Revelation of John 10
Фаришта ва кичкина ўрама қоғоз
1Мен самодан тушаётган бошқа кучли бир фариштани кўрдим. У булутга бурканган эди. Унинг боши узра камалак бор эди. Юзи қуёшдай порлар, оёқлари олов устунларидай ловуллаб турар эди. 2Унинг қўлида кичкинагина очилган ўрама қоғоз ▼▼ ўрама қоғоз — 5:1 изоҳига қаранг.
бор эди. У ўнг оёғини денгиз устига, чап оёғини ер юзига қўйганича, 3шер ўкиргандай қаттиқ ҳайқирди. У ҳайқирганда етти момақалдироқ ҳам тилга кириб, гулдурос овоз билан гапира бошлади. 4Етти момақалдироқ гапирганда, мен уларнинг гапларини ёзмоқчи бўлдим. Лекин самодан бир овоз шундай деди: — Етти момақалдироқнинг гапларини ёзма, уларни сир сақла! 5Денгиз ва ер юзида турган, мен кўрган фаришта ўнг қўлини осмонга кўтарди. 6– 7У то абад барҳаёт Худо ҳақи онт ичди. Еру осмонни, денгиз ва уларни тўлдирган жамики жониворларни яратган Худо ҳақи онт ичиб, шундай деди: — Худо пайғамбар қулларига Ўзининг сир тутган режасини маълум қилганди. Еттинчи фаришта карнай чалганда, Худо ўша режасини амалга оширади. Энди кечиктирмайди. 8Самодан келган овоз менга яна деди: — Бор, денгиз ва ер устида турган фариштанинг қўлидан очиқ ўрама қоғозни ол. 9Мен фариштанинг ёнига бориб: — Ўрама қоғозни менга беринг, — дедим. Фаришта менга деди: — Мана, ол! Уни егин! У ичингни ачитиб юборади, оғзингга эса асалдай ширин таъм беради. 10Мен ўрама қоғозни фариштанинг қўлидан олиб едим. У оғзимда асалдек ширин эди. Аммо уни ютганимдан кейин ичим ачишиб кетди. 11Сўнг менга шундай деб айтишди: — Сен яна кўп элатлар ҳақида, халқлар, миллатлару шоҳлар ҳақида башорат қилишинг керак.
Copyright information for
UznUzbC