Psalms 139
1Ижрочилар раҳбарига. Довуд саноси.2Ёмонлардан мени қутқар, эй Эгам,
Зўравонлардан ҳимоя қил мени.
3Улар юракларида қабиҳликни қасд қилади,
Доимо уруш–жанжалларни қўзғайди.
4Улар тилларини илондай ўткир қилади,
Тилларидан илон заҳри томади.
5Эй Эгам, мени қабиҳларнинг қўлидан қутқар,
Йиқитмоқчи бўлган зўравонлардан мени ҳимоя қил.
6Такаббурлар мен учун тузоқ қўйганлар,
Улар тўрларининг ипларини ёйганлар,
Йўлим бўйлаб менга қопқон қўйганлар.
7Эй Эгам, Сенга айтаман: “Сен Менинг Худойимсан.”
Қулоқ сол, эй Эгам, Сенга илтижо қиламан.
8Эй Эгам Раббий, қудратли нажоткорим!
Жанг кунида бошимни омон сақладинг.
9Эй Эгам, фосиқнинг истагини бажо қилмагин,
Уларнинг қабиҳ режаларига омад бермагин,
Улар мағрурланиб кетмасин.
10Атрофимни ўраб олганларнинг таҳдидлари,
Ўзларининг бошига келсин.
11Ёнаётган кўмир чўғи ўзларига ёғилсин,
Улар оловга, ифлос чуқурларга улоқтирилсин–у,
Асло қайтиб чиқмасин.
12Туҳматчиларга юртда асло жой бўлмасин, кўкармасин,
Фалокат золимнинг изидан тушиб, уни йўқ қилсин.
13Биламан, эй Эгам, мазлумни ҳимоя қиласан,
Бечораҳолни адолат ила қўллаб–қувватлайсан.
14Солиҳлар албатта Сенга шукрона айтади,
Тўғри инсонлар ҳузурингда истиқомат қилади.
Copyright information for
UznUzbC