Proverbs 11
1Ёлғон тарози Эгамиз учун жирканчдир,аниқ тарози тошлари эса Унинг қувончидир.
2Мағрурлик билан шармандалик келади,
донолик эса камтарлар биландир.
3Тўғриларнинг софдиллиги йўл кўрсатса,
хоинларнинг иккиюзламачилиги ҳалок қилади.
4Қиёмат кунида бойлик фойда бермайди,
солиҳлик эса ўлимдан сақлайди.
5Покдилнинг солиҳлиги йўлини тўғрилайди,
фосиқ эса фосиқлиги туфайли қоқилади.
6Тўғрининг солиҳлиги нажот беради,
сотқин эса ёмон ниятлари туфайли тутилади.
7Ёвуз ўлса, орзу–умидлари ҳам ўлади,
фосиқнинг ҳам хоҳиш–тилаклари поймол бўлади.
8Солиҳ ғам–ғуссадан қутулади,
фосиқ эса ғамга дучор бўлади.
9Имонсиз ўз тили билан қўшнисини ҳалок қилади,
солиҳ эса илм–маърифати туфайли нажот топади.
10Солиҳнинг иши юришса, эл–юрт қувонади,
фосиқ ҳалок бўлса, тантана бўлади.
11Тўғри одамлар туфайли шаҳар гуллаб–яшнайди,
фосиқнинг тилидан эса эл–юрт вайрон бўлади.
12Қўшнисини камситган ақлсиздир,
идрокли сукут сақлайди.
13Ғийбатчи сирларни очади,
содиқ эса сир сақлайди.
14Йўл–йўриқ кўрсатувчиси бўлмаган халқ ҳалок бўлади,
маслаҳатчилар кўп бўлса, ғалаба келади.
15Бегонага кафиллик қилган кўп жабр кўради,
кафил бўлишдан нафратланадиган эса тинчгина юради.
16Меҳрибон хотин иззат–ҳурмат топади,
зўравон эса бойликдан бошқа ҳеч нарсага эришмайди.
17Шафқатли инсон ўз жонига манфаат келтиради,
бағри тош эса ўзига зарар етказади.
18Худонинг йўлидан юрганлар ҳақиқий мукофотни,
фосиқлар эса ёлғон мукофотни оладилар.
19Солиҳликни кўзлаган инсон ҳаётга,
ёмонликни кўзлаган эса ўз ўлимига эришади.
20Эгри юрак Эгамизга жирканч,
покларнинг ишлари эса Унинг қувончидир.
21Фосиқ асло жазосиз қолмайди,
солиҳнинг эса авлодлари ҳам нажот топадилар.
22Чиройли, аммо фаросатсиз аёл,
бурнига тилла сирға таққан чўчқа мисол.
23Солиҳнинг хоҳиши фақат эзгулик,
фосиқнинг кутганлари эса қаҳр–ғазабдир.
24Баъзиларнинг қўли очиқ, аммо бойлиги кўпаяверади.
Баъзилар ҳаддан ташқари тежамкор, аммо қашшоқлашаверади.
25Сахийнинг бири икки бўлади,
бошқаларга яхшилик қилганнинг ўзи ҳам яхшилик кўради.
26Ғалласини қизғанганни халқ қарғайди,
сотганларга эса барака ёғилади.
27Эзгуликка интилган илтифот топади,
ёмонлик қидирганга эса ёмонлик келади.
28Бойлигига ишонган хонавайрон бўлади,
солиҳ эса барг каби яшнайди.
29Ўз оиласига ғам–ташвиш келтирадиганлар мерос олмайди,
нодонлар донога қул бўлади.
30Солиҳларнинг маҳсули — ҳаёт дарахти,
оқилу донолар одамларнинг юрагидан жой олади.
31Дунёда солиҳ қанча тақдирланса,
фосиқ билан гуноҳкор ундан ҳам кўпроқ жазоланади.
Copyright information for
UznUzbC