Psalms 146
1Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!Нақадар яхшидир Худойимизни тараннум этмоқ!
Нақадар лаззатли, муносиб Унга ҳамду сано айтмоқ!
2Эгамиз Қуддусни қайтадан қуради,
Сургундагиларни Исроилга йиғади.
3Эзилган кўнгилларга У шифо беради,
Уларнинг яраларига малҳам қўяди.
4Юлдузларнинг сонини У аниқлаб чиқади,
Уларнинг ҳаммасига ном беради.
5Раббимиз буюкдир, қудрати азимдир,
Унинг донолиги чексиздир.
6Эгамиз мазлумларни юксалтиради,
Фосиқларни эса ерга уриб эзади.
7Эгамизга шукрона айтиб тараннум қилинг,
Худойимизга атаб лирада куй чалинг.
8У самоларни булутлар ила қоплайди,
У ерни ёмғир билан таъминлайди,
Қир–адирларда ўт–ўлан ўстиради.
9У ҳайвонларнинг ризқ–рўзини беради,
Қарға болалари қағиллаганда уларга озиқ беради.
10У отларнинг кучидан завқ олмайди,
Сипоҳнинг кучли оёқларидан хушланмайди.
11Эгамиз Ўзидан қўрққанлардан хушланади,
Унинг содиқ севгисига умид қилганлардан мамнун бўлади.
Copyright information for
UznUzbC