‏ Revelation of John 21

Янги еру осмон

1Шундан кейин мен янги бир осмон ва янги бир ерни кўрдим. Аввалги еру осмон ғойиб бўлган эди, денгиз ҳам энди йўқ эди. 2Мен муқаддас шаҳар — янги Қуддусни кўрдим. Қуддус самодан, Худо ҳузуридан тушиб келаётган эди. У куёви учун безаниб олган келинчакка ўхшар эди. 3Мен тахтдан баланд бир овоз келганини эшитдим. Ўша овоз деди:

“Худонинг маскани инсонлар орасидадир!
У энди одамлар орасида яшайди,
Улар Худонинг халқи бўладилар.
Худонинг Ўзи улар билан бирга бўлади.
4Худо уларнинг кўзидаги ҳар бир томчи ёшни артиб қўяди.
Энди ўлим мавжуд бўлмайди,
Ҳеч ким қайғурмайди, йиғламайди, азоб чекмайди.
Зеро, аввалгилар ўтиб кетди.”

5Тахтда ўтирган Зот шундай деди: “Мана, Мен ҳаммасини янги қилиб яратяпман!” Кейин У менга деди: “Буларни ёзиб қўй. Ахир, бу сўзлар ишончли ва тўғридир!” 6Сўнг менга яна деди: “Амалга ошди! Ибтидо ва Интиҳо
Ибтидо ва Интиҳо — юнонча матнда Алфа ва Омега, яъни юнон алифбесининг биринчи ва сўнгги ҳарфлари.
, Боши ва Поёни Ўзимман. Чанқаганга Мен булоқдаги ҳаётбахш сувдан ичираман. Бунинг эвазига у ҳеч қандай тўлов бермайди.
7Ғолиб келганларга бу баракалар насиб бўлади. Мен унинг Худоси бўламан, у Менинг ўғлим бўлади. 8Аммо қўрқоқ, имондан қайтган, ифлос, қотил, бузуқ, жодугар, бутпараст ва ҳамма ёлғончиларнинг қисмати олов ва олтингугурт билан ёнаётган кўлдадир. Бу иккинчи ўлимдир
иккинчи ўлим — дўзахга, Худодан то абад ажралишга ишора. Биринчи ўлим инсоннинг жисмоний ўлимидир.
.”

Янги Қуддус

9Шу пайт мен охирги етти балога тўлдирилган еттита косани ушлаган етти фариштадан бирини кўрдим. У олдимга келиб, менга деди: “Бу ёққа кел! Мен сенга келинни, Қўзининг хотинини кўрсатаман.”

10Муқаддас Руҳ мени қамраб олди ва фаришта мени баланд бир тоғнинг чўққисига олиб чиқди. У менга самодан, Худо ҳузуридан тушаётган муқаддас шаҳар — Қуддусни кўрсатди. 11Шаҳар Худонинг улуғворлигига тўлиб, қимматбаҳо жавоҳирдай, биллур каби мусаффо бўлган яшма тошидай ярқирарди. 12Қалин ва баланд девор билан ўралган бу шаҳарнинг ўн икки дарвозаси бор эди. Ҳар бир дарвозани биттадан фаришта қўриқларди. Дарвозаларда Исроил халқининг ўн икки қабиласи номлари ёзилганди. 13Дарвозаларнинг учтаси шарқда, учтаси шимолда, учтаси жанубда ва учтаси ғарбда жойлашган эди. 14Шаҳар деворларининг ўн иккита пойдевори бор эди. Пойдеворларга Қўзининг ўн икки ҳаворийси исмлари ёзилганди.

15Менга гапирган фариштанинг қўлида олтин чизғичи бор эди. Бу чизғич шаҳарни, унинг дарвозаларию деворини ўлчаш учун эди. 16Шаҳар тўртбурчак шаклда бўлиб, узунлиги билан эни бир хил эди. Фаришта чизғичи билан шаҳарни ўлчади, шаҳарнинг эни 12.000 ўқ отими
12.000 ўқ отими — юнонча матнда 12.000 стадион, тахминан 2250 километрга тўғри келади. Бу шаҳар катта куб шаклида тасвирланган, бу тимсол унинг катталигига, баркамоллигига ва чиройига ишора қилади.
экан. Унинг узунлиги билан баландлиги ҳам шундай эди.
17Сўнг фаришта шаҳарнинг деворини ўлчади. Деворнинг баландлиги
баландлиги — ёки қалинлиги.
144 тирсак
144 тирсак — тахминан 65 метрга тўғри келади.
чиқди. Фаришта инсоний ўлчовдан фойдаланганди.
18Шаҳар девори яшма тошидан қурилганди. Шаҳарнинг ўзи эса шишадай тиниқ, соф олтиндан эди. 19Шаҳар деворларининг пойдеворлари турли қимматбаҳо тошлар
турли қимматбаҳо тошлар — юнонча матнда айтиб ўтилган баъзи қимматбаҳо тошларнинг тури баҳсли.
билан безатилган эди: биринчи пойдевор яшмадан, иккинчиси кўк ёқутдан, учинчиси агатдан, тўртинчиси зумраддан эди.
20Бешинчиси ақиқ, олтинчиси лаъл, еттинчиси хризолит, саккизинчиси берилл, тўққизинчиси топаз, ўнинчиси забаржад, ўн биринчиси ложувард, ўн иккинчиси аметистдан эди. 21Ўн икки дарвоза ўн икки марвариддан иборат эди. Ҳар бир дарвоза битта марвариддан ясалган эди. Шаҳарнинг шоҳ кўчаси соф олтиндан бўлиб, шишадай мусаффо эди.

22Мен бу шаҳарда Маъбад кўрмадим. Зотан, Қодир Худо — Эгамизнинг Ўзи ва Қўзи шаҳарнинг Маъбадидир. 23Шаҳарни ёритиш учун қуёшга ёки ойга эҳтиёж ҳам йўқ. Чунки Худонинг улуғворлиги уни ёритади, Қўзининг Ўзи унинг чироғи бўлади. 24Халқлар шаҳарнинг нурида юришади. Ер юзи шоҳлари унга ўз бойликларини келтиришади. 25Шаҳар дарвозалари кун бўйи ёпилмайди, у ерда тун бўлмайди. 26Халқларнинг улуғвор хазиналари унга киритилади. 27Лекин ҳеч қандай ҳаром нарса, жирканч ишлар қиладиган ёки ёлғон гапирадиган биронта киши унга кирмайди. Фақат Қўзининг ҳаёт китобида
ҳаёт китоби — 3:5 изоҳига қаранг.
ёзилганлар кирадилар.
Copyright information for UznUzbC