‏ Nehemiah 4

Душманларнинг ниятини Худо пучга чиқаради

1Санбаллат деворни қураётганимизни эшитди–ю, жаҳли чиқиб, қаттиқ ғазабланди. Сўнг яҳудийларни масхаралай бошлади. 2У шерикларининг ва Самария лашкарбошиларининг олдида шундай деди: “Бу ожиз яҳудийлар нима қиляптилар ўзи?! Ўзларича деворни таъмирламоқчиларми?! Бу ишни бир кунда битириб, қурбонлик куйдиришни ҳам ўйлаяптилар, шекилли–а?! Ёниб битган вайроналардан тошларга жон ато қилмоқчиларми?!” 3Оммонлик Тўвиё Санбаллатнинг ёнида эди. У ҳам шундай деди: “Улар қураётган бу девор устига ҳатто тулки чиқса ҳам, девор қулаб тушади.”

4Шунда мен ибодат қилиб дедим: “Эй Худойимиз! Бизларни қанчалик хор қилишаётганини эшитиб қўй! Уларнинг масхаралашларини ўзларининг бошига сол. Улар сургун бўлишсин, душманларига ўлжа бўлишсин. 5Уларнинг айбларидан ўтма, гуноҳларини унутма! Ахир, улар бинокорлар олдида Сени ҳақорат қилдилар
…бинокорлар олдида Сени ҳақорат қилдилар — ёки …бинокорларни ҳақорат қилдилар.
.”

6Биз деворни қуравердик, халқ чин дилдан ишлагани учун тез орада деворни ярмигача кўтариб бўлдик.

7Деворни таъмирлаш ишлари яхши кетиб, деворнинг ўпирилган жойлари тиклана бошлаган эди. Санбаллат, Тўвиё, Арабистонликлар, Оммонликлар ва Ашдодликлар
Ашдод — бу шаҳар Филистияда, Ўрта ер денгизи яқинида жойлашган эди. Филистлар Исроил халқининг душмани бўлиб, Оммонликлар билан иттифоқ тузишган эди.
бу ҳақда эшитиб, қаттиқ ғазабландилар.
8Ҳаммалари биргаликда тил бириктириб, Қуддусга ҳужум қилишга ва шаҳарни саросимага солишга қасд қилдилар. 9Лекин биз Худойимизга илтижо қилдик, шаҳарни ва ўзимизни кечаю кундуз улардан ҳимоя қилиш учун қўриқчилар тайинладик.

10Яҳудо халқи эса шундай деб нола қилар эди:

Оғир юк ташувчиларнинг ҳоли қолмади,
Ахлатнинг–чи охири кўринмайди!
Бу деворни битиришга ҳеч кўзимиз етмайди.

11Душманларимиз эса қуйидагича режа қилишарди: “Биз билдирмасдан, кўринмай уларнинг устига бостириб борамиз–да, ҳаммаларини ўлдирамиз, ишларини тўхтатамиз.” 12Уларга қўшни бўлган яҳудийлар ҳам ҳар томондан ўн мартача олдимизга келишди ва бизни шундай деб огоҳлантиришди: “Хавф остида қолдингизлар. Яхшиси, бу жойдан чиқиб кетинглар, бориб, биз билан яшанглар.”
…ҳар томондан…бизни шундай деб огоҳлантиришди: “Хавф остида қолдингизлар…биз билан яшанглар” — ёки …бизни шундай деб огоҳлантиришди: “Хавф остида қолдингизлар. Улар ҳамма томондан устингизга бостириб келишмоқчи.”
13Шунинг учун мен деворнинг энг паст жойлари орқасига, очиқ жойларига қилич, найза ва ёй билан қуролланган одамларни уруғлари бўйича жойлаштирдим. 14Кейин аҳволни кўриб, йўлбошчиларга, амалдорларга ва қолган халққа айтдим: “Душманлардан қўрқманглар. Раббийни ёдингизда тутинглар. У қудратли ва ҳайбатли Худодир. Қариндош–уруғларингизни, ўғил–қизларингизни, хотинларингизни, уй–жойларингизни ҳимоя қилиш учун жанг қилинглар!”

15Душманларимизнинг бизга қарши ўйлаган фитналаридан хабардор эканимизни уларнинг ўзлари ҳам эшитишди. Уларнинг ниятини Худо пучга чиқарган эди. Шундай қилиб, ҳаммамиз яна деворни таъмирлаш ишларига қайтдик. Ҳар ким ўз ишига борди. 16 17Ўша кундан бошлаб одамларимнинг
одамларим — ҳоким Нахимиёнинг шахсий соқчилари.
ярми қурилишда ишлади, ярми эса совут кийиб, найза, қалқон ва ёй ушлаб, соқчилик қилди. Йўлбошчилар деворни қураётган Яҳудо одамларининг ёнида ўз жойларини эгаллашди. Оғир юк ташувчилар бир қўли билан меҳнат қилиб, бир қўлида қурол ушлаб, ўз вазифаларини бажарардилар.
18Девор қураётганларнинг ҳар бири ёнига қилич боғлаган ҳолда иш қилар эди. Бурғу чаладиган одам ҳам доим ёнимда эди. 19Мен йўлбошчиларга, амалдорларга ва қолган халққа айтдим: “Ишимиз катта, орамиздаги масофа узоқ, шунинг учун девор бўйлаб бир–биримиздан йироқлашиб, ажралиб қолганмиз. 20Бурғу овозини эшитишингиз биланоқ, бизга қўшилинглар. Худойимиз биз учун жанг қилади!”

21Биз шу йўсинда меҳнат қилардик. Одамларнинг ярми эрта тонгдан осмонда юлдузлар кўрингунча найза ушлаб соқчилик қиларди. 22Мен ўша пайтда одамларга шундай деб айтдим: “Сизлар ўз ёрдамчиларингиз билан тунни Қуддуснинг ичкарисида ўтказинглар. Тунда соқчилик қилинглар, кундузи эса ишланглар.” 23Шундай қилиб, ҳеч биримиз — мен ҳам, қариндош–уруғларим ҳам, одамларим ҳам, ёнимдаги қўриқчилар ҳам, шу вақт давомида, ҳатто кечаси ҳам кийимларимизни ечмадик. Қуролларимиз доимо ёнимизда эди.
Copyright information for UznUzbC