‏ Psalms 93

1Эй Эгам, Сен қасоскор Худосан,
Эй қасоскор Худо, нурингни соч!
2Қани, бўл, эй ер юзини ҳукм этгувчи,
Мағрурларнинг жазосини бер.
3Қачонгача фосиқлар тантана қилар?
Эй Эгам, қачонгача?

4Оғизларидан баландпарвоз сўзлар отилиб чиқяпти–ку!
Ҳамма бадкирдорлар мақтаняпти–ку!
5Эй Эгам, улар халқингни эзяпти,
Ўзинг танлаган элатингга зулм қиляпти.
6Бева, мусофирни улар ўлдиряпти,
Етимларни йўқ қиляпти.
7Улар айтяпти: “Эгамиз кўрмас,
Ёқубнинг Худоси эътибор бермас.”

8Тушуниб олинг, эй халқ орасидаги тентаклар.
Қачон сизларга ақл кирар, эй аҳмоқлар?!
9Қулоқни яратган эшитмайдими?!
Кўзни ато этган кўрмайдими?!
10Халқларга танбеҳ берувчи жазоламайдими?!
Унинг Ўзи инсонга ўргатади–ку!
11Эгамиз инсоннинг ниятини англайди,
Ниятларимиз беҳудалигини билади.

12Эй Эгам, бахтлидир Сенинг танбеҳингни олганлар,
Бахтлидир Сенинг қонунингдан ўрганувчилар.
13Ёмон кунлардан уларни Сен омон сақлайсан.
Фосиқ учун чуқур қазилгунча улар омон бўладилар.
14Эй Эгам, Ўз халқингни тарк этмайсан,
Ўзинг танлаган элатингни ташлаб қўймайсан.
15Ҳукмнинг асоси яна адолат бўлади,
Жамики покдиллар адолатни қўллаб–қуватлайди.

16Фосиқлардан ким мени ҳимоя қилади?
Бадкирдорларга қарши ким мен томон бўлади?
17Эй Эгам, агарда Сен менга ёрдам бермаганингда,
Менинг жоним тезда ўлим сукунатига чўкарди.
18“Оёқларим қоқилади”, деб ўйлаганимда,
Эй Эгам, содиқ севгинг мени қўллади.
19Ичим хавотирга тўлиб кетганда,
Сен берган тасалли менга қувонч келтирди.

20Золим ҳукмдорлар Худога шерик бўларми?!
Ахир, улар фармонлари билан кулфат келтиради–ку!
21Улар солиҳларга қарши бирлашади,
Гуноҳсизларни ўлимга маҳкум этади.
22Аммо Эгам менинг қалъамдир,
Менинг паноҳ қоям Худодир.
23Фосиқлиги учун Эгамиз уларни қириб ташлайди,
Гуноҳлари учун жазосини беради.
Ҳа, Эгамиз Худо уларни илдизидан қуритади.
Copyright information for UznUzbC