‏ Psalms 108

Ижрочилар раҳбарига. Довуд саноси.

1Сени олқишлайман, эй Худо,
Сукут сақламагин.
2Фосиқ, ёлғончилар менга қарши оғиз очган,
Ёлғончи тиллар билан менга қарши гапирар.
3Нафратга тўла сўзларни устимга ёғдирарлар,
Сабабсиз менга ҳужум қиларлар.
4Менга айб қўярлар дўстлигимга жавобан,
Ибодат қиламан ҳамон.
5Яхшилик эвазига менга ёмонлик қайтарарлар,
Дўстлигим эвазига менга адоват қиларлар.

6Фосиқни уларга қарши қўй,
Уларнинг ўнг томонида айбловчи турсин.
7Синалганда, улар айбдор бўлсин,
Уларнинг ибодати гуноҳ деб ҳисоблансин.
8Уларнинг умри қисқа бўлсин,
Ўрнини бошқаси олсин.
9Етим бўлиб қолсин болалари,
Бева бўлиб қолсин хотинлари.
10Болалари кулбасидан айрилиб, дарбадар бўлсин,
Нон излаб тиланчи бўлсин.
11Мол–ҳолини судхўрлар эгалласин,
Меҳнати самарасини бегоналар тортиб олсин.
12Бирон кимса уларга шафқат қилмасин,
Уларнинг етим болаларига ҳеч ким ачинмасин.
13Уларнинг насл–насаби қирилиб кетсин,
Бир наслдан сўнг номлари йўқ бўлсин.
14Эй Эгамиз! Оталари айбини эсга олгин,
Оналарининг гуноҳини ҳеч қачон унутмагин.
15Эй Эгамиз, уларнинг гуноҳидан доим хабардор бўлгин,
Ўша инсонларнинг хотирасини ер юзидан ўчиргин.
16Ахир, улар ҳеч қачон шафқат қилишни ўйламади.
Муҳтожларни, умидсизликка тушганларни,
Камбағалларни таъқиб қилди, ўлдирди.
17Улар лаънатлашни яхши кўрарди,
Энди лаънатлари ўзларининг бошига келсин.
Дуо қилишни ёқтирмасди,
Энди дуо улардан узоқ бўлсин
…келсин…бўлсин — ёки …келди…бўлди.
.
18Лаънатни улар кийимдай киярди,
Уларнинг танасига лаънат сув каби кирарди,
Суякларига мой каби сингарди.
19Ҳа, кийим кийгандай, улар лаънатга ўраниб олсин,
Лаънатни ҳар куни белга тақадиган камардай қилиб олсин.

20Эй Эгам! Менга қарши ёмон гапирувчиларга,
Мени айбловчиларга Сендан ана шулар мукофот бўлсин.
21Сен, эй Эгам Раббий,
Ўз номинг ҳақи менга мадад бер,
Эзгудир содиқ севгинг, мени қутқар.
22Мен бир бечора, йўқсилман,
Ичимда юрагим яралангандир.
23Оқшомги соядай йўқ бўлиб боряпман,
Чигирткадай мен улоқтирилганман.
24Рўза тутганимдан тиззаларимда дармон йўқ,
Этим суягимга ёпишиб қолган.
25Душманларим ҳақоратининг нишониман,
Мени кўрганларида масхаралаб, бошларини чайқашар.

26Эй Эгам Худо, менга мадад бергин,
Содиқ севгинг ҳақи мени халос қилгин.
27Буни Сенинг қўлинг қилганини душманларим билсин,
Эй Эгам, менга нажот берган Сен эканингни улар билсин.
28Майли, улар мени лаънатласин,
Сен эса менга барака берасан.
Улар ҳужум қилганда, шарманда бўлишсин,
Мен — қулинг эса шод–хуррам бўлай.
29Мени айбловчилар бадномликка буркансин,
Чопон кийгандай, шармандаликка ўрансин.

30Эгамга чексиз шукроналар айтаман,
Халойиқ орасида Унга ҳамду сано ўқийман.
31Эгамиз турар йўқсилларнинг ўнг томонида,
Уларни ўлимга маҳкум этганлардан қутқармоқ учун.
Copyright information for UznUzbC