Psalms 70
1Эй Эгам, Сенда мен паноҳ топаман,Шарманда бўлишимга асло йўл қўймагин.
2Адолатлисан, мени халос қил, қутқаргин,
Қулоқ тут менга, нажот бергин.
3Менинг паноҳ қоям бўлгин,
Ҳар доим Сенга бора олай.
Мени қутқармоқ учун амр бердинг.
Чиндан ҳам, Сен суянган қоямсан, қалъамсан.
4Эй Худойим, фосиқнинг қўлидан мени қутқаргин,
Адолатсиз, золим одамнинг исканжасидан қутқаргин.
5Сен, эй Эгам Раббий, менинг умидимсан,
Ёшлигимдан Сенга умид боғлаганман.
6Туғилганимдан буён Сенга суяндим,
Онамнинг қорнидан мени олиб чиққансан,
Доимо Сенга ҳамду сано айтаман.
7Ҳаётим кўпчиликка ўрнак бўлди,
Чунки Сен менинг мустаҳкам паноҳимсан.
8Оғзимдан асло тушмас Сенга ҳамду санолар,
Кун бўйи шуҳратингни эълон қиламан.
9Кексайган чоғимда мени ташлаб қўймагин,
Қувватим кетганда, мени тарк этмагин.
10Ахир, душманларим менга қарши тил бириктиради,
Бирга фитна қилиб, мени ўлдирмоқчи бўлади.
11Душманларим айтар: “Худо тарк этган уни,
Қувинглар, ушланглар уни,
Уни қутқарадиган ҳеч кимса йўқдир.”
12Эй Худо, мендан узоқ кетмагин,
Тез кел, эй Худойим, менга мадад бер!
13Мени айбловчилар шармандаликдан ерга кириб кетсин,
Менга зарар етказмоқчи бўлганлар
Масхара бўлсин, бадном бўлсин.
14Мен эса доимо Сенга умид боғлайман,
Янада кўп ҳамду сано айтаман.
15Менга қилганларингдан ҳайратга тушдим,
Адолатингни ҳар кимга ҳикоя қилавераман,
Нажотингни кун бўйи сўйлайвераман.
16Қудратли ишларингни мадҳ қиламан, эй Эгам Раббий,
Ёлғиз Сенинг одиллигингни мадҳ қиламан.
17Эй Худо, ёшлигимдан Сен менга таълим бергансан,
Ажойиб ишларингни ҳамон айтиб юраман.
18Сочларим оқариб, кексайганимда,
Мени тарк этмагин, эй Худо!
Келгуси авлодларга кучинг ҳақида айтай,
Мендан кейин келадиганларга
Қудратинг ҳақида айтиб берай.
19Адолатинг самоларга етади, эй Худо,
Буюк ишлар қилдинг Сен,
Сенга ўхшаган ким бор, эй Худо?!
20Дучор қилдинг мени кўп кулфат, азобларга,
Мени яна ҳаётга қайтарасан,
Ер остидан яна мени чиқариб оласан.
21Шуҳратимни яна юксалтирасан,
Менга яна таскин берасан.
22Арфа чалиб, Сенга ҳамду сано айтаман,
Сенинг садоқатингни куйлайман, эй Худойим.
Лира чалиб, Сени тараннум қиламан,
Эй Исроил халқининг Муқаддас Худоси!
23Сени мадҳ қилиб куйлаганимда,
Шодликдан ҳайқираман.
Мени Сен қутқаргансан.
24Менга зарар етказмоқчи бўлганлар
Шармандаи шармисор бўлдилар.
Кун бўйи тилим адолатинг ҳақида сўйлайди.
Copyright information for
UznUzbC