‏ Psalms 58

1Ижрочилар раҳбарига. Шоул Довудни ўлдириш учун унинг уйини кузатишга киши юборгандан кейин
Шоул Довудни ўлдириш учун унинг уйини кузатишга киши юборгандан кейин… — 1 Шоҳлар 19:11-17 га қаранг.
, Довуднинг айтган қўшиғи. “Хароб этма” куйига айтилади.

2Ғанимларимдан мени қутқар, эй Худойим,
Менга қарши турганлардан ҳимоя қил мени.
3Бадкирдорлардан қутқаргин мени,
Қонхўрлардан сақлагин мени.

4Қара, улар мени пойлаб ётарлар,
Золимлар менга қарши фитна қиларлар,
Гарчи айбу гуноҳим бўлмаса–да, эй Эгам,
5Гарчи мен ҳақсизлик қилмасам–да,
Улар менга қарши ҳужум қилмоққа тайёр.
Қўзғал Ўзинг, аҳволимни кўр, кел ёрдамга.
6Эй Исроил халқининг Худоси,
Эй Парвардигори Олам — Эгам,
Қани, бўл, барча халқларни жазолагин,
Ёвуз сотқинларга шафқат қилмагин.

7Ғанимларим ҳар куни оқшомда қайтиб келади,
Итлардай увиллаб, шаҳар изғийди.
8Қара, оғизларидан қусуқ чиқади,
Тилларидан заҳар сўзлар чиқади,
“Ким ҳам бизни эшитарди”, дея ўйлайди.

9Улар устидан Сен куласан, эй Эгам,
Ҳамма халқларни Сен масхаралайсан.
10Сенга интизорман, эй Қудратим,
Сен менинг қалъамсан, эй Худо!
11Содиқ севгинг ила, эй Худойим, менга мадад берасан,
Кўзларимга душманларим мағлубиятини кўрсатасан.

12Уларни ўлдирма, халқим бу сабоқни унутиб қўяр,
Қудратинг билан уларни титрат,
Эй қалқоним Раббий, уларни кўтариб ур.
13Уларнинг оғзидан чиққан гуноҳлар учун,
Лабларидан чиққан сўзлар учун
Ўзларининг такаббурлиги орқали илинсин.
Улар айтадиган лаънат, ёлғон учун
14Ғазабинг ила уларни йўқ қилгин,
Битта ҳам қолдирмай қириб ташлагин.
Шунда эй Худо, Ёқуб насли устидан ҳукмрон эканлигинг
Ернинг тўрт томонида маълум бўлади.

15Ғанимларим ҳар куни оқшомда қайтиб келади,
Итлардай увиллаб, шаҳар изғийди.
16Овқат излаб, дайдиб юради,
Агар тўймасалар, ириллайди.

17Мен эса Сенинг қудратингни тараннум этаман,
Содиқ севгингни тонгда севинч ила куйлайман.
Сен менинг қалъам бўлгансан,
Кулфатда қолганимда паноҳимсан.
18Эй Қудратим, Сени куйлаб мадҳ қиламан,
Сен, эй Худо, менинг қалъамсан,
Содиқ севгисини кўрсатувчи Худосан.
Copyright information for UznUzbC