‏ Psalms 97

Сано.

1Янги бир қўшиқ айтинг Эгамизга!
Ахир, У ажойиб ишлар қилди.
Ўзининг ўнг қўли, муқаддас билаги билан зафар қозонди.
2Эгамиз зафарининг донғини таратди,
Халқларга нажотини намоён қилди.
3Исроил халқига бўлган севгисию садоқатини ёдида тутди.
Ернинг тўрт томони Худойимиз берган нажотни кўрди.

4Эй замин аҳли, Эгамизни олқишлаб, хитоб қилинг,
Севинчли куй–қўшиқлар ила Унга хитоб қилинг.
5Лира чалиб, Эгамизга ҳамду сано куйланг,
Лира чалиб, қўшиқлар айтинг.
6Карнайу бурғуларни чалинг,
Шоҳни — Эгамизни олқишлаб, хитоб қилинг.

7Жўш урсин денгизу ундаги ҳамма жонзот,
Жўш урсин оламу унда яшовчи ҳамма махлуқот.
8Эгамиз олдида дарёлар қарсак чалсин,
Қирлар бирга шодланиб қўшиқ айтсин.
9Зотан, Эгамиз ерда ҳукм этгани келмоқда,
У оламни тўғри ҳукм этади,
Адолат ила халқларни ҳукм қилади.
Copyright information for UznUzbC