Revelation of John 16
Худонинг ғазабига тўла етти коса
1Бундан кейин мен Маъбаддан келаётган баланд бир овозни эшитдим. Ўша овоз еттита фариштага шундай деди: “Боринглар, Худонинг ғазабига тўлиб–тошган етти косадаги балоларни ерга тўкинглар.” 2Биринчи фаришта бориб, косасидагини ерга тўкди. Махлуқнинг тамғаси босилган ва унинг тасвирига сажда қилган одамларда оғир, жирканч яралар пайдо бўлди. 3Иккинчи фаришта косасидагини денгизга тўкди. Денгиз ўликнинг қонига ўхшаб қолди. Денгиздаги ҳамма жониворлар қирилиб кетди. 4Учинчи фаришта косасидагини дарёларга ва булоқларга тўкди, улар ҳам қонга айланди. 5Сувлар учун масъул бўлган фариштанинг шундай деганини эшитдим:“Эй Муқаддас Худо,Сен бор бўлгансан, ҳозир ҳам борсан.
Сенинг чиқарган бу ҳукмларинг одилдир.
6Азизларинг ва пайғамбарларингнинг қонини тўкканларга
Сен қон ичирдинг, улар бунга лойиқдир.”
7Қурбонгоҳдан шундай бир овоз эшитилди:“Ҳа, Қодир Худо — Эгамиз!
Сенинг ҳукмларинг ҳақ ва адолатлидир.”
8Тўртинчи фаришта ўз косасини қуёш устига тўкди, қуёшга инсонларни олов билан ёндириш қудрати берилди. 9Жазирама иссиқ инсонларни куйдирганда, улар бу офатлар устидан ҳокимиятга эга бўлган Худони лаънатладилар. Улар қилмишларидан тавба қилмадилар, Худони улуғламадилар. 10Бешинчи фаришта косасидагини махлуқ тахтига тўкди, махлуқнинг салтанати зимистонга чулғаниб қолди. Одамлар чеккан азобидан тилларини тишлардилар. 11Яраларининг оғриғидан Самовий Худони лаънатлардилар. Аммо қилмишларидан тавба қилмадилар. 12Олтинчи фаришта косасидагини буюк Фурот дарёси устига тўкди. Дарёнинг суви қуриди. Шарқдан бостириб келадиган шоҳларга йўл очилди. 13Бундан кейин мен қурбақаларга ўхшаш учта ёвуз руҳни кўрдим. Улар аждарҳо, махлуқ ва сохта пайғамбарнинг ▼
▼ сохта пайғамбар — 13:11-17 да айтиб ўтилган иккинчи махлуқ назарда тутилган.
оғизларидан чиқаётган эдилар. 14Булар жинлар бўлиб, мўъжизали аломатлар кўрсата олардилар. Улар Қодир Худонинг улуғ кунида бўладиган жангга барча жаҳон шоҳларини тўплагани бордилар. 15Масиҳнинг шундай гапларини ёдингизда тутинг:“Мана, Мен ўғри каби ногаҳон келаман!
Ҳушёр турган киши бахтлидир,
Яланғоч юрмайин, шарманда бўлмайин деб,
Кийимини тахт қилиб қўйган киши бахтлидир!”
16Учта ёвуз руҳ жаҳон шоҳларини ибронийчадаги Хар–Магидўн деган жойга тўпладилар. 17Еттинчи фаришта косасидагини ҳавога тўкди. Маъбаддаги тахтдан: “Амалга ошди!” — деган баланд бир овоз келди. 18Шу вақт чақмоқ чақиб, момақалдироқнинг гулдурос садолари янгради, кучли зилзила бўлди. Зилзила шу қадар кучли эдики, ер юзида инсон яшагандан бери бунақаси бўлмаганди. 19Буюк шаҳар уч қисмга бўлиниб кетди. Бошқа халқларнинг шаҳарлари ер билан яксон бўлди. Худо буюк Бобил шаҳрини ▼
▼ Бобил шаҳри — 14:8 изоҳига қаранг.
ёдга олди. У Бобилга косадаги Ўзининг ғазаби шаробидан берди. 20Ҳар бир орол ўрнидан жилди, тоғлар кўздан ғойиб бўлди. 21Осмондан одамлар устига йирик дўл ёғилди. Ҳар бир дўл донасининг оғирлиги икки пуд ▼▼ икки пуд — юнонча матнда бир талант, тахминан 34 килога тўғри келади.
чиқарди. Бу даҳшатли дўл дастидан одамлар Худони лаънатлашарди.
Copyright information for
UznUzbC