга ўйилган чуқурга ёки тупроқдан қазилган, тубига ва атрофига зич қилиб тош терилган чуқурга солиб, шарбатини сиқиб олиш учун оёқлари билан эзардилар. Шарбат ўша чуқурдан яна бошқа бир чуқурга оқиб тушарди.
кўрардим. Уюм–уюм дон, шароб, узум, анжир ва ҳар хил юкларни олиб келаётганларни кузатар эдим. Улар бу нарсаларни эшакларга юклаб, Шаббат куни Қуддусга олиб келишар эди. Улар ўз маҳсулотларини сотаётганларида, мен уларни огоҳлантириб, бундай ишларни Шаббат куни қилманглар, деб айтардим. 16Қуддусда яшаётган Тирликлар ▼▼ Тир — Финикияда муҳим аҳамиятга эга бўлган шаҳар. Бу шаҳар Исроилдан шимолда, Ўрта ер денгизи бўйида жойлашган эди. Бугунги кунда бу ер Ливан мамлакатининг жанубий қисмини ташкил қилади.
ҳам балиқ ва ҳар хил маҳсулотларни олиб келиб, ўшаларни Шаббат куни Яҳудо халқига Қуддусда сотаётган эдилар. 17Мен Яҳудо йўлбошчиларига танбеҳ бердим: “Бу қилаётганларингиз қабиҳлик–ку! Ахир, Шаббат кунини булғаяпсизлар! 18Худо бизни ва бу шаҳарни ота–боболаримизнинг худди шундай қабиҳлиги учун жазолаган эди–ку! Энди эса сизлар Шаббат кунини булғаб, халқимизнинг бошига Худонинг қаҳр–ғазабини янада кўпроқ олиб келяпсизлар.” 19Шунда мен буйруқ бердим: “Шаббатдан олдин оқшом тушиши биланоқ ▼▼ …оқшом тушиши биланоқ… — яҳудийларнинг урф–одатига кўра, янги кун қуёш ботгандан кейин бошланар эди.
Қуддус дарвозалари ёпилсин, Шаббат тугамагунча очилмасин.” Шаббат куни бирортаси юк олиб чиқмаслиги учун дарвоза олдига одамларимдан ▼▼ одамларим — 4:16-17 изоҳига қаранг.
баъзиларини ўтқазиб қўйдим. 20Шунда савдогарлар ва ҳар хил маҳсулотларни сотувчилар тунни бир–икки марта Қуддусдан ташқарида ўтказдилар. 21Мен уларни огоҳлантириб, шундай дедим: “Нега сизлар тунни девор ортида ўтказасизлар?! Агар яна шундай қилсангиз, сизларни қамайман.” Ўшандан кейин улар Шаббат куни келмай қўйдилар. 22Сўнгра мен левиларга, ўзларингизни поклаб келиб, Шаббат кунини муқаддас сақлаш учун шаҳар дарвозаларини қўриқланглар, деб буйруқ бердим.Эй Худойим! Қилган бу ишларимни ҳам ёдингда тут, мендан марҳаматингни дариғ тутмагин. Буюк содиқ севгинг ҳақи менга шафқат қил. Нахимиё бегона халқлар билан қуда–андачилик қилишни ман этади
23Ўша кунларда Ашдодлик ▼▼ Ашдод — 4:7 изоҳига қаранг.
, Оммонлик ва Мўаблик аёлларга уйланган яҳудийлар ҳақида хабар топган эдим. 24Болаларининг ярми иброний тилида гаплашишни билмасдилар, Ашдод тилида ёки бошқа тилда сўзлашардилар. 25– 26– 27Шунинг учун мен уларга танбеҳ бердим, уларни лаънатладим, баъзиларини урдим, сочларини юлдим. Уларга шундай дедим: “Ҳатто Исроил шоҳи Сулаймон бундай аёлларга уйланиб, гуноҳ қилган эди! Бир ўйлаб кўринглар! Халқлар орасида Сулаймонга ўхшаган шоҳ йўқ эди. Худо уни яхши кўриб, уни бутун Исроил устидан шоҳ қилган эди. Шунга қарамай, бутпараст аёллар уни гуноҳга бошладилар. Мана энди сизлар ҳам худди шундай гуноҳга қўл урганингизни эшитиб турибман! Сизлар Худога қарши ўтакетган қабиҳлик қиляпсизлар! Бутпараст аёлларга уйланиб, Худога хиёнат қиляпсизлар!” Мен Худонинг номини ўртага қўйиб: “Биз бу ердаги бегона халқлар билан қуда–андачилик қилмаймиз”, деб уларга қасам ичдирдим. 28Йўхадах олий руҳоний Элиашабнинг ўғли эди. Йўхадахнинг ўғилларидан бири Байт–Хўронлик Санбаллатнинг ▼▼ Байт–Хўронлик Санбаллат — 2:10 изоҳига қаранг. Санбаллат яҳудийларнинг, жумладан, Нахимиёнинг душмани эди (2:10, 19, 4:1, 7 га қаранг).
қизига уйланган эди. Йўхадахнинг ўша ўғлини олдимдан ҳайдаб юбордим. 29Эй Худойим! Бу учала одамнинг қилмишини ёдингда тут, уларнинг жазосини бер. Ахир, улар руҳонийликни булғадилар ▼▼ …улар руҳонийликни булғадилар… — олий руҳонийнинг набираси бегона халқдан бўлган қизга уйлангани назарда тутилган (Левилар 21:13-15 га қаранг).
, Сен руҳонийлар ва левилар билан тузган аҳдни ▼▼ Сен руҳонийлар ва левилар билан тузган аҳд — Худо Леви қабиласидан бир оилани, яъни Ҳоруннинг авлодини Исроил халқининг руҳонийлари қилиб танлади (Чиқиш 28:1, 29:1-9 га қаранг). Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги ЛЕВИ, ЛЕВИЛАР сўзига қаранг.
буздилар. Нахимиёнинг сўнгги ислоҳотлари
30Шундай қилиб, мен халқни бегоналарнинг таъсиридан покладим. Руҳонийлар ва левиларнинг бурчларини, ҳар бирининг вазифасини белгилаб бердим. 31Қурбонликларни куйдириш учун ўтинларни ўз вақтида олиб келишни ва биринчи ҳосилдан руҳонийлар учун назрларни олиб келишни йўлга қўйдим.Эй Худойим! Қилган ишларимни ёдингда тут, мендан марҳаматингни дариғ тутмагин.
Copyright information for
UznUzbC