‏ Proverbs 20

1Шароб — мазахчи, ароқ — жанжалкаш,
уларга алданганлар нодондир.
2Шоҳнинг ғазаби — шернинг ўкиришидай,
унинг жаҳлини чиқарган жонидан маҳрум бўлади.
3Жанжалдан ўзини тортиш — инсоннинг ҳурмати,
аҳмоқ эса жанжалга аралашади.
4Дангаса кузда
кузда — қадимги Исроилда экиш мавсуми кузда бошланар эди.
ер ҳайдамайди,
ўрим пайти эса қидириб ҳеч нарса тополмайди.
5Инсоннинг фикрлари — чуқур сув кабидир,
фаҳмли одам уларни ташқарига чиқара олади.
6Кўпчилик ўзини содиқ деб айтади,
ҳақиқатан ҳам садоқатли бўлганни топиб кўр–чи!
7Солиҳ ҳалол яшайди,
унинг болалари нақадар бахтлидир!
8Ҳукмронлик қилаётган шоҳ
ўз кўзи билан барча ёмонликларни ажратади.
9“Қалбимни тозаладим, гуноҳимдан холиман”, деб
ким айта олади?!
10Икки турли тарози тоши ва нотўғри ўлчов —
иккови ҳам Эгамизга жирканчдир.
11Ҳатто ёш болани ҳам хулқидан,
тўғрилигини ва поклигини ишларидан билса бўлади.
12Эшитадиган қулоқ, кўрадиган кўз —
икковини ҳам Эгамиз яратган.
13Уйқуни яхши кўрма,
бўлмаса камбағал бўласан,
кўзларингни оч, қорнинг тўяди.
14Харидор: “Яхши эмас, яхши эмас!” дейди–ю,
нарироққа бориб мақтанади.
15Олтин бор, ёқут тошлар ҳам кўп,
бироқ энг қимматбаҳо нарса — билимли тил.
16Бегонага кафиллик қилганнинг
Бегонага кафиллик қилганнинг… — 6:1 нинг иккинчи изоҳига қаранг.
тўнини ечиб ол,
ҳа, бундай ақлсиз одамдан кийимини гаров қилиб ол.
17Ноҳақлик билан топилган нон ширин,
аммо кейин оғиз тупроқ билан тўлади.
18Маслаҳат билан режа туз,
ақлли йўл–йўриқ билан уруш олиб бор.
19Чақимчи сирларни очади,
оғзи бўш одам билан алоқада бўлма.
20Ким ота–онасини лаънатласа,
унинг чироғи зулматда ўчиб қолади.
21Бошида шошилиб олинган мерос
оқибатда барака келтирмайди.
22Ёвузлик учун қасос оламан демагин,
Эгамизга умид боғлаб кутгин,
У сени қутқаради.
23Икки хил тарози тоши Эгамизга жирканчдир,
ёлғон тарози ҳам яхши эмас.
24Инсоннинг қадами — Эгамиздан,
шундай экан, у ўз йўлини қандай тушунсин?!
25Ўйламасдан Худога ваъда берган киши,
аҳд қилгандан кейин иккиланган одам тузоқдадир.
26Доно шоҳ ёвузларни ажратиб,
уларнинг устидан тегирмон тоши юргизади.
27Одамнинг руҳи — Эгамизнинг чироғи,
вужуднинг барча чуқурликларини текшириб туради.
28Севги ва садоқат шоҳни асрайди,
ўша иноят туфайли унинг тахти мустаҳкамдир.
29Қувват йигит кишининг ғуруридир,
оқарган сочлар эса кексанинг шуҳратидир.
30Қамчининг жароҳати ёмонликка даводир,
калтак зарби вужуднинг энг чуқур жойларини тозалайди.
Copyright information for UznUzbC